ЎзА Ўзбек

03.01.2013 13:03 Чоп этиш версияси

Сайёҳлик тизими такомиллашмоқда

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида Хоразм вилоятини изчил тараққий эттириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, сайёҳлар учун кенг имкониятлар яратиш, туризм инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбири “Ўзбектуризм” Миллий компаниясининг Хоразм минтақавий бўлими бошқарувчиси Одилбек Раҳимов билан вилоятда сайёҳлар учун яратилаётган шарт-шароитлар, диққатга сазовор жойлар ва очилаётган янги туризм йўналишлари ҳақида суҳбатлашди.

– Аждодларимизнинг бой тарихий-маданий мероси, кўҳна обидаларимиз, бебеҳо осори атиқалар жаҳон халқаро туризмининг ажралмас қисми сифатида эътироф этилган ва бу ҳолат Хоразмда ҳам сайёҳликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратмоқда, – дейди О.Раҳимов. – Вилоятда 2012-2014 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш ва сайёҳлик салоҳиятини ошириш бўйича манзилли дастур қабул қилинган бўлиб, унинг асосида тегишли ишлар амалга оширилаётир. Айни вақтда сайёҳлик ташкилотлари фаолиятини янада яхшилаш ҳамда улар кўрсатаётган хизмат турларини кенгайтириш борасида бир қатор ишлар олиб борилмоқда.

– Вилоятдаги сайёҳлик ташкилотлари ва уларнинг фаолияти ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

– Айни пайтда вилоятда 27 меҳмонхона, 9 туристик фирма ва турагентлик фаолият кўрсатмоқда. Агар 2002 йилда меҳмонхоналар сони еттита, сайёҳлик фирма ва агентликлари 4 тани ташкил этганини ҳисобга олсак, воҳада сайёҳликни ривожлантириш бўйича катта ишлар амалга оширилаётгани ойдинлашади.

Бугунги кунда вилоятимизга келаётган сайёҳлар бирмунча кўпайган. 2012 йилда вилоятга дунёнинг саксонга яқин давлатидан 40 мингдан зиёд сайёҳ ташриф буюрди. Табиийки, сайёҳлар оқимининг кўпайиши туризмнинг замонавий турларини ривожлантириш ва мавжуд инфратузилмани янада такомиллаштиришни тақозо этади. Шунинг учун юқорида қайд этилган дастурга асосан вилоятда замонавий меҳмонхоналарни кўпайтириш режалаштирилмоқда. Ҳозир Урганч шаҳридаги Хоразмий кўчасида миллий ва замонавий меъморчилик анъаналарини ўзида мужассам этган учта меҳмонхона қурилиши амалга оширилмоқда.

– Вилоятда туризмни ривожлантириш бўйича муаммолар ҳам бор, албатта. Уларни бартараф этиш учун нималарга эътибор қаратиш лозим, деб ўйлайсиз?

– Жаҳон туризм бозорига кириш ва етакчи сайёҳлик компаниялари билан рақобатлашиш осон эмас. Бу “Ўзбектуризм” миллий компанияси тизимидаги ташкилотлар ҳамда сайёҳлик фирмалари олдига туризмнинг янги йўналишларини очиш ва шу орқали чет эллик сайёҳларни жалб қилишни асосий вазифа қилиб қўймоқда.

Бунинг учун чет элнинг етакчи сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорликни ривожлантириш, уларга бой тарихий ва маданий меросимизни кенг тарғиб қилиш, янги хизмат турларини таклиф этиш ва халқаро сайёҳлик ярмаркаларида мамлакатимиз туристик салоҳиятини тўлалигича намойиш этиш талаб қилинади. Ҳозир Хива шаҳридаги “Бек-тур”, “Mitra TraveL”, “Vista Travel.LTD” масъулияти чекланган жамиятлари ана шу йўналишда иш олиб бораётир. Яқинда улар сафига Урганч шаҳрида иш бошлаган “Javhar Hulkar yulduzi” сайёҳлик ташкилоти ҳам қўшилди.

