ЎзА Ўзбек

13.05.2013 15:10 Чоп этиш версияси

Орзум ушалди – Самарқандни зиёрат қилдим

Мамлакатимизнинг кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳарлари, бетакрор табиати ҳамда бой маданияти дунё сайёҳларини ўзига кенг чорлаб келмоқда. Баҳор фаслининг тароватли кунларида юртимизнинг турли шаҳарларида кўплаб туристларни учратиш мумкин. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбири улардан айримларининг таассуротлари билан қизиқди.

– Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонда изчил амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари сайёҳликни ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда, – дейди австриялик Тобиас Эрман. – Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива, Шаҳрисабз каби шаҳарларингиздаги бетакрор меъморий обидалар ва муқаддас қадамжолар дунё мамлакатларида кам учрайди. Ўзбекистондаги меҳмонхона, ошхона ва ресторанларда хизмат кўрсатиш даражаси юқори. Бозорлардаги сархил мевалар табиийлиги ва фойдалилиги билан ажралиб туради. Ўзбекистонда ёшларнинг таълим олишга интилиши жуда юқори экан. Ўзбекистонлик ёшларнинг хорижий тилларни яхши билишини кўриб, бунга тўла амин бўлдим.

– Ўзбекистон билан Сингапур ўртасида таълим соҳасида талабалар алмашинуви йўлга қўйилгани яхши самаралар бермоқда, – дейди сингапурлик Тижу Сок Йонг. – Ўзим ҳам бирга ўқиган ўзбек йигити билан қалин дўст бўлиб қолганман. Мамлакатингизга шу дўстимнинг таклифи билан келдим. Сафарим давомида ўзбек оилаларида меҳмон бўлиш, тўй маросимларида қатнашиш имкониятига эга бўлдим. Энг қувонарлиси, катта орзум ушалди – Самарқанд шаҳрини зиёрат қилдим. Самарқанд бежиз “Шарқ гавҳари” дея аталмас экан. Дунёда бу шаҳарнинг гўзаллигидан, унинг мусаффо ҳавосию зилол сувидан баҳраманд бўлишни, бетакрор тарихий обидаларини кўришни орзу қилмаган одам бўлмаса керак. Регистон мажмуаси, Амир Темур мақбараси, Мирзо Улуғбек расадхонаси каби мўъжизаларни зиёрат қилишга мушарраф бўлганимдан ғоят бахтиёрман. Мамлакатингизда тарихий, маданий бойликларни асраб-авайлаш, миллий ҳунармандчиликни ривожлантиришга улкан эътибор қаратилаётганига гувоҳ бўлдим. Бу ерда қоғоз тайёрлашнинг қадимий усули билан пишиқ ва сифатли қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқариш жараёнида ҳам қатнашдим. Тут дарахти пўстлоғидан тайёрланадиган бундай қоғоздан кийим-кечакдан то маиший буюмларгача тайёрланар экан. Самарқанд нонининг мазаси бир умр ёдимда қолади.

– Ўзбекистонга бундан ўн етти йил аввал ҳам келган эдим, – дейди испаниялик Гаспар Кабаллеро. – Бу сафар Тошкентни кўриб, ҳайратга тушдим. Шаҳар қиёфасини тубдан ўзгартирган маҳобатли саройлар ва биноларни кўриб, амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларига қойил қолдим. Ташрифим давомида Хивани ҳам зиёрат қилдим ва бу шаҳар чиндан ҳам очиқ осмон остидаги музей эканига амин бўлдим. Орадан шунча кўп вақт ўтганига қарамай, бу мафтункор шаҳар асл қиёфасини йўқотмагани ҳар қандай сайёҳнинг ҳавасини келтириши табиий. Мамлакатингизда меҳмонхона бизнеси юқори суръатларда тараққий этаётганига гувоҳ бўлдим. Нафақат катта шаҳарларда, балки узоқ туманларда ҳам замонавий меҳмонхоналар бунёд этилиб, сайёҳларга сифатли хизмат турлари таклиф этилмоқда.

– Тарихчи бўлганим учун қайси мамлакатга бормай, унинг маданияти, анъаналари, меъморий обидалари ва шаҳарлари тарихини ўрганишга интиламан, – дейди америкалик Колин Бекер. – Мисол учун, “Тошкент” сўзи қадимий туркий тилда "феруза" маъносини билдирар экан. Атаманинг шу луғавий маъносидан келиб чиқиб, Тошкентни “феруза шаҳар” дейиш мумкин. Тошкент, ҳақиқатан ҳам, ўз номига муносиб шаҳар экан. Бу ерда қад ростлаган замонавий биноларда меъморчиликнинг миллий ва замонавий услублари юксак дид билан уйғунлаштирилганини кўрдим. Ўзбек халқининг улкан бунёдкорлик салоҳияти шаҳар инфратузилмасида, майдонлар мажмуида, уй-жойлар қурилишида ўзининг яққол ифодасини топган.


ЎзА, Мадина Умарова
10 916