ЎзА Ўзбек

06.03.2019 17:59 Чоп этиш версияси

Олмаота – ностальгия ва троллейбусда саёҳат...

Олмаота – ностальгия ва троллейбусда саёҳат...

Самолётдан тушишимиз билан димоғимизга таниш, ёқимли ис урилди. Биз ўзимизни бошқа юртда эмас, худди Тошкентдагидек ҳис қилдик. Гўёки бир соат давомида учган самолёт бизни ўзга юртга эмас, қадрдон еримизга олиб келгандек эди.

Олмаота шаҳри бизни шундай илиқ қарши олди. Аэропортдан шаҳар марказига қараб юрарканмиз, ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон ва Қозоғистон минг йиллик қадрдон халқ вакиллари эканлигига янаям ишонч ҳосил қилдик. Кўчалар, шамоллар, одамлар ҳам худди ўзимиздагидек. Шаҳарнинг баъзи жиҳатлари эса 10 йил аввалги Тошкентни эслатиб юборади ва сизда ностальгияни қўзғагандек бўлади. Олмаотадаги Тошкент ностальгиясини қуйидагиларда кўрдим:

Биласизми, Олмаотада 10-15 йил аввал Тошкент кўчаларида эзмаланиб юрган шохли троллейбусларни учратиш мумкин. Совет Иттифоқи давридан қолган кўп қаватли уйлар ва маъмурий биноларни томоша қилиб троллейбусда сайр қиларкансиз бироз Олмаотани яқин тарихига қайтгандек бўласиз. Аммо, кўчалардаги ғарб машиналарининг кўплиги янги кўприклар ва Осмонўпар бинолар сизга Олмаотани бугунини эслатиб туради. Шаҳарда катта-кичик дарахтлар шу қадар кўпки, эрта баҳорда, ёзда улар ям-яшил бўлиб, олмалар шаҳрига қанчалар тароват бағишлашини тасаввур қилиш мумкин. Узоқда қорли тоғлар ястаниб ётибди, шаҳар ичида эса ҳаёт қайнамоқда, қозоқча-русча ёзувли турли бинолар ёнидан троллейбус секин кетиб боради. Асфальт йўллар текис, “яма”лар учрамайди, автомобиллар тартибли ҳаракатланади. Йўлни дуч келган жойидан кесиб ўтувчи одамларни учратмайсиз. Кўчада милиция, ЙПХ ходимлари деярли кўринмайди. Олмаотадан 1997 йилда пойтахт мақоми олиб ташланган. Олмаоталикларнинг айтишича бу билан шаҳарда ривожланиш тўхтаб қолган эмас. Давлат идоралари Остонага кўчиб ўтган бўлса-да, шаҳар аввал пойтахт бўлганини эслатиб турувчи бинолар талайгина. Мисол учун, Қозоғистон давлат музейи ҳам Олмаотанинг аввал маданият маркази, пойтахт бўлганидан дарак беради. Музейда Қозоғистон тарихи билан боғлиқ мингдан ортиқ экспонатлар борлиги айтилади. Шаҳар марказидаги кўркам тарихий бинолардан яна бири, “Қозоғистон” меҳмонхонасидир. Олмаоталиклар бу тарихий бино билан фахрланади. Меҳмонхонадан сал нарироқда Олмаотани қуш парвоз этадиган тепаликдан томоша қилишга олиб чиқувчи канатли йўл “Кўк тобе” тепалиги бор. Минг тенгега (12 минг сўм) “Кўк тобе” канатли йўлида сайр қилсангиз, Олмаота сизга кафтдек намоён бўлади. Бу албатта, троллейбусда сайр қилишдан кўра завқлироқ. “Кўк тобе” тепалигидан тоғлар орасида чироқлари ўчиб-ёниб жиловланаётган шаҳарни, унда тўхтовсиз манзилга шошилаётган машиналар ва ҳаракатсиз қотган йирик қутисимон биноларни томоша қилиш мумкин. Айтганча, тепаликка ўрнатилган “Beatles” гуруҳи ҳайкали билан суратга тушишни ёддан чиқарманг.

0c8236a3-fdc8-42a7-ac4d-33c9b4e4cf83.jpg

Троллейбус дўкон, офис ва ресторанлар ёйилган кўчалар бўйлаб секин боради. Олмаотада ҳам замонавий офисларни кўпайиб, миллийлик бироз камайиб бораётганини пайқаш мумкин. Аммо, миллийлик йўқ дейишдан йироқмиз. Миллийлик руҳини Олмаота марказидаги мустақиллик монументида сезиш мумкин. Унда қанотли барс елкасида тик турган қозоқ йигити тасвирланган. Унинг қўлларида бургут ва камон ўқи бўлиб, бу ҳайкал мамлакат мустақиллигининг рамзи ҳисобланади. Монумент атрофи Қозоғистоннинг турли муҳим тарихий воқеалари акс этган ҳайкал композициялар билан ўралган. Олмаота цирки кўринишида ҳам миллийлик уфуриб турибди. У 1972 йилда қурилган ва ҳозиргача шаҳар кўрки саналади.

2460f13d-aa54-4aad-961a-654efef546c6.jpg

Олмаотанинг энг жозибали жойлари Алатау тоғларидир. Тоғларнинг қўйнида жойлашган “Шимбулоқ” дам олиш масканида тоғ чанғиси билан шуғулланиш учун талаб этиладиган барча замонавий қулайликлар бор.

Троллейбус билан Олмаотанинг марказий масжидига етиб бўлмайди аммо, масжидни ҳам зиёрат қилишдан қочманг. У биздаги масжидлардан оддий ва содда архитектураси билан фарқ қилади. Олмаоталикларнинг айтишича бу Ислом динининг одамларга яқин ва оддийликдан иборатлигига ишора қилади. Масжидда аёллар ва эркаклар учун алоҳида намозхоналар мавжуд.

51b67de9-2f8a-4572-9f26-be61e160e548.jpg

Троллейбусда орқа ўриндиққа жойлашиб, Олмаотани сайр қилиш завқли. Троллейбус менга талабалик давримни ёдга солади. Олмаотанинг бир-бирини такрорламас кўчаларини эса мен негадир Тошкентга ўхшатавераман. Хадра майдонидаги циркка ўхшаб кетувчи Қозоқ цирки, Совет Иттифоқи давридан Тошкентга ёдгорлик қолган фонтанларни ҳам Олмаотанинг фаввораларига қиёслаш мумкин. Йўл четида таксига қўл силтаётган одамлар, троллейбус эшиклари очилиб-ёпилганда чиқиб-тушаётган йўловчилар ҳам бизга бегона эмасдек. Кўп нарсалар ўхшаш ва яқин. Давлатларимиз орасидаги чегаралар шунчаки рамзий у азалий қадрдон бўлган халқларнинг дўстлигига рахна сола олмаган. Бу гапларга ишонмасангиз қўшни давлатнинг олмалар шаҳрига саёҳат қилиб кўринг. Троллейбусда йўл кира ҳақи 100 тенге.

Анора Содиқова,
Тошкент-Олмаота-Тошкент

ЎзА
2 970