Соҳа учун етук кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш ҳам долзарб вазифа бўлиб турибди. Бу борада вилоятда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Урганч давлат университетининг “Иқтисодиёт” бўлимида туризм йўналиши бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Вилоятда гид-таржимонлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Гид-таржимонлар сафини ёшлар ҳисобидан кенгайтириш мақсадида “Ўзбектуризм” миллий компанияси қошидаги ўқув-консалтинг марказининг вилоят бўлими очилди. Натижада воҳанинг ўзида туризм ташкилотлари ходимларини ўқитиш ва малакасини ошириш имконияти яратилди. Туристик фаолиятни сертификатлаштириш талабларига кўра, соҳада фаолият юритаётган ҳар бир ходим муайян даврда ўз малакасини ошириб бориши зарур. Энди бўлимдаги тажрибали мутахассислар томонидан соҳа ходимларини вилоятнинг ўзида ўқитиш ва малакасини ошириш имконияти мавжуд.

– Хоразмга ташриф буюрган сайёҳлар учун қандай янги йўналишлар таклиф этилмоқда?

– Вилоятимизда туризмнинг истиқболли йўналишларини очиш учун улкан имкониятлар бор. Кейинги йилларда туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида Урганч шаҳрида миллий услубдаги овқатланиш тармоғи, “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнов” автомагистралининг 537-километрида замонавий мотель қурилиб, ишга туширилди. Урганч темир йўл вокзали ҳамда халқаро аэропорти жаҳон андозалари даражасида қайта таъмирланди. Натижада вилоятнинг туризм борасидаги имкониятлари янада кенгайди.

Урганч шаҳрида туризм инфратузилмасини такомиллаштириш ва сайёҳларга хизмат кўрсатиш тармоқларини барпо этиш бўйича ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Янги сайёҳлик йўналишлари очиш ҳамда туристик объектларни кўпайтириш бўйича хусусий тадбиркорлар томонидан ҳам қатор ишлар бажарилаётир. Жумладан, Урганч туманидаги Ғойбу қишлоғида “Ола-уйлик” қалъаси қайта таъмирланиб, унинг негизида сайёҳлар учун миллий урф-одат ва анъаналар намойиш этиладиган маскан барпо этилди. Илгари вилоятга келган сайёҳлар бир кунлик экскурсия давомида Хива шаҳридаги “Ичан-қалъа” музей-қўриқхонасидаги тарихий обидаларни томоша қилиш билан кифояланар эди. Энди мазкур қалъа билан танишиш мақсадида келган сайёҳлар учун икки кунлик экскурсия таклиф этилмоқда. Бу, ўз навбатида, вилоятда меҳмонхона ва ресторан сервиси, транспорт, коммуникация ва бошқа хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтиришни тақозо этмоқда.

“Ичан қалъа” мажмуасидаги “Юсуф Ясовулбоши” объекти қайта таъмирланиб, бу ерда замонавий ресторан ташкил этилди. Шунингдек, Амударё қирғоғида экотуризм марказини ташкил қилиш бўйича ҳам лойиҳалар тайёрланиб, амалга оширилмоқда. Келгусида Амударё ўзанида экотуризм ҳудудларининг ташкил этилиши сайёҳларга табиат қўйнида дам олиш, воҳанинг гўзал ва бетакрор табиати билан яқиндан танишиш имконини беради.

Вилоятда 255 маданий мерос объектлари давлат рўйхатига олинган бўлиб, шундан 18 таси археология, 133 таси архитектура, 66 таси ҳайкалтарошлик ёдгорликлари, 32 таси муқаддас қадамжолардир. Айни вақтда маданий мерос объектларида таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари учун давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобига Хива туманидаги Карвонсарой, Ҳазорасп, Қалажиқ қалъалари девори, Кат қалъаси, Урганч шаҳридаги Ал-Хоразмий ёдгорлиги ҳамда вилоят қўғирчоқ театри бинолари таъмирланмоқда. Вилоят марказидаги “Суратлар галереяси”ни сайёҳлик йўналишларига киритиш мақсадида мазкур санъат кошонасига олиб борувчи йўл таъмирланиб, атрофи ободонлаштирилди. Айни пайтда галереянинг ички қисмини талаб даражасига келтириш ҳамда бу ерда “Эсдаликлар” савдо шохобчаси ташкил этиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Хоразмда халқаро туризмни ривожлантириш билан бирга ички туризмни тараққий эттиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аввало, аҳолида ички туризм маданиятини ривожлантириш, қадимий ва гўзал шаҳарларимиз, улардаги бетакрор тарихий-маданий обидалар, миллий урф-одатларимиздан фахрланиш ҳиссини кучайтириш зарур. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, воҳанинг туризм борасидаги имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.


ЎзА, А.Шокиров
9 900