ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

Сайёҳлар диққатига: Туризм қишлоқлари сизга мунтазир

Сайёҳлар диққатига: Туризм қишлоқлари сизга мунтазир
Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги Чорбоғ маҳалласининг Тузкон мажмуаси, Бойсун туманидаги Омонхона, Сариосиё туманидаги Сангардак ва Олтинсой туманидаги Хўжаипок қишлоқларида “Туризм қишлоғи” ташкил этилмоқда.

Президентимизнинг 2019 йил 13 августдаги “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра “Туризм қишлоғи” мақоми берилган ҳудудларда замонавий инфратузилма ривожлантирилиб, обод масканга айлантирилади. Кенг, равон йўллар барпо этилиб, электр энергияси, газ, сув, канализация тизими яхшиланиб, бир маромда ишлаши таъминланади. Мобиль алоқа ва интернет тармоғи сифати оширилиб, аҳоли ва сайёҳларга замонавий хизматлар кўрсатиш юксалади.

Айни кунларда туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси мутасаддилари эко, этно ва тиббиёт туризмини кенг йўлга қўйиш учун қулай муҳитга эга мазкур ҳудудларда бўлиб, амалга оширилаётган ишларни ўрганмоқда. Маҳаллий аҳоли билан учрашиб, карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда “Туризм қишлоғи”нинг мазмун-моҳиятини кенг тушунтираётир.

Чорбоғ маҳалласи Хўжаикон туз конидаги шифобахш туз ғори билан дунёга танилган. Сўлим тоғ қўйнидаги бу маскан галерея ва бешта хонадондан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири ўзига хос микроиқлимга эга. Тузлар ва микроэлементларга бой ғорда нафас касалликлари табиий усулда самарали даволанади. Бу ерга келган сайёҳлар соғлигини тиклаш баробарида хушманзара табиатдан завқ олиб, туз тоғлари ва кўлларни мириқиб томоша қилади.

photo_2020-06-30_06-53-25.jpg

photo_2020-06-30_06-53-28.jpg

Ноёб ғор атрофидаги қишлоқда иккита хостел, учта оилавий меҳмон уйи сайёҳларга хизмат кўрсатишга шай ҳолга келтирилди. Иккита даволаш, соғломлаштириш муассасаси, ўнга яқин савдо дўкони, дорихона ва бошқа хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият юритмоқда.

Ҳудудда олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари чоғида кўплаб хонадон соҳиблари оилавий меҳмон уйи ва бошқа хизматлар кўрсатиш нуқталари барпо этиш истагини билдирди.

– Амалдаги тартибга мувофиқ “Туризм қишлоғи” мақомига эга бўлиш учун ҳудудда меҳмонхона ва овқатланиш хизматидан ташқари яна бешта хизмат тури ривожланган бўлиши лозим, – дейди туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи З.Намозов. – Камида 20 та оилавий меҳмон уйи ташкил этилган бўлиши шарт. Ҳудудларда бўлганимизда олиб борилаётган ишлар билан танишиб, аҳолига шу ҳақда ҳам атрофлича маълумот бераяпмиз. Янгиликнинг асл моҳиятини тушуниб етаётган ишбилармон одамлар туристларга турли хизмат кўрсатишга мўлжалланган шохобчалар ташкил этишга алоҳида қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳудуднинг обод гўшага айланишини таъминлаб, сайёҳлик жозибадорлигини оширишга, аҳолининг бандлик масаласини ечишга кўмаклашади.

Вилоятда илк “Туризм қишлоғи” ташкил этилаётган Хўжаипок ва Омонхонада этно ҳамда тиббиёт, Сангардакда экотуризмни ривожлантириш учун катта имконият мавжуд. Масалан, Сангардак гўзал табиат манзаралари, дунёга донғи кетган шаршараси билан машҳур. Хўжаипок ва Омонхона ноёб қадриятлари, шифобахш булоқ суви билан жаҳонга танилган.

Пурвиқор тоғлар бағридаги Омонхона қишлоғида сайёҳларга битта замонавий меҳмонхона, Омонхона даволаш маскани хизмат кўрсатади. Савдо шохобчалари бор. Ўнга яқин оилавий меҳмон уйи сайёҳларни кутмоқда. Яна ўн беш хонадонда оилавий меҳмон уйи ташкил этилаётир. Афсонавий қишлоқда яшайдиган ҳунарманд Баҳодир Бобоқулов ҳам Омонхонанинг “Туризм қишлоғи” мақомини олиб, янада обод гўшага айланишига ўз ҳиссасини қўшди. Барча шароитларга эга оилавий меҳмон уйи ташкил этиб, миллий қадриятларимизга мос жиҳозлади. Бу хонадонда меҳмон бўлган сайёҳлар шу ернинг ўзида ноёб касб эгасининг ўзбек мусиқа асбоблари ясаш сирлари билан яқиндан танишиши, мумтоз мусиқаларни тинглаши, рубоб, дутор, дўмбира сингари мусиқа асбобларини чалиб кўриши мумкин бўлади.

Қишлоқларда амалга оширилаётган тарғибот ишлари чоғида аҳолига ҳудудлардаги хонадон ва томорқаларни замонавий усулда тартибга келтириш, уларнинг тадбиркорлик, ҳунармандлик фаолияти билан шуғулланиши учун кредитлар ажратиб, қўллаб-қувватлаш хусусида ҳам фикр алмашилмоқда. Таклиф ва тавсиялар билдирилмоқда.

21 944
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА