Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

25.04.2013 12:23 Чоп этиш версияси

Сармишсой карвонида тарих акс этади

Жорий йил 4-5 май кунлари Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги Сармишсой дарасида ўтказиладиган “Асрлар садоси” олтинчи анъанавий маданият фестивалига тайёргарлик ишлари қизғин паллага кирди.

Айни кунда вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси, халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик маркази, “Ҳунарманд” уюшмаси ҳудудий бошқармаси, Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлими томонидан фестиваль доирасида бадиий жамоаларнинг чиқишлари, халқ ўйинлари, қўли гул ҳунармандларнинг асарлари кўргазмаларини ўтказишга ҳозирлик кўрилмоқда. Хусусан, вилоят ҳунармандлари нуфузли фестивалга кўтаринкилик бағишлаш, асрий анъаналаримизнинг бебаҳо намуналарини меҳмонларга кенг намойиш этиш мақсадида энг сара ишларини кўргазмага тайёрламоқда.

– Уюшмамизнинг қарийб 800 нафар аъзоси “Асрлар садоси” фестивалида қатнашиш истагини билдирган, – дейди “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси раиси Абдуқодир Иброҳимов. – Ёғоч ўймакорлари, тоштарошлар, мисгарлар, каштадўз ҳамда зардўзлар халқимизнинг асрий анъаналари билан меҳмонларни таништириш мақсадида ўзларининг миллий ҳунармандчилик буюмларини ҳозирламоқда. Таъкидлаш жоизки, бу йилги фестивални янада кенг қамровда ўтказиш мақсадида вилоятимиздаги барча ҳунармандларга фестивалда иштирок этиш имконияти берилади. Шу боис унда иштирок этиш учун мурожаат қилувчилар сафи тобора кенгайиб бормоқда.

Фестивални ўтказиш бўйича ташкилий қўмитадан маълум қилишларича, 4-5 май кунлари эрталаб ва кечқурун Сармишсойдан карвон йўлга чиқади. Бу ўзига хос рамзий маънога эга. Сабаби, Навоий вилоятининг ушбу кўҳна маскани Буюк ипак йўли бўйлаб дунёнинг кўплаб давлатлари томон йўлга отланган савдо карвонлари тўхтаб ўтадиган манзиллардан бири бўлган. Дарадаги қоятошларга ўйиб ишланган расмлар ҳам бундан гувоҳлик беради. Инсоният тамаддунининг қадимий бешикларидан бўлган Сармишсойдан маданият карвонининг йўлга чиқиши ушбу масканда аждодларимиз томонидан улкан илмий кашфиётлар яратилгани ва мазкур маданият дурдоналари бошқа ҳудудларга кенг тарқалганини англатади.

Фестиваль давомида кураш мусобақалари, қўчқор ва хўроз уриштириш, дорбозлар ўйинлари, бахшилар ижролари ўзига хос уйғунликда ташкил этилади. Катта саҳнада намойиш этиладиган маросим рақслари, халқ ўйинлари, лапар ва айтишувлар, турли таомлар кўргазмалари, миллий либослар намойиши каби кўплаб тадбирлар томошабинлар ва меҳмонларга завқ бағишлайди.

Вилоятдаги фольклор-этнографик жамоалар фестивалга қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Хусусан, Хатирчи тумани маданият уйи қошидаги “Ёр-ёр” бадиий жамоаси “Юрти обод, турмуши фаровон эл” номли бадиий дастур устида иш олиб бораётир.

– Бадиий жамоамиз аъзолари Обод турмуш йилига бағишланган бадиий дастур билан фестиваль меҳмонларини хушнуд этиш ниятида астойдил тайёргарлик кўрмоқда, – дейди туман маданият уйи директори Шамсиддин Қораев. – Ғулом Эшпўлатов раҳбарлигида ижод қилаётган жамоа саксондан ортиқ миллий қўшиқ билан иштирок этади.

Мазкур анъанавий фестиваль ижодкор ва ҳунармандларга қадрият ва анъаналаримизни намойиш этиш билан бирга, хорижлик ҳамкорлар билан ўзаро алоқаларни йўлга қўйишда ҳам кенг имкониятлар яратади. Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтган фестивалда нуроталик Рухсора Тўрақулова намойиш этган Нурота каштачилигининг нодир намуналари хорижлик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотган эди. Шундан сўнг у Шотландиянинг Глазго шаҳрида ўтган “уста-шогирд” машғулотларида иштирок этди.

– Сафарим давомида Нуротанинг ипакдан тикилган қадимий кашта нусхаси шаҳардаги марказий музейлардан бирида сақланаётгани, экспонат қўйилган витрина ёнида “Тановар” мусиқаси янграб турганини кўриб, шотландларнинг халқимиз миллий маданиятига бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиромига гувоҳ бўлдим, – дейди Рухсора Тўрақулова. – Вилоятимизда ўтказиладиган фестиваль давомида момоларимиздан мерос каштачиликнинг энг ноёб турлари қайта тикланган элликдан ортиқ маҳсулотимизни намойиш этишни ва кўҳна анъаналаримизни янада оммалаштиришни мўлжалламоқдамиз.

Фестивалда халқ миллий ўйинларини намойиш этиш юзасидан ҳам жиддий тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.


ЎзА, Н. Раҳимов
9 180