ЎзА Ўзбек

17.01.2013 18:42 Чоп этиш версияси

Сайёҳлик соҳаси истиқболларига бағишланди

Урганч шаҳрида Хоразм вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишланган конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда мутасадди вазирлик, идора ва компаниялар вакиллари, вилоятда туризм соҳасини ривожлантиришга доир лойиҳаларда қатнашадиган тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда замонавий талабларга жавоб берадиган сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2012 йил 5 июнда тасдиқланган Хоразм вилоятида 2012-2014 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш ва туристик хизматлар бўйича экспорт салоҳиятини оширишнинг манзилли чора-тадбирлар Дастури асосида ҳудудда сайёҳлар учун кенг имкониятлар яратиш, янги туристик йўналишлар очиш, сайёҳлик ташкилотлари фаолиятини янада яхшилаш ҳамда улар томонидан кўрсатилаётган хизмат турларини кенгайтириш борасида тегишли ишлар олиб борилаётир. Бу борада воҳанинг жаҳондаги қадимий цивилизация ўчоқлари билан бемалол беллаша оладиган кўҳна маданияти сайёҳликни ривожлантириш учун улкан имкониятлар яратишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айни вақтда вилоятда туризмни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар дунёдаги нуфузли туристик компанияларнинг Хоразм сайёҳлик салоҳиятига бўлган қизиқишини кучайтирмоқда. Натижада, кейинги йилларда вилоятга ташриф буюраётган сайёҳлар сони муттасил ошиб бораётир.

Анжуманда давлатимиз раҳбарининг яқинда қабул қилинган Хоразм вилояти саноати салоҳиятини ривожлантиришга доир ҳамда Урганч шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, ободонлаштириш ҳамда вилоятда сув таъминотини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорлари ижроси юзасидан олиб борилаётган кенг кўламли ишлар вилоятда туризмни ривожлантиришда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди. Шунингдек, бу борада белгиланган ишларни амалга ошириш, Хоразмни мамлакатимизнинг туристларни ўзига чорлайдиган ҳудудларидан бирига айлантириш бўйича истиқболдаги вазифалар муҳокама қилинди.

Он-лайн тарзида ташкил этилган конференцияда ҳудуднинг туризм соҳасидаги салоҳияти, туристик хизматлар кўламини кенгайтириш борасидаги имкониятларга доир тақдимотлар ўтказилди. Шу билан бирга, ишчи гуруҳ томонидан тайёрланган “Хоразм вилоятида 2013-2015 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш дастури” лойиҳаси юзасидан йиғилганлар ва барча вилоятдаги он-лайн анжуман иштирокчиларининг таклиф, фикр ва мулоҳазалари тингланди.

– Мазкур тадбир қадимий ва навқирон Хоразмда туризмни ҳар томонлама ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ташқи иқтисодиёт бошқармаси бошлиғи Дилшод Расулов. – Тадбирда бу борада амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгиланди.

Анжуманда Хоразм вилояти ҳокими П.Бобожонов сўзга чиқди.


ЎзА, А.Шокиров
8 455