ЎзА Ўзбек

29.09.2017 18:24 Чоп этиш версияси

Сайёҳликни ривожлантириш дастури муҳокама қилинди

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти кенгаши ва халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳининг кенгайтирилган йиғилишида “2016-2017 йилларда Наманган вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури” ижроси муҳокама қилинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида туризмни ривожлантириш, соҳанинг қонунчилик базасини такомиллаштириш, мавжуд қонунлар ижросини назорат қилиш борасида сиёсий партиялар олдида турган устувор вазифалар белгилаб берилган эди.
– Давлатимиз раҳбари мазкур йиғилишда ҳар бир сиёсий партия ўз дастуридаги вазифалардан келиб чиқиб, ҳамкорлик қиладиган вазирлик ва қўмиталарни аниқлаб олиши, улар билан тизимли ва доимий ишлаши лозимлигини таъкидлади, – дейди партиянинг халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари О.Маматкаримов. – Шунга мувофиқ, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Маданият вазирлиги билан ҳамкорлик меморандумлари имзолаб, тегишли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқди. Энди партия ҳудудий ташкилотлари ҳам мазкур вазирлик ва қўмиталарнинг ҳудудий бошқармалари билан амалий ҳамкорликни йўлга қўймоқда.

Вилоятда туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан соҳага дахлдор ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботи эшитилди. Вилоят ҳудудида сайёҳлик манзиллари, тарихий ёдгорликлар, моддий-маданий мерос объектлари кўп. Косонсойдаги Муғтепа шаҳристони, Наманган шаҳридаги Мулла Қирғиз мадрасаси, Чортоқ туманидаги Султон Увайс Қараний, Поп туманидаги Мунчоқтепа, Тўрақўрғондаги Ахсикент, Уйчи туманидаги Даҳякота каби муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар шулар жумласидандир.

Вилоятда ички туризмни ривожлантириш, янги туристик хизматлар ва йўналишлар ишлаб чиқиш, соҳага ахборот технологияларини кенг жорий этиш, сайёҳларга замонавий ва сифатли банк хизматлари кўрсатиш, туризм йўналишида кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш, янги меҳмонхоналар қуриш каби чора-тадбирлар учун 19 миллиард 716 миллион сўмдан зиёд маблағ ажратилган. 22 туризм объектида амалга оширилган ишлар ҳолатини ўрганиш юзасидан халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларидаги партия гуруҳи аъзоларидан масъуллар бириктирилган.

Айни кунларда вилоят кўп тармоқли тиббиёт, кардиология, эндокринология, онкология, перинатал марказлари томонидан тиббий туризмни ривожлантиришга қаратилган таклифлар ўрганилмоқда. Меҳмонхоналарда тиббиёт хоналари ташкил этиш, патронаж ҳамширалари навбатчилигини йўлга қўйиш чоралари кўрилмоқда.

Поп, Чуст, Косонсой, Янгиқўрғон ва Чортоқ туманларида туризмни ривожлантириш мақсадида мавжуд электр тармоқлари ва қурилмалари реконструкция қилинмоқда. Жумладан, ушбу ҳудудлардаги 100 трансформатор пунктида таъмирлаш ва реконструкция ишлари бажарилди. 12 кичик қувватли трансформатор катта қувватлисига алмаштирилди. Туризм соҳасини ривожлантириш дастурига киритилган лойиҳалар тижорат банклари томонидан молиялаштирилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида соҳага 3 миллиард 700 миллион сўм кредит маблағлари йўналтирилган.

Йиғилишда соҳада эришилаётган натижалар билан бирга, камчилик ва муаммолар ҳам борлиги таъкидланди.

– Бугунги кунда вилоятда 282 маданий мерос обеъкти рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг ягона реестрини тузиш учун маданий мерос объекларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш давлат инспекцияси томонидан қайта хатловдан ўтказиш, уларнинг паспортини яратиш, рус ва инглиз тилларида маълумотлар базасини ишлаб чиқиш юзасидан қилинган ишлар ниҳоясига етказилмаган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Наманган вилоятидаги ваколатли вакили Ҳ.Ғайбуллаев. – Туристларга қўшимча қулайликлар яратиш учун “Наманган халқаро аэропорти” ҳамда “Дўстлик” теннис корти мажмуаси биносида Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва “Саноатқурилишбанк” вилоят филиаллари томонидан ташкил этилган валюта айирбошлаш шохобчалари иш фаолияти давомийлиги ва самарадорлигини таъминлаш керак. Маданият ва туризм фаолияти бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Бироқ, вилоятда бу икки тизимнинг ўзаро ҳамкорлигини қониқарли, деб бўлмайди.

Тадбирда келгусида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессияларида тегишли ҳоким ўринбосарлари ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Наманган вилоятидаги ваколатли вакилининг жойларда туризм соҳаси ва сайёҳлик инфатузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисоботи эшитувини йўлга қўйиш ҳақида қарор қабул қилинди.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
9 073