ЎзА Ўзбек

05.03.2019 15:26 Чоп этиш версияси

Покистонда Ўзбекистон сайёҳлик ахборот маркази иш бошлади

Покистонда Ўзбекистон сайёҳлик ахборот маркази иш бошлади

Покистонда Ўзбекистон сайёҳлик ахборот маркази ташкил этилди. Маросимда мамлакатимизнинг Покистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фурқат Сиддиқов ҳамда Покистон иқлим ўзгариши вазири Зартаж Гул хоним сўзга чиқди.

Тадбирда икки давлат вазирлик ва идоралари вакиллари, соҳа мутахассислари, журналистлар иштирок этди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Мамлакатимиз Марказий Осиё давлатлари орасида Покистон билан тўғридан-тўғри мунтазам ҳаво транспорти алоқасига эга мамлакат ҳисобланади. Покистон цивилизация ўчоғи ҳамдир. Сайёҳлик марказининг ташкил этилиши мамлакатларимиз ўртасида азалий ҳамкорлик алоқаларини янги босқичда ривожлантиришга хизмат қилади.

Тадбирда Ф.Сиддиқов Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, таълим муассасалари, бизнес имкониятлари, саноат ва сайёҳлик имкониятлари ҳақида маълумот берди. Покистонликларнинг юртимизда таълим, бизнес ва туризм соҳаларидаги фаолиятини юксак баҳолаб, улар учун кенг имкониятлар эшиги очилганини алоҳида қайд этди.

– Бу марказ покистонлик ёшлар учун ҳам кенг имкониятлар яратади, – деди З.Гули. – Эндиликда, улар дунё цивилизациясига, хусусан, ислом дини ривожига муносиб ҳисса қўшган замин, бу ерда яшаб ўтган буюк уламолар, олимлар ҳақида тўлиқ маълумот олиш имконига эга бўлишади.

Хабарда 2018 йилнинг март ойидан эътиборан FlyDubai авиакомпанияси томонидан Покистон – Тошкент авиарейси йўлга қўйилгани ҳақида айтилган. Ҳозирга қадар Лаҳор – Тошкент авиақатнови йўлга қўйилган эди. 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА​​
2 214