ЎзА Ўзбек

10.07.2019 08:36 Чоп этиш версияси

Назгуль Эстемесова: “Ўзбекистон туризм хизматлари бўйича Туркияга етиб олмоқда”

Назгуль Эстемесова: “Ўзбекистон туризм хизматлари бўйича Туркияга етиб олмоқда”


Самарқандда МДҲ мамлакатлари Туризм кенгашининг навбатдаги йиғилиши ҳамда биринчи туристик ярмаркасида турли давлатлардан вакиллар иштирок этди. Айни вақтда уларнинг айримлари билан суҳбатда бўлдик.

Гулчеҳра Исаева, Ўзбекистон хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси раиси:

– Ўзбекистонда биринчи марта ўтказилаётган мазкур ярмаркада давлатлараро сайёҳлик оқимини ошириш, ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш борасида турли битимлар тузилмоқда. Биз ҳам Беларусь ва Арманистон туризм ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик борасида келишиб олдик. Ниятимиз келгусида қўшма тур маршрутлар ишлаб чиқиш. Ваҳоланки, Европада бундай сайёҳлик турига талаб юқори.

Назгуль Эстемесова, Қирғистон курортлар ассоциацияси раис ўринбосари:

– Бизга келган баъзи сайёҳлар юртингизда бўлиб, тарихий ва археологик ёдгорликларни кўришни истайди. Ўтган йили Самарқандга бир гуруҳ сайёҳларни олиб келгандик. Тошкент-Балиқчи йўналишида келиб, Тошкентни айландик, тунда Бухорога бордик. Агарда биз ҳамкорликда ишласак, ҳар жиҳатдан самарага эришамиз. Шу боис юртингизда фаолият юритаётган Атьелерлар уюшмаси билан шартнома туздик. Хусусан, бизнинг тизимимизда 150 ортиқ ташкилот бўлиб, нафақат курортлар, балки оилавий меҳмонхонлар ҳам бор. Яна бир нарсани қайд этишни истаган бўлардим, Ўзбекистон туризм хизматлари бўйича Туркияга етиб олмоқда. Зеро, улар дунёда сайёҳларга хизмат кўрсатишда олдинги ўринларни банд қилган.

photo5271548172717632317.jpg

Фируз Додиев, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари:

– Мазкур тадбирлар ўтган йили Душанбеда ўтказилган МДҲ мамлакатлари Туризм кенгаши йиғилишлари доирасида белгилаб олинган эди. Агар дунё давлатларининг ЯИМга эътибор қилсак, жаҳон савдосининг 7 фоизи ва бандликнинг 10 фоизи туризм соҳаси ҳиссасига тўғри келади. Бунда ҳар бешинчи иш ўрни туризмга тегишли. Дунё давлатларининг 38 фоизи учун сайёҳлик даромаднинг асосий манбаи, 83 фоизи учун эса беш турдаги асосий даромад манбаиларидан бири ҳисобланади.

Шу боис бугун МДҲ давлатларидан келган 70 ортиқ компания вакиллари ўртасида турли форматларда учрашувлар ўтказилди. Илмий -амалий учрашувлар ташкил этилди. Мақсад энг самарали ишлаш тизмини амалиётга татбиқ этиш.


Сайёра ШОЕВА, ЎзА
2 442