ЎзА Ўзбек

14.04.2020 Чоп этиш версияси

Осиёнинг машҳур курортларида бугун нима гап?

Осиёнинг машҳур курортларида бугун нима гап?

Карантин Жанубий-Шарқий Осиёда курортларидаги анъанавий ҳолатни бутунлай ўзгартириб юборди. Пляжлар бўм-бўш, қирғоқларда дельфинлар пайдо бўлган. Шаҳар кўчаларини баъзан шохдор жониворлар кезиб юрибди. Дўконларда ҳама нарса бор, бинобарин, Бангкокда алкогол сотиш тақиқланган. Келинг, Осиёдаги бутун дунё сайёҳлари эътиборини йил давомида жалб этиб турадиган энг машҳур дам олиш ҳудудларининг бугунги кунига навбатма-навбат назар ташлаймиз.

Вьетнам

Вьетнам коронавирусни енгишни уддалади. Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатда 255 дан зиёд бемор бўлса-да, ўлим ҳолати бирор марта ҳам қайд этилгани йўқ. Соғайганлар эса 144 нафар. Шунга қарамасдан, профилактика чоралари ҳалиям қатъий амал қилмоқда. Жуда кўп машҳур сайёҳлик манзиллари февраль ойидан буён ёпиқ. 16 мартдан бошлаб Вьетнам фуқаролари ҳам, хорижликлар ҳам кўчада тиббий ниқоб билан юришлари шарт қилиб қўйилган.

Чекловлар, ўз навбатида кутилмаган оқибатларни келтириб чиқармоқда. "Фантастика! Нячангда яна дельфинлар пайдо бўлди, — дейди 6 йилдан бери шу ерда яшаётган Жанна Мокрушина. — Бир томондан, кемалар шовқини анча камайган, гўзаллик, экзотика кўпроқ".

photo_2020-04-14_13-15-19.jpg

Пляжлар ҳозир берк. Маҳаллий аҳоли ва сайёҳларга фақат озиқ-овқат дўкони, дорихона ва ишга бориш учун рухсат бор. Ҳамма жойга киришда тана ҳарорати ўлчанади.

Шаҳарлар ҳам курортлар ҳам кимсасиз. Полиция кўчада юрганларни ҳайдайди. Савдо марказлари ёпиқ. Сайёҳларнинг айтишича, дўконларда ҳеч бир маҳсулот танқислиги кузатилгани йўқ. Бунинг устига, масалан, Хошиминда эҳтиёжманд оилаларга гуруч текин бериляпти. Нячангда яқинда ресторан эгалари Андрей ва Анна 50 дан зиёд кишига бепул тушлик тарқатишди.

Нячангдаги "рус оролчаси" — Горький хиёбони ҳам фаолиятдан тўхтаган. Аслида, бу маконнинг номи “Марказий”, аммо негадир, кўпчилик юқоридагидек атайди. Одатда, ушбу боғ доимо гавжум бўларди. Ҳар қадамда ўйин-кулги, хуш кайфият ҳукмрон эди. Кафелар ишлаб турарди, мусиқачилар куй чалишарди.

Таиланд

Таиландда коронавирус билан боғлиқ вазият Вьетнамга қараганда анча оғир. Инфекция тахминан 2500 кишида аниқланган. Табиийки, касаллик юқтирганлар орасида мамлакатнинг курорт зоналарида дам олиш учун келган хорижий фуқаролар ҳам кўп.

Давлат вирусга қарши кескин чоралар кўряпти. Барча ҳудудларда 22.00 дан 04.00 гача комендантлик соати жорий қилинган. Сайёҳларга хизмат кўрсатаётган гидлардан бирининг айтишича, “Бу усул хавфсизлик нуқтаи назаридан қўлланган, чунки, масалан, Паттайя шаҳрида кечалари кўчалар дезинфекция қилинади. Бундан ташқари маҳаллий аҳолининг кўпчилиги ишидан айрилган, шу боис жиноятчилик кўпайиши эҳтимоли юқори, криминоген вазият ёмонлашган".

photo_2020-04-14_13-15-22.jpg

Ҳозирча пляжларга кириш бутунлай таъқиқлангани йўқ. "Паттайяда пляжлар ишлаб турибди, фақат кўпчилик бўлиб тўпланмаслик талаб этилади, — дея вазиятга аниқлик киритган гид. — Карантин пайти денгизни ҳеч ким ёпгани йўқ, бироқ, масалан, Пхукетнинг Патонг туманида қатъий ўз-ўзини яккалаш режими амал қилмоқда. Ҳатто, кўчага чиқиш ҳам мумкин эмас. Сув, озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотларни уйга келтириб беришяпти".

Айтишларича, айрим ороллар ҳудудига кириб-чиқиш мутлақо ман этилган.

