ЎзА Ўзбек

15.04.2019 20:42 Чоп этиш версияси

Сайёҳлик кўргазмаси иштирокчиси: “Ўзбек-грек халқи ака-ука”

Сайёҳлик кўргазмаси иштирокчиси: “Ўзбек-грек халқи ака-ука”

Пойхтимизда “Tashkent Travel Mart” “В2В” форматидаги сайёҳлик кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. 

Юртимизда биринчи марта ўтказилаётган мазкур тадбирда туризм соҳасида фаолият юритаётган юзга яқин ташкилот вакиллари билан бирга хорижий авиакомпаниялар иштирок этмоқда. 

Озарбайжон, Греция, Грузия, Швейцария, Испания, Италия, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея каби давлат вакиллари шулар сирасидандир. 

– Мақсад туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини учраштириш, улар ҳамкорликда сайёҳларни юртимизга олиб келиши ва биздан хорижга сайёҳатлар ташкил қилиши борасида келишувларга эришишини таъминлаш, – дейди Ўзбекистон хусусий туризм ташкилотлари уюшмаси раиси Гулчеҳра Исроилова. – Нега, В2В формати? Чунки, бундай шаклдаги учрашувлар хорижда кенг оммалашган. Бунда қисқа фурсатда кўплаб ҳамкорлар билан ишлаш, танишиш мумкин бўлади. Тўғрисини айтганда, кейинги икки йилда туризм соҳасида туб ўзгаришлар бўлмоқда. Бу жараённи хорижлик ҳамкорлар ҳам кўриб, кузатиб бормоқда. Сайёҳлик хизматлари жамланган бозоримизга киришга ҳаракат қилмоқда. Мисол учун. Греция ҳаво йўллари Греция ва Ўзбекистон ўртасида тўғридан - тўғри авиа қатновни амалга оширмоқчи. Россиянинг йирик ҳаво йўллари компанияси ҳам қизиқиш билдирмоқда. Биз келгусида тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратиб, соҳага инвестиция жалб қилмоқчимиз.

Бизга келаётган сайёҳларнинг аксарияти 50 ёшдан ошган ва келгусида ёшларни ҳам юртимизга кўпроқ жалб қилиш ниятимиз бор. Шу боис нафақат тур операторлар, балки меҳмон уйларини ҳам ривожлантириш лойиҳаси асосида вилоятлардаги тадбиркорларни бепул ўқитиш лойиҳаси устида ишланмоқда. Бунда янгидан-янги тур маҳсулотлар ривожлантирилади. Ана шу асосда ёшларга мўлжалланган фаол туризм турларини ишлаб чиқамиз. Эко ва қишлоқ хўжалиги туризмини ҳам тарғиб килмоқчимиз. 

– Ўзбекистон кейинги йилларда иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан янада юксалиб бормоқда, – дейди “Оrange fly” авиакомпанияси менежери Тшеодоре Воутсасекин.– Бу диёрга биринчи келишим бўлса-да, компаниямиз вакиллари уч йилдан буён Ўзбекистон билан ҳамкорликда ишламоқда. Биз бугун сайёҳлик борасидаги энг катта форумда иштирок этиб, бир қатор фирмалар билан меморандум имзоладик. 

Ўзбек - грек халқлар бир-бирига қардош, ака-ука. Бунга сабаб, Александр Македонский Бақтрияга келганда аскарларининг бир қисми Марказий Осиёда қолганини ҳисобга олсак, ўзбек-грек халқлари биродар, деган фикрдаман.

Кўргазма ташкилотчилари хорижлик тур операторлар ва авиакампания вакилларининг Ўзбекистонга биринчи келишини ҳисобга олиб, эртага Самарқанд шаҳрига сайёҳат уюштирмоқчи. Бу эса юртимизнинг бой маданияти, тарихи ва туризм имкониятини кўрсатиш орқали унинг тарғиботини янада кенгайтиришга хизмат қилади. 

Сайёра Шоева, ЎзА
1 686