ЎзА Ўзбек

04.07.2013 18:57 Чоп этиш версияси

Сайёҳлик: имконият ва натижалар

Самарқандда “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг вилоятда ижро этилиши ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг вилоят сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш борасидаги вазифаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси томонидан халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг “Парламент ривожланишини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган мазкур тадбирда сенаторлар, депутатлар, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, сайёҳлик соҳаси бўйича мутахассислар қатнашди.

Олий Мажлис Сенати Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси С.Сафоев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида юртимиз сайёҳлик салоҳиятини ошириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш борасида изчил ислоҳотлар олиб борилаётганини таъкидлади. Бу борада “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни мустаҳкам ҳуқуқий асос вазифасини ўтамоқда.

Самарқанд вилоятида мазкур қонун ижросини таъминлаш юзасидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Вилоятда 2015 йилга қадар туризмни ривожлантириш, сайёҳлик хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва йўналишларини кенгайтиришга қаратилган дастур асосида иш олиб борилмоқда. 140 сайёҳлик фирмаси ва ташкилоти, қарийб тўрт минг ўринли 78 меҳмонхона сайёҳларга юқори сифатли хизмат кўрсатаётир. Сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш, уларга халқимизнинг ўзига хос анъана ва қадриятларини намойиш этиш мақсадида кейинги йилларда “Самарқанд нонлари”, “Шарқ ширинликлари”, “Миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари” каби кўргазмалар ташкил этилди. Сайёҳлар учун кенг имкониятлар яратилиб, темирйўл вокзали ва аэропортда шаҳар сайёҳлик харитаси, кўчаларда ўзбек ва инглиз тилларида махсус йўл кўрсаткичлар ўрнатилди. Интернетда махсус сайт очилиб, вилоятдаги тарихий-маданий объектлар, сайёҳлик йўналишлари ҳақида маълумотлар жойлаштирилди.

– Ўрганиш натижалари туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар Самарқанд шаҳридагина эмас, вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам тизимли равишда олиб борилаётганини кўрсатди, – дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Давронбек Аллақулиев. – Хусусан, экотуризм имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида Ургут, Самарқанд, Нуробод туманларидаги тоғли ҳудудлар, муқаддас зиёратгоҳларда капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилиб, сайёҳлар учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Магистрал йўллар атрофида барпо этилган замонавий кемпинглар хорижлик меҳмонларга сервис хизмати кўрсатмоқда. Жорий йилда бу борада, айниқса, Булунғур, Нуробод ва Пахтачи туманларида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Соҳа учун кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам вилоятда алоҳида эътибор қаратилган. Айни пайтда Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳамда Сартепа туризм ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежида туризм бўйича мутахассис кадрлар тайёрланмоқда. Самарқанд давлат музей қўриқхонаси қошида гид-экскурсоводлар тайёрлаш маркази фаолият кўрсатмоқда.

Тадбирда эришилган ижобий натижалар билан бирга йўл қўйилган камчиликлар, эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар ҳам қайд этилиб, уларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Йиғилишда Самарқанд вилояти ҳокими З.Мирзаев сўзга чиқди.


ЎзА, Ғ.Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат)
11 104