ЎзА Ўзбек

27.02.2019 17:20 Чоп этиш версияси

Самарқандга бу йил 500 минг хорижий сайёҳ келиши кутилмоқда

Самарқандга бу йил 500 минг хорижий сайёҳ келиши кутилмоқда

Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Б.Нуруллаев халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида “Самарқанд вилоятида туризмни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги ҳисоботида маълум қилди.

Ҳисоботда қайд этилишича, 2018 йилда Самарқандга 2017 йилга нисбатан икки баробар кўп, яъни 2 миллион маҳаллий ҳамда дунёнинг 100 дан ортиқ давлатидан 351 минг нафар хорижий сайёҳ келган ва уларга 116,7 миллион долларлик хизматлар кўрсатилган. Хорижий сайёҳларнинг вилоятда қолиши ўртача 2,5 кунни ташкил этди.

2018 йил давомида вилоятда 215 миллиард сўмлик 75 та лойиҳа амалга оширилди. Жумладан, 439 ўринли 18 та меҳмонхона, 15 та ресторан ва кафелар, 39 та туроператорлик субъектлари ташкил қилинди. 36 та туристик автобус ва микроавтобус, 6 та электромобил олиб келинди, сайёҳларга ва шаҳар аҳолисига сигвейлар ва велосипедлар ижараси йўлга қўйилди. Сайёҳлар ташрифи кўп кузатиладиган масканларда “Wi-Fi” зоналари, ахборот марказлари, сайёҳлар учун туристик хариталар ва бошқа тарқатма материаллар ташкил этилди, 64 та валюта айирбошлаш банкоматлари ўрнатилди.

Жорий йилда Самарқандга келадиган сайёҳлар оқимини ва улар учун хизматлар кўрсатиш кўламини икки баробар оширишни назарда тутувчи йўл харитаси ишлаб чиқилган. Ҳисоб-китобларга кўра, бу йил вилоятга 500 минг хорижий ҳамда 2,5 миллион маҳаллий сайёҳларнинг келиши кутилмоқда. Уларга муносиб хизмат кўрсатиш, хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА​​
2 514