Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.08.2017 17:18 Чоп этиш версияси

Саёҳатдан мақсад – зиёрат

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Индонезия ва Малайзия давлатларидаги тегишли идоралар ҳамкорлигида ушбу мамлакатлар фуқароларининг чартер парвозлар орқали юртимизга саёҳати амалга оширилди.

Юртимизга саёҳатини кўҳна ва боқий Бухоронинг муқаддас қадамжолари, диққатга сазовор масканлари зиёрати билан бошлаган меҳмонлар 30 июль – 1 август кунлари ер юзининг сайқали ҳисобланган Самарқандда бўлди.

Сайёҳлар аввало Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуасини ҳайрат ва ҳаяжон билан зиёрат қилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги томонидан ушбу мажмуанинг ўтмиши ва бугунги куни, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида бу ерда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик-ободонлаштириш ишлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мажмуа яқинида Имом Бухорий номидаги халқаро илмий тадқиқотлар маркази ва ҳадисшунослик мактаби қурилаётгани, бу ерда муқаддас динимиз ривожига беқиёс ҳисса қўшган алломалар меросини ўрганиш ҳамда кенг тарғиб этиш кўзда тутилгани ҳақида сўзлаб берилди.

– Ўзбекистонни буюк муҳаддис Имом Бухорий юрти сифатида биламиз ва бу масканни зиёрат қилиш ҳар бир мусулмоннинг орзуси ҳисобланади, – дейди индонезиялик сайёҳ Журиянти хоним. – Бугун менинг ана шу қутлуғ ниятим амалга ошганидан бахтиёрман ва бунинг учун яратганга шукроналар айтаман. Мажмуа жуда гўзал ва бетакрор экан. Айниқса, мақабара деворларига Қуръони карим оятлари битилиб, ўзига хос манзаралар яратилгани диққатимни тортди. Суратга тушиб, интернет орқали оила аъзоларимга юбордим. Улар суратлардан ҳайратга тушганини SMSда ёзиб юборишди. Фарзанду набиралар, қўни-қўшнилар бизга ҳам ушбу масканни зиёрат қилиш насиб этсин, деб ният қилишди ва келгусида бу ерга оила аъзоларимиз билан келишни кўнглимизга тугиб қўйдик. Регистон мажмуаси, Амир Темур мақбараси ҳам бизда унутилмас таассурот қолдирди. Шаҳарнинг кўркам ва озодалиги, одамларнинг самимий ва меҳмондўстлиги барчамизга манзур бўлди.

Сайёҳлар Бибихоним масжиди, Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуи, Мирзо Улуғбек расадхонаси ва бошқа тарихий обидалар, музейлар, шаҳардаги боғ ва хиёбонларда бўлди, миллий ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмалари билан танишди. Самарқандлик санъаткорлар ва бадиий жамоалар томонидан маданий дастурлар намойиш этилди.

– Сайёҳлик соҳасида фаолият кўрсатганим сабабли Ўзбекистонда ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар, юртингизнинг бу борадаги имкониятлари билан қизиқдим, – дейди индонезиялик Тинни Пражоги хоним. – Туристик объектларнинг ниҳоятда кўплиги эътиборимни тортди. Мен бу даражада деб ўйламаган эканман. Айниқса, муқаддас ислом дини ғояларини ўрганиб, кенг тарғиб этган алломалар номи билан боғлиқ зиёратгоҳлар жуда кўп экан. Бухоро ва Самарқандда бир нечта шундай масканларни зиёрат қилдик. Замонавий туризм инфратузилмаси ҳақида гапирганда, юқори сифатли сервис хизмат кўрсатишга жиддий эътибор қаратилаётганига гувоҳ бўлдим. Пойтахт ва тарихий шаҳарлар ўртасида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” поезди қатнови йўлга қўйилганининг ўзи бу соҳадаги катта қадамдир. Туристик фирма ва компанияларга давлат томонидан берилаётган имтиёз ва имкониятлар эса тизим ривожига хизмат қилади.

Сайёҳлар қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанддан унутилмас таассуротлар билан навбатдаги манзил – Тошкент томон йўл олди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
6 666






Все о погоде - Pogoda.uz