ЎзА Ўзбек

13.02.2020 Чоп этиш версияси

“Самарқанд – Тошкент – Санкт-Петербург” йўналишида мунтазам автобус қатнови йўлга қўйилади

“Самарқанд – Тошкент – Санкт-Петербург” йўналишида мунтазам автобус қатнови йўлга қўйилади

Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан Россия Федерациясига бораётган йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида “Самарқанд – Тошкент – Санкт-Петербург“ йўналишида мунтазам халқаро автобус қатновлари йўлга қўйилади.

Мазкур йўналишда илк қатнов жорий йилнинг 25 февраль кунидан бошланади. Қатновлар шу кундан бошлаб кун ора амалга оширилади. Йўналишда Ўзбекистон томонидан “Uzautotrans service” МЧЖ ва Россиянинг “ТТК ГЛОБУС“ МЧЖ йўловчиларга хизмат кўрсатади.

Қатнов Самарқанд автовокзалидан соат 09:00 бошланади ва “Тошкент” автовокзалидан автобус 15:00 жўнайди. Қатнов масофаси 4 минг 436 километрни ташкил этади. Йўловчилар Санкт-Петербург марказий автовокзалига етказиб қўйилади.

Мазкур йўналиш бўйлаб чипта нархи Самарқанддан 840 минг сўм Тошкентдан эса 800 минг сўмни ташкил этади.

Шунингдек, жорий йилнинг 15 февраль кунидан эътиборан Тошкент –Омск йўналишида ҳам мунтазам автобус қатновлари йўлга қўйилади. Мазкур йўналиш бўйича чипта нархи 450 минг сўм этиб белгиланган. 

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Россия Федерациясига Тошкент– Нижний Новгород, Тошкент – Қозон, Тошкент – Москва йўналишларида мунтазам автобус қатновлари ҳам амалга оширилмоқда.

Транспорт вазирлиги Россия Федерациясининг бошқа шаҳарларига ҳам мунтазам автобус қатновларини йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Шу ўринда сафарга чиқаётган йўловчилардан белгиланган манзилига етиб олишда фақатгина қонуний асосда фаолият юритаётган ва кафолатланган хавфсиз хизмат кўрсатувчи корхоналар хизматидан фойдаланишни тавсия этамиз.

9 037
ЎзА