ЎзА Ўзбек

13.03.2019 16:22 Чоп этиш версияси

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятига инфо-тур ташкил этилмоқда

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятига инфо-тур ташкил этилмоқда

Жорий йилнинг 14-16 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятига инфо-тур ташкил этилмоқда.

Мазкур инфо-турдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимиз моддий-маданий мерос объектларини халқимизга таништириш ва тарғиб қилиш ҳамда тарихий ёдгорликларни асраб-авайлашда оммавий ахборот воситалари ролини оширишга қаратилган.

Тадбир доирасида иштирокчилар Қорақалпоғистон Республикасида туризмни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, Чимбой туманида бу борадаги ўзгаришлар, Хоразм вилоятининг ўзига хос азалий қадриятлари, мингйиллик меъморий обидаларини, Урганч туманида жойлашган “Улли ҳовли” ва Хива шаҳридаги “Нуруллабой” мажмуалари билан яқиндан танишишга муваффақ бўлади.

– Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида туризм соҳасини тубдан такомиллаштиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда, – дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати ходими Шерзод Султонов. – Президентимизнинг 2018 йил 29-30 ноябрь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи чоғида ҳам айнан шу тизимни ривожлантиришга, туризм соҳаси субъектлари ва республика оммавий ахборот воситалари вакиллари учун инфо-тур ташкил этиш бўйича қўмитамизга кўрсатмалар берган эди. Ушбу устувор вазифалардан келиб чиқиб, қўмита томонидан бир гуруҳ журналистлар учун инфо-тур уюштирилмоқда. Мақсадимиз юртимизнинг туризм салоҳиятини янада кўтариш, хорижий сайёҳлар эътиборини жалб қилиб, ички туризм равнақи йўлида мустаҳкам пойдевор ўрнатишга қаратилган.

Муҳайё Тошқараева, ЎзА
2 183