ЎзА Ўзбек

15.03.2019 18:39 Чоп этиш версияси

Россияда Ўзбекистоннинг сайёҳлик бренди элчиси тайинланди

Россияда Ўзбекистоннинг сайёҳлик бренди элчиси тайинланди

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятига бағишлаб ўтказилган тадбирда Россияда Ўзбекистоннинг сайёҳлик бренди элчиси тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда икки мамлакат сайёҳлик агентликлари раҳбарлари, ўзбек диаспораси ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Россиядаги Ўзбекистоннинг сайёҳлик бренди элчиси этиб Россия халқ артисти, таниқли актёр, режиссёр ва жамоат арбоби Юрий Стоянов тайинланди. У бундай юксак ишонч учун миннатдорлик билдирар экан, Ўзбекистон билан мустаҳкам ришталар орқали боғланганини қайд этди.

Юрий Стояновнинг онаси Иккинчи жаҳон уруши йилларида Тошкентга кўчиб келган ва узоқ вақт шу ерда яшаган. Актёрнинг ўзи Ўзбекистонга тез-тез келиб туради ва юртимизни чинакам меҳр билан севади.

Элчи Россияда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини юксалтириш учун бор куч ва имкониятини ишга солишини таъкидлаб, барча даражадаги тадбирларда юртимиз тарихи, маданияти, миллий қадрият ва анъаналари, бугунги эришаётган ютуқларини тарғиб этишини билдирди.

ЎзА
4 679