ЎзА Ўзбек

14.10.2019 Чоп этиш версияси

Озарбайжон Ғарб ва Шарқ цивилизацияларини боғловчи кўприк

Озарбайжон Ғарб ва Шарқ цивилизацияларини боғловчи кўприк

Туризм – жаҳонда сўнгги йилларда тез тараққий этиб бораётган соҳалардан бири бўлиб бормоқда. Ҳар йили миллионлаб кишиларнинг дам олиш ва саёҳатга чиқиш ниятида йўлга отланиши натижасида бу тармоқ кун сайин кенгайиб бормоқда. 

Бу борада Озарбайжонда ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Маълумки, Буюк Ипак йўлида жойлашган Озарбайжон ҳудудлари минг йиллар давомида савдогарлар тўхтаб ўтадиган манзиллардан бири бўлиб келган эди. 

XIX асрнинг охири, ХХ асрнинг бошларида Бокудаги карвонсаройлар дунёнинг барча бурчакларидан келган савдогарлар билан тўлиб тошгани тарихдан маълум. 

Экспертларнинг фикрича, Озарбайжонда замонавий туризм ўтган асрнинг 80 йилларида тезлик билан тараққий эта бошлади. 1987 йилда бу борада энг юқори кўрсаткич қайд этилди. Ўша йили республикага дунёнинг 50 та мамлакатидан 250 мингга яқин сайёҳ ташриф буюрди. 

Сайёҳлар оқими кўпайиб бориши сабабли ҳукумат республикада янгидан-янги меҳмонхоналар қуриш ҳақида қарор қабул қилди.

1990 йиллар бошларида Озарбайжондаги туризм соҳасида бир қатор муаммолар учради. Бироқ мустақиллик йилларида туризмга катта эътибор қаратилгани боис, бу соҳа ривожлана бошлади. Мамлакатнинг йирик ва қадимий шаҳарларида хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатишга қодир замонавий меҳмонхоналар бунёд этила бошланди. 

Республиканинг барча минтақаларида сайёҳларга мўлжалланган туристик компаниялар ташкил этилди. 

Шунингдек, замон талабларига тўла мос келадиган хусусий соғломлаштириш марказлари ҳам фаолият юрита бошлади. Бир йилда республикага келувчи хорижий сайёҳлар сони 1 миллиондан ошиб кетди. 
Бугунги кунда Озарбайжонда 130 дан ортиқ музей, галерея ва уларнинг филиаллари фаолият кўрсатади. 6308 та тарихий ва маданият ёдгорлиги рўйхатга олинган. Учта ёдгорлик эса - Бокудаги “Ичери шехер“, “Қиз қальаси” ва “Қобустан” - ЮНЕСКО Маданий Мерос рўйхатига киритилган. 

Қобустон, Беюк-даш, Кичикдаш, Жингирдаг, Шонгардаг ва Шихгая тоғларидаги қоятош суратлари ибтидоий одамларнинг манзилгоҳлари, қальалар, қабрлардаги ёзувлар озарбайжон халқининг минг йиллик тарихини намоён этмоқда. 

Мамлакат пойтахти Бокудаги Ичеришехер қальаси, Ширваншахлар саройи, Синиқ Қала, Қиз қальаси, Савдо мажмуалари каби ёдгорликлар кишини ўзишга жалб қилади. Шаҳарда 7 театр, 30 га яқин музей (жумладан, Саньат музейи, Озарбайжон гиламлари музейи, Халқ амалий саньати музейи) мавжуд. 

Шаҳар атрофидаги диққатга сазовор жойлардан бири Оташгоҳ мажмуаси ва очиқ осмон остидаги Қобустон музейи ҳамиша саёҳатчилар билан гавжум.
Озарбайжон тарихи музейи – шаҳардаги энг кўркам бинолардан бири бўлиб Республика бош музейи ҳисобланади. Музейда 300 000 дан ортиқ экспонат бор.