Парк ва хиёбонлар 25 мартдан буён меҳмонларни қабул қилмаяпти. Сайёҳлар йўқлиги дам олиш масканлари бюджетига салбий таъсир кўрсатди. Маълумки, дунёнинг кўпгина давлатларидан келган сайёҳлар учун фил экзотик жонивор ҳисобланади. Таиланд парк ва хиёбонларидаги филлар одатда, муайян тўлов эвазига турли томошалар кўрсатади, сайёҳларни устига миндириб олиб, сайр қилдиришади. Эгаси ёки кузатувчиси билан бирга, албатта. Шу кунларда юзлаб мана шундай туристик хизмат кўрсатувчи филлар ҳаёти хавф остида қолмоқда — жониворлар "ўзларини ўзлари боқа" олишмаяпти. Зеро, биргина филнинг фақат қорнини тўйдириш учун кунига 300 килограмм озуқа керак бўлади. Яна бошқа харажатлар ҳам бор. Икки мингдан зиёд хартумлилар "ишсиз" қолишди. Бошқача айтганда, вирус мамлакат туризм саноатини издан чиқарди. Бу фикрлар Таиланд филлар ассоциацияси президенти Тирапат Трунгпраканга тегишли.

Таиланддаги барча савдо марказлари фаолияти тўхтаган. Фақат озиқ-овқат сотиладиган супермаркетлар ва дорихоналар ишлаб турибди. Ресторан ва кафелар, сартарошхоналар, массаж салонлари, стадионлар, кинотеатрлар, фитнес-марказлар тақа-тақ берк. Мамлакат пойтахти ва яна бир неча провинцияларда спиртли ичимликлар билан савдо қилиш ман этилган.

photo_2020-04-14_13-15-36.jpg

Бинобарин, шундай мураккаб вазиятда ҳам дўконларда маҳсулотлар тақчиллиги умуман сезилмаяпти. Энг муҳими нарх-наво жойида, кўтарилмаган. Аксинча, айрим озиқ-овқат маҳсулотлари, масалан мавсумий мевалар арзонлашган.

Таиландда ҳозир шунчаки кўчаларни айланиб юриш мумкин эмас. Комендантлик соати жориф этилганлиги сабабли, тунда уйдан чиқишга рухсат йўқ, кундузи тиббий ниқоб тақиш мажбурий. Яқинда Пхукет оролида белгиланган қоидаларни писанд қилмай, пляж ёқалаб бемалол юрган бир француз сайёҳи қўлга тушибди. Маълум бўлишича, унга 20 минг бат (тахминан 6 750 000 сўмга тенг) жарима жазоси қўлланиши мумкин экан.

Индонезия

Индонезияда ўтган ҳафта сўнгида COVID-19 билан касалланганлар сони 2700 дан ошди, 220 дан ортиқ бемор ҳалок бўлди.

Шундай бўлса-да, ушбу давлатда жойлашган дунёнинг энг мафтункор оролларидан бири Балини кўпчилик хорижлик сайёҳлар тарк этишни хоҳлашмаяпти. Маълум бўлишича, икки мингга яқин Хитой, АҚШ ва Европа мамлакатлари фуқаролари ҳукуматдан визаларини узайтириб беришни сўраган.

Қоидалар энди-энди қатъийлашяпти. "Индонезия чегараларни ёпди, — дейди Бали бўйича гид Ария Панде. — Ҳозир ишламаяпмиз, авиа қатновлар тикланишини кутяпмиз. Умуман олганда, оролда ҳаёт кечириш учун муаммо йўқ: дўконлар очиқ, ҳамма нарса бор, тақчиллик сезилмайди. Фақат курортлар, пляжлар сайёҳларни қабул қилмаяпти ".

Непал

Непалда ҳам ҳозир сайёҳлар анча камайган. Улар ҳам, пляж ишқибозлари эмас, балки асосан треккинг ёки альпинизм билан шуғулланувчилар. Эверест чўққисига кўтарилиш 14 мартдаёқ тўхтатилган. “Дунё томи”га чиқишни хоҳловчилар учун, агар ҳаммаси жойига тушиб кетса, 30 апрелдан кейин йўл очилади. Непал пойтахти Катманду шаҳри яқинида жойлашган, доим хорижлик сайёҳлар билан гавжум бўладиган Лалитпурдаги Дурбар майдонининг энг азиз меҳмонлари айни пайт — қушлар.

Сайёҳларнинг айтишича, дўконлар, бозорлар очиқ. Бунинг устига айрим жойларда ўтириб олиб, кофе ҳам ичиш мумкин.

Шунга қарамасдан, айрим шаҳарлар кўчаларига вақти-вақти билан ёввойи ҳайвонлар оралаб қолади. Масалан, куни кеча бир қўтос Читвандаги миллий парк ҳудудини тарк этиб, шу яқин орадаги аҳоли пунктини сайр қилиб чиқди. Табиийки, кўчада юрган кам сонли йўловчилар “кутилмаган сайёҳ”ни кўриб, тумтарақай қочишди. Шундан кейин ижтимоий тармоқларда ҳазил аралаш изоҳлар пайдо бўлди: “Чангалзордан келган меҳмон бизга карантинга риоя қилиш шартлигини эслатиб қўйди”.

Интернет материаллари асосида
Ғайрат ХОННАЗАРОВ тайёрлади,

8 339
ЎзА