ЎзА Ўзбек

27.11.2012 19:14 Чоп этиш версияси

Сайёҳлик соҳаси учун малакали кадрлар

Мамлакатимизда сайёҳлик соҳасини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар жараёнида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, хизмат кўрсатиш, сайёҳлик ва меҳмонхона бизнеси ва менежменти йўналиши бўйича мутахассислар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Ислом Каримовнинг 1999 йил 30 июнда қабул қилинган “Ўзбекистонда туризм соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш тўғрисида”ги фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим омил бўлмоқда.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг халқаро туризм факультети, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис ҳамда пойтахтимиздаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтлари, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларидаги туризм йўналишидаги коллежларда сайёҳлик маркетинги ва менежменти, хизмат кўрсатиш, халқаро туризм, меҳмонхона хўжалиги ва ресторан иши йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланмоқда. Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистонда туризм соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш тўғрисида”ги фармонига биноан асос солинган Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг халқаро туризм факультетида ушбу соҳа учун кадрлар тайёрлаш, ёшларнинг жисмоний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш борасида самарали ишлар амалга оширилаётир.

Университет Буюк Британия, АҚШ, Миср, Канада, Греция, Италия, Россия, Украина каби мамлакатларнинг ушбу соҳада фаолият юритувчи олий ўқув юртлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатган.

Университетда ташкил этилган “Очиқ осмон остидаги музей” тарихий-маданий мажмуасида бетакрор ва хушманзара, ноёб меъморий обидаларимиз акс этган экспонатлар жой олган. Бу ерда мунтазам ташкил этиладиган инфо-турлар жараёнида мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти кенг намойиш этилади.

Ушбу олий таълим даргоҳида соҳага оид турли илмий-амалий анжуманлар, видео-конференциялар, ўқув семинарлари ташкил этиш анъанага айланган. Талабалар турли мамлакатларда ўтадиган кўргазмаларда фаол иштирок этиб келаётир.

Мамлакатимизда сайёҳлик соҳасида саккиз юздан зиёд фирма ва компания фаолият юритмоқда. Уларда малакали кадрлар – туроператор, гид ва турли йўналишдаги бошқарувчиларга талаб катта. Тошкент давлат иқтисодиёт университетида сайёҳлик соҳасида мунтазам ўтказилаётган бўш иш ўринлари ярмаркалари битирувчиларга ушбу фирма ва компаниялар фаолияти билан яқиндан танишиш, иш таклиф этувчиларга эса юқори малакали кадрларни танлаш имконини бераётир.

Факультетда “Ўзбектуризм” миллий компанияси ва “Yasmina-tur” сайёҳлик компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган иқтидорли талабаларнинг “Дебат клуби” фаолият кўрсатмоқда. Ушбу клубда сайёҳлик соҳасига оид энг долзарб мавзуларда ўзаро баҳс-мунозаралар олиб борилаётир. Шунингдек, ушбу факультетда таълим олаётган талабалар ўртасида мамлакатимиздаги энг яхши меҳмонхоналар ва “Ўзбектуризм” миллий компанияси ҳамкорлигида “Энг яхши стол сервиси” мавзуида маҳорат сабоқлари мунтазам ўтказилади.

Таълим жараёнининг ишлаб чиқариш билан интеграциясини амалга ошириш режасига асосан “Ўзбектуризм” миллий компанияси, “O’zintur”, “Silk-Road”, “Yasmina-tour”, “Planeta-tur”, “Sabotli” каби сайёҳлик фирмалари, “Tashkent International Hotel”, “Dedeman”, “Malika” каби меҳмонхоналар билан ҳамкорлик шартномалари тузилган. Битирувчи курс талабалари мутахассислик фанларидан машғулотларни бевосита “Ўзбектуризм” миллий компаниясининг ўқув-маслаҳат марказида, меҳмонхоналарда ва сайёҳлик фирма ва компанияларида ўтамоқда.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг халқаро туризм факультетидан маълум қилишларича, 2011-2012 ўқув йилида ушбу факультетни бир юз ўттиз талаба битирди.

– Танлаган соҳамизнинг етук мутахассиси бўлиб етишишимиз учун барча шароитлар яратилган, – дейди Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг халқаро туризм факультети талабаси Дилшод Ҳусанов. – Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида биз, ёшларнинг замонавий билимларни эгаллашимизда доимий ғамхўрлик кўрсатилаётгани, салоҳиятимизни намоён этишдаги саъй-ҳаракатларимиз изчил қўллаб-қувватланаётгани зиммамиздаги масъулиятни янада оширади. Айни вақтда “Tashkent International Hotel” ва “Radisson” меҳмонхоналарида туризм сервиси бўйича амалиёт ўтамоқдаман. Бундан буён ҳам ижодий ва илмий изланишларимни давом эттиришга, устозларим ишончини оқлашга ҳаракат қиламан.


ЎзА, Нодира Манзурова
9 824