Озарбайжонда нефть билан даволашга алоҳида эътибор қаратилади. Даволашнинг бу усули орқали инсон организмида ижобий ўзгаришлар кузатилиши исботланган. Шу мақсадда республикада кўплаб шифохона ва курортлар ташкил этилган. 

Даволаш муассасалари сайёҳлик маркази ҳам саналади. Дунёда ягона ҳисобланмиш Нафталандаги даво масканларига минглаб туристлар ташриф буюради. Таҳлилчилар туризм Озарбайжонда жадал суратларда тараққий этаётганини таъкидлашади. Бу мамлакат иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ҳар йили сайёҳлар оқими ўртача 10-11% ўсмоқда. Бу ўз навбатида янгидан янги дам олиш ҳудудлари ва меҳмонхоналар барпо этилишига сабаб бўлмоқда. Озарбайжон Маданият ва туризм вазирлиги соҳани ривожлантириш мақсадида жаҳоннинг турли мамлакатларида, жумладан Тошкентда бўлиб ўтадиган халқаро сайёҳлик кўргазма ва ярмаркаларида мунтазам иштирок этиб келади. Республикада май- октябрь ойлари сайёҳлик мавсуми дея тан олинган. 

Озарбайжон ғарб ва шарқ цивилизацияларни боғловчи кўприқдир. Бу мамлакат диққатга сазовор жойлари ва гўзал табиати билан эътиборлидир. Боку марказида дўконлар эрталабки 9:00да очилиб, тун ярмига қадар ишлайди. Нархлар бозор ва ярмаркаларда нисбатан арзон бўлиб, харидор албатта сотувчи билан савдолашиши керак. 

Озарбайжон ошхонаси ҳақида ҳам албатта тўхталиб ўтиш керак. Озарбайжон таомлари асосан гўшт, балиқ ва сабзавотлардан тайёрланади. Озарбайжонлар ҳам худди ўзбеклар сингари паловни миллий таом сифатида тан олишади. Бу ерда ошнинг 40 дан ортиқ тури бор. Шашлик ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Озарбайжонликларнинг ширинликлари ҳам сайёҳларнинг оғзида анча вақт қолса ажабмас.

Республиканинг барча бурчакларида чойхоналарни учратиш мумкин. Шу сабабли ҳам озарбайжонларни, худди ўзбеклар сингари чойхўрлар деб аташ мумкин. Ўзбекларда чой пиёлаларда ичилса, озарбайжонларда кичик шиша стаканларда берилади. 

Мустақилликка қадар Озарбайжон нефтдан кўра кўпроқ узумчиликдан фойда кўрарди. Бу фактнинг ўзиёқ республикада қадимдан узумчилик ривожланиб келганлигини кўрсатади. Археологик қазишмалар эрамиздан аввалги 3 асрдаёқ минтақада узумчилик ва виночилик ривожланганлигидан далолат беради. 

Озарбайжонда қадим-қадимдан булоқ суви, балчиқ, нефть орқали даволаш йўлга қўйилган. Мамлакат даволаш учун мўлжалланган нефтни экспорт қилиш билан оламга танилган. Шу сабабли ҳам Озарбайжон курорт ўлкаси деб аталади. Бугунги кунда республикада тиббиёт туризми ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

2007-йилда президент Илҳом Алиев “Озарбайжон курортлари” деб номланган Давлат дастури тўғрисидаги фармонга имзо чекди. 2009-йилда эса Вазирлар Маҳкамаси “Курортларнинг Намунали Устави” тўғрисида қарор қабул қилди. 

Сўнгги уч йилда Озарбайжонда олтида Беш юлдузли меҳмонхона фойдаланишга топширилди. Нафталанда меҳмонхоналар сони ортиб бормоқда. Бугунги кунда Нафталан шаҳрида 3та беш юлдузли меҳмонхона бор. 

8 003
Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА