ЎзА Ўзбек

20.12.2016 15:12 Чоп этиш версияси

Самарқанд сайёҳлик салоҳияти юксалади

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда туризмни ривожлантириш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда мазкур тармоқнинг иқтисодиётдаги ролини оширишга хизмат қилишни янги босқичга кўтаради.

Биринчи Президентимиз раҳнамолигида туризмни ривожлантириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикасининг "Туризм тўғрисида”ги қонуни, соҳага оид қатор фармон ва қарорлар, дастурлар қабул қилинди. Мамлакатимиз БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотига аъзо бўлди. 2014 йилда мазкур ташкилот ижроия кенгашининг 99-сессияси Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон сайёҳлик кўлами ва тарихий қадамжолари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи ўн давлат қаторида туради. Айни пайтда юртимизда етти мингдан зиёд тарихий, маданий ёдгорликлар мавжуд. Бундай бой маданий мерос, айниқса, Самарқандда жуда кўп. Шу сабаб 2001 йилда Самарқанд шаҳри ва унинг ҳудудидаги кўплаб маданий объектлар ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилди. Самарқанд инсон умри давомида бориб кўриши шарт бўлган дунёнинг 50 шаҳари қаторида эътироф этилди.

– Вилоятда туризмни ривожлантиришнинг 2016 йилгача бўлган ҳудудий манзилли дастури ишлаб чиқилиб, муваффақиятли амалга оширилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Илҳом Сувонов. – Дастур асосида вилоятда туристик ресурслардан оқилона фойдаланиш, кўрсатилаётган хизмат турини кўпайтириш ва сифатини замон талабларига мослаштириш борасида тизимли ишлар бажарилди. Йирик савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, миллий ва замонавий услубдаги ресторан ва чойхоналар, турли кўнгилочар масканлар қурилди.

Сайёҳликнинг экологик, соғломлаштириш, агро ва фаол турларини ривожлантириш, ички туризмни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ургут, Самарқанд, Жомбой, Пахтачи, Нуробод туманларида янги сайёҳлик йўналишлари очилди. Соҳа учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳамда Сартепа туризм ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежида янги мутахассислик ва таълим йўналишлари ташкил этилди.

Бугунги кунда Самарқандда юздан ортиқ меҳмонхона ва 84 сайёҳлик фирмаси фаолият кўрсатмоқда. Йилдан-йилга уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, замон талаблари даражасида юқори сифатли хизмат кўрсатиш имконияти кенгаймоқда.

Президентимизнинг мазкур фармони бу борадаги ишларни янги сифат босқичига кўтаришда муҳим ҳуқуқий асос бўлади. Ушбу ҳужжатга кўра “Ўзбектуризм” миллий компанияси негизида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилди. 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб туризм фаолиятига лицензия бериш ҳуқуқи мазкур қўмитага ўтказилади. Меҳмонхоналар ва жойлаштиришнинг шу каби воситалари учун лицензия олиш талаблари бекор қилинади.

Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати кўплаб давлатлардан келадиган сайёҳларнинг Ўзбекистонга ташрифи учун виза режими бекор қилинишидир. Бу мамлакатимизга келадиган сайёҳлар оқимини кўпайтириш билан бирга, туристик фирмалар учун ҳам янада қулай имконият яратади.

Хорижлик туристлар мамлакатимизга келгач, улар учун аэропортларда ҳам қулай шароит яратиш кўзда тутилган. 2017 йилнинг 1 апрелидан Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Урганч шаҳарлари халқаро аэропортларида хорижий туристлар учун “яшил йўлак” божхона назорат тизимини, паспорт ва божхона назоратидан ўтиш, багажни олишнинг соддалаштирилган тартиб-таомилини жорий этиш ҳамда транспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриш белгиланган. Аэропорт ва вокзалларда резидентлар, яъни маҳаллий аҳоли ҳамда норезидентлар – хорижлик сайёҳлар паспорт назоратидан алоҳида ўтиши йўлга қўйилиши ҳам катта янгиликдир.

Фармонда аэропорт ва темир йўл вокзалларида қулай туризм ахборот макони, жумладан, туризм-ахборот пунктлари фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш кўрсатиб ўтилган. Эндиликда шаҳарга келиб тушган сайёҳ тўғридан-тўғри аэропорт ёки вокзалда ушбу ҳудудда мавжуд бўлган туроператорлар, меҳмонхона ва уларга зарур бўлган маълумотлар билан батафсил танишиши мумкин.

Бу каби қулайлик ва имкониятлар мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида туризмни жадал ривожлантиришни таъминлашга, Ўзбекистоннинг жозибадор туризм маркази сифатидаги ижобий қиёфасини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
10 281