ЎзА Ўзбек

07.10.2014 16:57 Чоп этиш версияси

Сайёҳлик ва ижтимоий ҳамкорлик

Сайёҳлик ва ижтимоий ҳамкорлик

“Ипак йўлидаги туризм” XX Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси доирасида “Туризм соҳасида ижтимоий ҳамкорлик: таълим ва иш билан таъминлаш” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди. 

“Ўзбектуризм” миллий компанияси, Республика илмий-ўқув консалтинг маркази, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар, сайёҳлик фирма ва компаниялари вакиллари, олим ва мутахассислар, талабалар иштирок этди.

“Ўзбектуризм” миллий компанияси раиси Ф.Ризаев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси А.Маматов, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ж.Эдгар ва бошқалар Президент Ислом Каримов раҳнамолигида сайёҳликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида кадрлар тайёрлаш, мутахассислар малакасини ошириш, хизмат кўрсатишни янада яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.  

9c (3).JPG 

Давлатимиз раҳбарининг 1999 йил 30 июнда қабул қилинган “Ўзбекистонда туризм соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ бу борада самарали тизим йўлга қўйилган. Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг халқаро туризм факультети, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис ҳамда пойтахтимиздаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтлари, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларидаги туризм йўналишидаги коллежларда сайёҳлик маркетинги ва менежменти, хизмат кўрсатиш, халқаро туризм, меҳмонхона хўжалиги ва ресторан иши йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланмоқда. Мунтазам ўтказилаётган бўш иш ўринлари ярмаркалари битирувчиларга сайёҳлик фирма ва компаниялари фаолияти билан яқиндан танишиш, иш таклиф этувчиларга юқори малакали кадрларни танлаш имконини бераётир.

“Ўзбектуризм” миллий компаниясининг Республика илмий-ўқув консалтинг маркази ҳам юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва касб маҳоратини оширишда муҳим ўрин тутади. Марказ томонидан гидлар, туроператор ва меҳмонхона хўжалиги ходимлари тайёрланмоқда. 

Малакали кадрлар тайёрлаш борасида ижтимоий ҳамкорлик ҳам ривожланмоқда. Хусусан, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ва Британия Кенгашининг “Инглиз тили туризм учун” номли қўшма лойиҳаси доирасида туризм коллежлари ўқитувчиларининг малакасини ошириш, соҳага оид ўқув дастурларини такомиллаштиришга қаратилган тренинглар ўтказилмоқда.

Форум қатнашчиларига мамлакатимизда туризм таълимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. 

– Президент Ислом Каримовнинг БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг Самарқандда ўтган 99-сессияси очилиш маросимидаги нутқи менда катта қизиқиш уйғотди, – дейди Вьетнамнинг “Asia Master Travel” компаниясининг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича вакили Ха Туен Нгок. – Давлатингиз раҳбари нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёда туризмни ривожлантиришга доир фикр-мулоҳазалар билдирди. Жумладан, юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масаласи туризм соҳасини ривожлантиришнинг энг муҳим ва ҳал қилувчи омили бўлиб қолаётганини таъкидлади. Ўзбекистонда бу соҳада профессионал кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор. Бу борадаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашиш барча мамлакатлар учун фойдали бўлади. Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси доирасида шу мавзуга бағишланган халқаро форум ташкил этилгани бизга жуда маъқул бўлди. 

– Компаниямиз Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида учинчи марта иштирок этмоқда, – дейди Таиланднинг “Sayama Travel Group” компанияси савдо директори Валентина Малая. – Таиландда Ўзбекистонга ташриф буюришни истовчилар жуда кўп. Ярмаркада Ўзбекистондаги барча вилоятларнинг сайёҳлик салоҳияти билан танишиб, мамлакатингизда туризмнинг жуда кўплаб йўналишлари изчил тараққий этаётганига амин бўлдик. Ўзбекистоннинг кўплаб туроператорлари билан ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдормиз.

Юртимиз сайёҳлик саноатининг тараққиётида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Улар янги туристик маршрутларни ишлаб чиқиш, тарихий-археологик боғлар барпо этиш, сайёҳларга замонавий хизмат кўрсатиш, ҳунармандликни ривожлантиришда фаол иштирок этмоқда. Бунинг натижасида кўплаб янги иш ўринлари ташкил этилмоқда, халқимиз фаровонлиги янада ошмоқда.

– Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 30 мартдаги “Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони ҳунармандларга катта имкониятлар берди, – дейди қашқадарёлик ҳунарманд Сожида Мўминова. – Ярмаркада ўзим тиккан миллий либослар, ҳамён, сумка, белбоғ каби маҳсулотлар билан иштирок этяпман. Ушбу ҳунаримни қизларимга ҳам ўргатганман. Ўнга яқин шогирдим бор. Маҳсулотларимиз кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Ярмарка доирасида кўплаб маҳаллий ва хорижий фирма ва компаниялар билан шартномалар тузишга муваффақ бўлдик. Бундай кўргазмалар тадбиркорлик фаолиятимизни янада кенгроқ йўлга қўйишда, маҳсулотларимизни хорижий давлатларга экспорт қилишда қўл келади. 

Форум иштирокчилари хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, мамлакат сайёҳлик салоҳиятини янада оширишда соҳа мутахассислари малакаси муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси доирасида таълим туризмини ривожлантиришга бағишланган қатор тадбирларнинг ўтказилаётгани бу йўналишдаги ишларни такомиллаштиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Анжуманда туризм соҳасида ижтимоий ҳамкорликни ривожлантириш, ўқув муассасалари билан иш таклиф этувчилар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, бу борадаги халқаро тажрибани ўрганиш ва тизимни такомиллаштириш каби қатор масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Халқаро форум доирасида сайёҳлик хизматлари сифатини оширишда касб таълимининг аҳамиятига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция ҳамда туризм соҳасида ижтимоий ҳамкорлик масалаларига оид давра суҳбати ўтказилди. 

Нодира Манзурова, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА
13 359