Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

29.05.2013 15:01 Чоп этиш версияси

Сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатилмоқда

Мамлакатимиз сайёҳлик соҳасида улкан салоҳиятга эга. Хусусан, тарихий ёдгорликларга бой қадимий ва навқирон шаҳарларимиз, ноёб экотизимга эга сўлим гўшалар, халқимизнинг меҳмондўст ва самимийлиги сайёҳларни доимо ўзига жалб этиб келади.

Фарғона вилоятида ҳам туризмни янада ривожлантириш, сайёҳларга хизмат кўрсатиш инфратузилмаларини такомиллаштириш борасида кенг имкониятлар мавжуд.

Президентимиз раҳнамолигида Фарғона вилоятида ҳам шаҳарлар қиёфасини яхшилаш, туристик инфратузилмани ривожлантириш борасида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Фарғона, Марғилон, Қўқон шаҳарларида кейинги йилларда улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Кўркам иморатлар, равон йўллар, маданият, таълим масканлари барпо этилди. Бугунги кунда вилоят маркази ва Қўқон, Марғилон шаҳарлари сайёҳлар билан гавжум. Бу, ўз навбатида, ҳудудда сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш, меҳмонларга хизмат кўрсатиш сифатини юксалтиришни тақозо этмоқда. Бу борадаги ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятда 2015 йилга қадар туризмни ривожлантириш ва сайёҳлик хизматлари кўламини кенгайтиришга қаратилган махсус дастур ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилмоқда.

– Ўтган давр мобайнида вилоятимизда сайёҳларга сифатли ва замонавий сервис хизматлари кўрсатиш, янги сайёҳлик йўналишларини ташкил этиш ҳамда туризм соҳасидаги муносабатларни мувофиқлаштириш бўйича муаяйн ишлар амалга оширилди, – дейди “Ўзбектуризм” миллий компаниясининг Фарғона вилоятидаги саёҳат ва экскурсиялар бюроси раҳбари Музаффар Темиров. – 2010 йилда вилоятда 6 сайёҳлик ташкилоти фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирги кунда улар 15 тага етди. Ўтган йили Қўқон шаҳрида “Қўқон”, “Қўқон ташрифи”, “Долина Валентина люкс” каби замонавий меҳмонхоналар фойдаланишга топширилди.

“Отель Азия Фарғона” меҳмонхонасида лойиҳа қиймати 1,5 миллиард сўм бўлган янги мажмуа ишга туширилди. “Фарғонатурист” масъулияти чекланган жамиятига қарашли “Зиёрат” меҳмонхонасида сайёҳларга сервис хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида мавжуд бинолар тўлиқ қайта таъмирланди.

Айни кунда вилоятга ташриф буюраётган меҳмонлар учун Марғилон, Қўқон ва Фарғона шаҳарлари ҳамда Қува тумани бўйлаб экскурсиялар ташкил этилмоқда. Янги сайёҳлик йўналишлари – Марғилонда Бурҳониддин Марғиноний, Саид Аҳмад Эшон мажмуалари, Пирсиддиқ Ҳазрат чиллахонаси ва мақбараси, Увайсий уй-музейи, ҳунармандлар устахоналари, Қўқон шаҳридаги Ўрда ва Ўлкашунослик музейи, Жомеъ, Камолқози масжидлари, Норбўтабий мажмуаси, Даҳмаи Шоҳон ва Маъдалихон тарихий ёдгорликлари, Фарғона шаҳри ҳамда Қувадаги Аҳмад Фарғоний мажмуаларига уюштирилаётган саёҳатлар туристларда юртимиз тарихи, маданий обидалари ҳақида ўчмас таассурот қолдирмоқда. Миллий ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этилиши ҳамда хорижлик сайёҳларнинг улар билан танишиши ҳам бу борада янги имкониятларга йўл очмоқда.

Бундай кенг кўламли ишлар вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам олиб борилаётир. Бешариқ, Фурқат, Ёзёвон, Тошлоқ туманлари ҳамда Фарғона, Қўқон шаҳарларида экологик туризмни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Тошлоқ туманидаги “Акмал-75” фермер хўжалиги кўли, Бешариқ туманидаги “Шодқозиқ” ва “Сарикалиш” фермер хўжаликлари кўллари қайта таъмирланди. Қўқон ўрмон хўжалиги ҳудудида табиат билан яқиндан танишиш, дам олиш имкониятлари яратилган.

Обод турмуш йилида мазкур йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Вилоятнинг туризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш мақсадида тарихий-маданий ёдгорликлар, миллий ҳунармандлик буюмлари, халқимизнинг урф-одат ва анъаналарини акс эттирувчи буклетлар, дисклар тайёрланди. Қува ва Фурқат туманларида янги меҳмонхоналар барпо этилмоқда.

– Тегишли давлат дастурлари асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар самарасида юртимизнинг барча ҳудудида сайёҳлик йўналишлари кўпайиб, ички туризмни ривожлантириш имкониятлари янада кенгаймоқда, – дейди “Фарғона водий сайёҳ” сайёҳлик фирмаси раҳбари Ҳамиджон Абдураҳимов. – Масъулияти чекланган жамиятимиз томонидан вилоятдаги ташкилот ва корхоналар ходимларининг Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларига саёҳатлари ташкил этилмоқда. Бу саёҳатлар давомида фарғоналиклар юртимизнинг бетакрор гўшалари ва гўзал шаҳарлари ҳақида катта таассуротга эга бўлмоқда.


ЎзА, М.Сулаймонов
8 853