ЎзА Ўзбек

11.02.2020 Чоп этиш версияси

“Олтин ҳалқа” сайёҳлик йўналиши бўйлаб саёҳат

“Олтин ҳалқа” сайёҳлик йўналиши бўйлаб саёҳат

Тошкент вилояти туризм йўналишлари бўйича улкан салоҳиятга эга. Мамлакатимизда соҳани жадал ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли вилоятда туризмнинг эко, экстремал ва тоғ, агро, зиёрат, саноат ва бошқа турлари жадал ривожланмоқда.

Айни пайтда вилоятда туризм инфратузилмасини янада яхшилаш, сайёҳларга кўрсатилаётган хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш, уларга ҳар томонлама қулай шароит яратиш борасида тизимли ишлар бажарилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 декабрдаги “2019-2021 йилларда Тошкент вилоятида туризм соҳасини жадал ривожлантириш тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этаётир.

12.JPG

Мазкур ҳужжат билан Тошкент вилоятининг 7 та ҳудуди – Бўстонлиқ, Оҳангарон, Паркент, Бўка, Чиноз ва Зангиота туманлари ҳамда Ангрен шаҳрида туризмни “Олтин ҳалқа” концепцияси асосида ривожлантириш белгиланди. Концепция доирасида ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос туристик салоҳиятидан келиб чиқиб, маълум бир туристик йўналиш ривожлантирилади ва бу орқали вилоятнинг туризм йўналиши хилма-хиллиги оширилади.

Маълумотларга кўра, 350 километрдан ортиқ узунликдаги “Олтин ҳалқа” йўли бўйлаб 2020-2021 йилларда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилади. Лойиҳа қиймати 638 миллиард сўм бўлган 40 та янги меҳмонхона барпо этилади. 420 та меҳмон уйи фаолияти йўлга қўйилади. Сайёҳлар учун қулайлик яратиш мақсадида йўл бўйлаб “Олтин ҳалқа” йўл белгилари ўрнатилиб, йўллар таъмирланади. Бепул интернет тармоғи ва биоҳожатхоналар ташкил этилади. Шунингдек, Ангрен шаҳридан Паркент туманига келгусида тоғ йўли бўйлаб янги йўл қуриш ҳам режалаштирилган.

11.JPG

Тошкент вилоятининг “Олтин ҳалқа” туристик йўналиши бўйлаб ташкил этилган илк медиа-тур иштирокчиларига шулар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Вилоят туризмни ривожлантириш департаменти ташаббуси билан ташкил этилган медиа-турда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўқитувчилари ва талабалари, Зангиота туманидаги 27-умумтаълим мактаби ўқувчилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

10.JPG

Медиа-турда иштирокчилар дастлаб Зангиота туманида бўлиб, Зангиота зиёратгоҳи ва Анбар она мақбарасини зиёрат қилди.

– Зиёратгоҳимизга кунига минг, дам олиш кунлари эса 3-4 минг зиёратчи келади, – дейди “Вақф” хайрия жамғармаси Зангиота зиёратгоҳи филиали вакили Шермурод Тоғай. – “Олтин ҳалқа” концепцияси қабул қилингани ва ҳалқа бўйлаб илк саёҳатга ёшлар чиққани қувонарли. Боиси, зиёратгоҳга келувчилар, айниқса, ёшларга диний уламоларимиз, уларнинг илми ва ислом динида тутган ўрни, ҳаёт йўли ҳақида маълумот бериб, шу орқали уларнинг маънавиятини юксалтириш борасидаги имкониятимизни янада оширади.

8.JPG

“Олтин ҳалқа” туристик йўналиши бўйлаб кейинги манзил Чиноз туманидаги “Chinoz white fish” балиқчилик хўжалиги бўлди. Бу ерда иштирокчилар хўжалик фаолияти билан танишди.

– Хўжалигимиз 2016 йилда ташкил этилган бўлиб, интенсив усулда балиқ етиштириш билан шуғулланиб келади, – дейди “Chinoz white fish” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Маъруф Маматқулов. – Айни пайтда 14 гектарда балиқнинг сазан, амур, лаққа, судак, африка лаққаси каби 10 дан ортиқ турлари боқилмоқда. Фаолиятимиз интенсив усулда ташкил этилгани боис, МДҲ ва бошқа қатор давлатлардан ҳамкасбларимиз тажриба орттиришга келиб туради. 6 сотихда қафас (садок) усулида балиқ парваришлашни йўлга қўйганмиз. Шу ердан 30 тонна балиқ, бошқача айтганда, 10 гектардан олиш мумкин бўлган ҳосил олинади. Энди бу ерга сайёҳлар келишини ўйлаб, янада қувонаяпман. Чунки сайёҳлар учун қўшимча қулайликлар керак. Бу эса биз учун янги имкониятлар эшигини очади.

Тадбир доирасида иштирокчилар, шунингдек, Бўка, Оҳангарон ва Паркент туманларида бўлиб, зиёратгоҳ, диққатга сазовор туристик марказлар фаолияти билан ҳам танишди.

7.JPG

18 705
Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ, Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА