ЎзА Ўзбек

25.01.2013 17:44 Чоп этиш версияси

Сайёҳларга – сифатли хизмат

Хоразм вилояти Урганч туманида жойлашган “Улли ҳовли туризм” сайёҳлик маркази томонидан хорижлик меҳмонларга кўплаб замонавий хизмат турлари таклиф этилмоқда.

Мамлакатимизда сайёҳлик йўналишлари кўламини кенгайтириш ва янги туристик объектларни очиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур йўналишда белгиланган чора-тадбирлар асосида туристик фирма ва компаниялар томонидан таклиф этилаётган хизматлар сайёҳларнинг юртимизнинг диққатга сазовор жойларига бўлган қизиқишини янада оширмоқда.
Урганч тумани Ғойбу қишлоғида жойлашган Улли ҳовли ёдгорлиги ана шундай масканлардан биридир.

– Мазкур обида 1694 йилда барпо этилган бўлиб, салкам бир гектар майдонни эгаллаган ҳимоя қўрғони билан ўралган, – дейди Урганч давлат университети ўқитувчиси, тарих фанлари номзоди Юлдуз Раҳмонова. – Мазкур иншоот бу ерда истиқомат қилган оилаларнинг хавфсизлигини таъминлаган.

Президентимиз раҳнамолигида аждодларимизнинг муқаддас хотирасини тиклаш, улар томонидан бунёд этилган тарихий обидаларни таъмирлаш, атрофини ободонлаштириш борасида амалга оширилган хайрли ишлар самарасида мазкур ёдгорлик ҳам иккинчи умрини яшай бошлади. Бу ерда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари натижасида Улли ҳовли қўрғони замонавий сайёҳлик марказига айлантирилди. 2009 йилдан ушбу мажмуада “Улли ҳовли туризм” сайёҳлик маркази томонидан бу ерга ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатиб келинмоқда.

– Мазкур қалъанинг нафис нақшлар билан безатилган катта дарвозаси қайта тикланди, – дейди “Улли ҳовли туризм” сайёҳлик маркази директори Давлатназар Ражабов. – Олтита айвон томи ва деворлари таъмирланди. Бундан ташқари, тўртта ўтов тикилди.

Сайёҳлар бу ерда тегирмонларда ун ва гуруч тайёрлаш ҳамда улардан турли-туман мазали таомлар пишириш, тандирларда хоразмча нон ва патир ёпиш жараёнининг гувоҳи бўлишлари мумкин. Буларнинг барчаси халқимизнинг бебаҳо қадриятлари, юртимиз тарихи ва маданиятининг бир бўлаги сифатида тақдим этилиши эса чет элликларда катта қизиқиш уйғотади.

2012 йилда “Улли ҳовли туризм” мажмуасида 250 нафардан зиёд сайёҳга хизмат кўрсатилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич янада ошиши кутилаётир. Бунинг учун зарур имконият ва шароитлар яратилмоқда. Жумладан, жорий йилда сайёҳлик маркази қошида 20 ўринли меҳмонхона, Ғазовот канали бўйида ёзги оромгоҳ қурилиши, қалъа атрофини ўраб турувчи йўл асфальтланиши режалаштирилган. Мазкур ишлар “Агробанк” томонидан ажратилган 200 миллион сўмлик кредит маблағи эвазига амалга оширилади.

– Хоразмнинг кўплаб тарихий масканларида бўлганман, улар ичида Улли ҳовли мажмуаси менда катта таассурот қолдирди, – дейди германиялик Ханнелоре Бендсен хоним. – Ушбу мажмуани халқингиз бағрикенглигининг яна бир ифодаси, десам, адашмайман. Мажмуа ходимларининг хушмуомала ва меҳмондўстлиги, айниқса, мазали ўзбек таомлари бизга манзур бўлди. Бу ерда кураш, қўчқор, хўроз уриштириш каби миллий урф-одатларни томоша қилиб, мумтоз ашулаларни тинглаб, халқингиз ўзининг бетакрор қадриятларини нақадар асраб-авайлашига, юртингиз маданияти боқий ва бардавом эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.

Таъкидлаш жоизки, бундай сайёҳлик марказларида таклиф этилаётган замонавий хизмат турлари меҳмонлар оқимининг кўпайишига, ўз навбатида, бу туризм соҳасининг янада ривожланиб, халқимиз турмуш даражасининг яхшиланишига хизмат қилмоқда.


ЎзА, А.Шокиров
8 303