ЎзА Ўзбек

26.06.2019 10:54 Чоп этиш версияси

Сайёҳлик бўйича ҳамкорлик янги босқичда

Сайёҳлик бўйича ҳамкорлик янги босқичда

Инсон кўп нарсани англаши, юксалишни янги босқичга кўтариши учун дунё кўриши, ўзгаришларга эш тутиниши лозим. Балки шунинг учун ҳам: мусофир бўлмагунча... деган ақида юзага ҳам келгандир.

Лекин нима бўлганда ҳам ҳозирги ривожланиш шиддати сайёҳлик бобида ҳам ўрганадиган, қилиниши керак бўлган ишлар талайгина эканлигини кўрсатиб турибди. Аввало, ўзаро қардошлик алоқаларининг тўғри йўлга қўйилишидир. Юртимизда қўшни давлатлар билан қадрдонлик ришталарни мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани таҳсинга лойиқ, албатта.

Жумладан, Қирғизистон Республикаси билан ҳам ҳар жабҳада ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда. Биргина туризмни ривожлантиришга қаратилган икки томонлама дўстона шерикчилик муносабатлари кўнгилдагидек йўлга қўйилмоқда.

Сайёҳлик тизимининг барқарор тараққий этиши учун Тошкент-Томчи-Тошкент авиақатновининг йўлга қўйилаётганидир. “ Инспиро травел” (Қирғизистон), “Азия люкс травел” (Ўзбекистон) компаниялари ходимларининг сайёҳлик бўйича давлатлараро туристик йўналишдаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси билан юртимиздаги кўплаб оммавий ахборот воситалари учун Иссиқкўл туристик ҳудудига уюштирилаётган пресс-тур иштирокчилари Тошкентдаги “Миран Интернейшнл” меҳмонхонасидан замонавий русумдаги автобусда йўлга тушди.

Узоқ йўлда ўзига хос қийинчиликларга дуч келиниши турган гап. Айниқса,Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги олти соатдан ортиқ давом этган ўринсиз кутишлар кишини ўйга толдирди. Наҳотки, давлатлар ўртасидагиўтиш-қайтишда нохуш ҳолатларнинг олди олинмаган бўлса?!

Турнақатор бўлиб навбат кутаётган йўловчиларнинг бесабаб бундай кутишларидан маъни не?

Хуллас, кўплаб саволларимиз очиқлигича қолди: жавоб йўқ. Шундай экан, “яшил йўлак”нинг кимга ва нимага кераги бор?.. (Бу мавзуга кейинроқ тўхталиш режа қилдик. Ҳозирча шу: лекин, мутасаддилардан албатта, жавоб кутамиз...)

Узоқ йўл юриб, Қирғизистон ҳудудидаги ўтдик. Табиатнинг мафтункорлиги кўнглимиздаги ғашликни тарқатиб юборди. Бишкек шаҳри билан танишув барчани қизғин ўйларга, сўнмас таассуротларга бошлагани рост. Айниқса, шаҳарнинг муҳим марказий майдони, ҳукумат қароргоҳи ва Имом Сарахсий номидаги ўтган йили фойдаланишга топширилган ажойиб мемориал кўринишга эга масжид кузатувчиларга ўзгача ҳайрат бахш этгани аниқ.

Ёзнинг илиқ ҳарорати қалбларга кўчди. Фусункор табиатнинг сержило тасвирига уйқаш тамаддихона ходимларининг ўзбекона ширин калом билан қаршилаши некбин туйғулар сари чорлайди кишини. Кўнгилгафахру ифтихор бағишлайди. Дўстлик, қардошлик туйғуларининг кўнгилларда барқ ураётгани мамнун кайфият улашади, албатта.

Сафаримиз давомида шаҳарда жойлашган йирик савдо марказларидан биридаги жўшқин ҳислар яна бир бор дилимизга таскин берди. Ораста кийинган йигит-қизларнинг ўз яқинини кўргандай суюниб, қарши олгани – ҳатто бизни қизиқтираётган ҳар бир саволга жавоб беришга оғринмай, хуш келибсиз, дея қўли кўксидалигидан беҳад шодландик...

Иссиқкўл сари сафаримиз давом этди. Йўл юриб, узоқ ўтмишга эга хушманзара табиат қуршовидаги Иссиқкўлга ҳам ёрқин таассуротлар билан кириб келдик. Улкан тоғ оралаб ўтган йўл бўйидаги шовуллаб оқаётган сойларнинг жўшқин таронаси дилларни жунбишга солгани рост. Кўркам дарахтларнинг нафис тебраниши кўнгилни нозик эврилишларга ундайди. Ҳа, серҳиммат табиатга тағин мафтунлигимиз ортди. Жисмимиздаги чарчоқ аломатлари изсиз йўқолгандек гўё.

Ҳассос шоирнинг гўзал сатрларидек юракда наволанган нафис ҳислар оғушида яшаш бахти нақадар улуғворлиги қайта аксланди.

Қадрдон, Иссиқкўл сари сафаримиз давомидаги ёрқин хотираларимизни сиз билан баҳамлашмоқ ниятидамиз. Бизни – uza.uz сайтида кузатишда давом этинг!

Ғайрат Ширинов, Ҳотамжон Мамадалиев (сурати), Иссиқ-кўл, Қирғизистон, ЎзА
2 773