ЎзА Ўзбек

09.04.2013 20:01 Чоп этиш версияси

Самарқанднинг сайёҳлик салоҳияти юксалмоқда

Самарқанд шаҳридаги “Ҳунармандлар маркази”да жорий йилги туризм мавсумининг очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Шаҳар ҳокимлиги, “Самарқанд – туризм макони” давлат унитар корхонаси ҳамда Республика “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида туризм соҳасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар улкан самаралар бераётгани таъкидланди. Тегишли давлат дастурлари асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар самарасида юртимизнинг барча ҳудудида сайёҳлик йўналишлари кўпайиб, замонавий хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгаймоқда.

Бой сайёҳлик салоҳиятига эга Самарқанд шаҳрида 2011 йилда ҳокимлик қошида “Самарқанд – туризм макони” давлат унитар корхонаси ташкил этилди.

– Шаҳримизга келаётган сайёҳларга юқори сифатли ва замонавий сервис хизматлари кўрсатиш, янги сайёҳлик йўналишларини ташкил этиш ҳамда туризм соҳасидаги муносабатларни мувофиқлаштириш мақсадида ўтган давр мобайнида муаяйн ишлар амалга оширилди, – дейди “Самарқанд – туризм макони” давлат унитар корхонаси раҳбари Шероз Аббосов. – Аввало, шаҳардаги тўқсонга яқин меҳмонхона ва 45 сайёҳлик фирмаси, соҳа учун мутахассислар тайёрловчи олий ўқув юртлари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилди. Вилоят давлат музей- қўриқхонаси билан ҳамкорликда гид-экскурсаводлар тайёрлаш маркази ташкил этилди. Самарқанд халқаро аэропорти ва темир йўл вокзалида сайёҳлик харитаси, шаҳар кўчаларида эса ўзбек ва инглиз тилларида махсус йўл кўрсаткичлар ўрнатилди. Ташкилотимизнинг веб-сайтида шаҳардаги меҳмонхоналар, сайёҳлик фирмалари, тарихий обидалар ва бошқа диққатга сазовор масканлар, сайёҳлик маршрутлари ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилган. Бундай чора-тадбирлар туфайли шаҳримизга келаётган сайёҳлар оқими йил сайин кўпайиб бормоқда. Хусусан, ўтган йили дунёнинг етмишга яқин давлатидан 140 мингдан ортиқ сайёҳ Самарқандга ташриф буюрди.

Кейинги йилларда шаҳардаги тарихий масканлар билан бирга, миллий ҳунармандлик устахоналари, чойхона ва миллий таомлар ошхоналари, Самарқанднинг дунёга машҳур нонлари тайёрланадиган новвойхоналарнинг сайёҳлик йўналишларига киритилиши хорижлик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Шу боис маросимда “Самарқанд тўйлари” театрлаштирилган томошаси, миллий кийимлар намойиши, ошпазлар танлови ўтказилиб, сайёҳлар ушбу жараёнларни бевосита кузатиш имкониятига эга бўлди.

– Дунёнинг кўп мамлакатларида бўлганман, лекин ўзбек халқидек меҳмондўст, дастурхони доимо очиқ элни кўрмаганман, – дейди бельгиялик сайёҳ Евалин Синне хоним. – Бу, аввало, юртингиздаги тинчлик-осойишталик, халқингизнинг фаровон турмушидан далолат беради. Самарқандда бир неча хил миллий таомларингиз, нонларни татиб кўрдим. Бугун эса палов тайёрлаш жараёнини кузатиб, бу таомнинг нима учун бунчалик тотли ва тўйимли бўлишини англадим.

Тадбирда ўтган йилги сайёҳлик мавсумида меҳмонларга намунали хизмат кўрсатган сайёҳлик фирмалари, меҳмонхоналар, ошхоналар мутасаддилари, фаол гид-экскурсоводлар муносиб тақдирланди.


ЎзА, Ғ.Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат)
7 623