ЎзА Ўзбек

20.05.2019 Чоп этиш версияси

Сувайш канали ҳақида нималарни биламиз?

Сувайш канали ҳақида нималарни биламиз?

Сувайш каналининг янги ирмоғи 2015 йилнинг 6 август куни фойдаланишга топширилганди. Янги йўналиш бундан бир аср аввал фойдаланишга топширилган канал билан бир қаторда фаолият юритмоқда. Эски канал бир йилда Миср хазинасига 5 миллиард доллар миқдорида даромад келтиради. Бу - даромад масаласида Миср учун сайёҳлик соҳасидан кейин иккинчи ўринда туришни англатади.

Сувайш канали Европани Осиё билан боғловчи муҳим транспорт йўлаги ҳисобланади. Агар бу канал бўлмаганда эди, кемалар 8 минг километр йўл босиб, Африкани айланиб ўтарди. Бир йилда каналдан ўн минглаб, бир кунда 48 та кема ўтади. Масофа 14 соатда босиб ўтилиши айтилади.

Сувайш канали Ўрта ер ва Қизил денгизларини бир бири билан боғлайди. Синай ярим оролидан ўтувчи Сувайш каналининг узунлиги 160 километр, эни эса 350 метрни ташкил қилади. Бу канал Ўрта ер денгизидаги Порт-Саид шаҳридан бошланиб, Қизил денгиздаги Сувайш портида ниҳоясига етади. Канал маъмурияти Порт-Фуадда жойлашган.

Тарихчиларнинг фикрича, фиръавнларнинг ўн иккинчи сулоласи вакили Сенусерт III даврида эрамиздан аввалги 1888-1878 йилларда ғарбдан шарққа томон канал қаздирмоқчи бўлган. Ундан кейин эса қудратли фирьавнлар Рамзес II ва Нехо Иккинчилар ҳам бу ишни амалга оширмоқчи бўлган. Тарихчи Геродотнинг ёзишича, Нехо Иккинчи Нилдан то Қизил денгизгача канал қурмоқчи бўлган ва бу режасини охирига етказа олмаган. Канал Форс подшоҳи Доро Биринчи томонидан эрамиздан аввалги 500 йилда фойдаланишга топширилган. Эрамизнинг 776 йилида араб ҳукмдорлари бу канални тупроқ билан тўлдириб ташлади. 1569 йилда канални қайта қазиш масаласи кун тартибига қўйилади. Бироқ бу режа қоғозда қолиб кетади.

1798 йилда Мисрга келган Наполеон Бонапарт канал қурилиши имкониятларини ўрганиб чиқиш борасида кўрсатма беради. Бу борада махсус комиссия ташкил этилди. Бироқ инженер Лепер бошчилигидаги бу комиссия нотўғри хулосага келади. Лойиҳа амалга ошмайди. Бунга нафақат техник ва молиявий қийинчиликлар, балки сиёсий жараёнлар ҳам сабаб бўлди. Яъни 1800 йилда Наполеон Мисрни забт этиш ниятидан қайтади ва канал қуришга эҳтиёж қолмайди. 1841 йилда Буюк Британия зобитлари Лепернинг хатосини аниқлашади.

photo5411552432846121692.jpg

1855 йилда франциялик дипломат Фердинанд де Лессепс канал қурилиши учун Миср вице-қироли Саид-пошшодан ижозат олади. Саид Пошшо канал қурилиши учун компания ташкил этилишига рухсат берди. Бу компания 1859 йилда Парижда ташкил этилди. Айни ўша йили канал қурилиши бошлаб юборилди. Акцияларнинг 44 фоизи Миср ҳукуматига, 53 фоизи Францияга, 3 фоизи эса бошқа мамлакатларга тегишли эди. Канал қурилиши қийинчиликлар билан олиб борилди. Ишчиларга ичимлик суви етказиб берилиши учунгина 1 минг 650 та туядан фойдаланилди. Канал қазилишига асосан мисрликлар жалб қилинди. 10 йил мобайнида бу ерда ҳар ойда ўртача 60 мингга яқин кишининг меҳнат қилгани айтилади. Уларнинг кўпчилиги турли касалликлар оқибатида ҳалок бўлди. Канал расман 1869 йилнинг 17 ноябрь куни очилди. Тадбирда Франция императори Наполеон Учинчининг рафиқаси Евгения, Австрия-Венгрия императори Франц Иосиф I, Голландия ва Пруссия шаҳзодалари иштирок этди. Миср тарихида бу каби тантаналар қайд қилинмагани айтилади. Байрам тадбирлари етти кеча-кундуз давом этди. Бироқ италиялик композитор Жузеппе Верди берилган буюртмани ўз вақтида бажара олмади. У мазкур воқеага бағишлаб “Аида” операсини ёзиши керак ва бу асар канал очилишида ижро этилиши лозим эди. Аммо опера ўрнига катта байрам концерти бўлиб ўтди.

Канал жаҳон сиёсати ва савдосига беқиёс таъсир кўрсатди. Канал Африка қитъасини босиб олиш жараёнларини тезлаштирди. 1875 йилда канал Буюк Британияга сотилди. Миср канал бошқаруви ва даромадларидан четлатилгани боис канал Англия-Франция корхонасига айланди. Амалда канал хўжайини Буюк Британия эди. Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари даврида Буюк Британия каналдан кемаларнинг сузишини ўз назоратига олди.

1956 йилнинг 26 июлида Миср Президенти Жамол Абдулносир канални давлат ихтиёрига олишга қарор қилди. Бу Буюк Британия, Франция ва Исроил ҳарбийларининг Мисрга ҳужум қилишига олиб келди. Бир ҳафталик уруш мобайнида канал қисман вайрон бўлди, кемалар эса чўктирилди. Натижада канал БМТ ёрдами билан тозаланмагунга қадар, яъни 1957 йилнинг 24 апрелига қадар фаолиятини тўхтатди. 1967 йилги Олти кунлик урушдан кейин канал яна беркитилди.

photo5411552432846121693.jpg

1981 йилда канални реконструкция қилиш лойиҳасининг биринчи босқичи ишга туширилди. 2005 йилда яна Сувайш каналини таъмирлаш жараёни бошланди.

Шуни таъкидлаш керакки, АҚШ рамзларидан бири бўлмиш Нью Йоркдаги “Озодлик” ҳайкали аввалига Порт-Саидда “Осиё маёғи” номи остида ўрнатилиши керак эди. Аммо Мисрнинг ўша вақтдаги раҳбарлари Франциядан олиб келинадиган ҳайкал конструкциялари қимматга тушишини айтиб, ундан воз кечди.

Айни дамда денгиз юкларининг 10 фоизга яқини Сувайш каналидан олиб ўтилади. Қоидага кўра, каналдан Миср билан уруш ҳолатида бўлмаган барча мамлакатларнинг кемалари ўтиши мумкин. Атом қуроллари бўлган кемаларнинг каналдан ўтиши тақиқланган.

3 435
Ш.ТЎЛАГАНОВ, ЎзА