ЎзА Ўзбек

09.10.2019 Чоп этиш версияси

Россиялик сайёҳ йўқотган қадрли нарса топилди

Россиялик сайёҳ йўқотган қадрли нарса топилди

Хоразм вилояти Хива шаҳар “Ичан қалъа” давлат музей қўриқхонаси ҳудудида хизмат фаолиятини олиб бораётган Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан эгаси номаълум, унутиб қолдирилган қора рангли мобил телефон аппарати топилди. 

Ушбу алоқа воситасини эгасига қайтариш мақсадида, Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан “Ичан қалъа” мажмуасидаги савдо-сотиқ билан шуғулланувчилар, музейлар, умумий овқатланиш шохобчалари, меҳмонхоналар ишчи-хизматчилари ҳамда сайёҳлик гуруҳларининг гид-таржимонлари ўртасида сўров-суриштирув ҳаракатлари олиб борилди.

Олиб борилган сўров-суриштирув ишлари натижасида ушбу алоқа воситаси Россия Федерациясидан сайёҳ сифатида келган Валентина Макеевага тегишли эканлиги аниқланиб, унга шахсий телефони қайтариб берилди.

Валентина Макеева Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари бўлган суҳбатда ушбу телефон ўзи учун жуда қадрли эканлиги, унда саёҳат давомида олинган фотосуратлари ва бошқа қимматли бўлган маълумотлар мавжудлигини, саёҳат давомида бу телефонни “Ичан қалъа”да жойлашган тарихий объектлар, уларнинг узоқ ўтмиши, ўзига хос юксак дид билан ишланган кошинлари ва меъморчилигига маҳлиё бўлиб қандай қилиб унутиб қолдирганини, шундан кейин топа олмасдан юрганлигини билдирди.

Россиялик сайёҳ Валентина Макеева бошқарма ходимларига ўз миннатдорчилигини билдирди.

“Менга қадрли бўлган, Ўзбекистон бўйлаб саёҳатим акс этган фотосуратларим сақланаётган телефонимни топиб берганликлари учун Ўзбекистон Ички ишлар органлари, хусусан, Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимларига ўз миннатдорчилигимни билдираман", дея қувонч кўз ёшларини тўхтата олмади.

Дониёр Султонов, 
Хоразм вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходими

12 321
ЎзА