ЎзА Ўзбек

25.10.2017 15:57 Чоп этиш версияси

Навоий вилоятида ноанъанавий сайёҳлик тизими шакллантирилмоқда

Мамлакатимизда туризмни янада ривожлантириш, хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, юртимизга келаётган хорижлик сайёҳлар оқимини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Навоий вилоятининг сайёҳлик салоҳиятини юксалтириш, намунали туризм хизматларини йўлга қўйиш, диққатга сазовор жойларга сайёҳлар оқимини кенгайтириш ва халқаро миқёсда самарали тарғиб қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, туризмни ривожлантиришда, аввало, ноанъанавий тарғибот усулларидан фойдаланиш, энг муҳими, сайёҳлик йўналишларини қулай ва ҳар томонлама ихчам ҳолатга келтириш, ҳудуднинг ободлиги ва саришталиги, намунали хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш эътиборли жиҳатлар саналади.

– Туризмни янада ривожлантириш учун халқаро тажрибадан кенг фойдаланилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Навоий вилоятидаги ваколатли вакили Фарҳод Эрназаров. – Хусусан, анъанавий сайёҳлик хизматлари билан бирга, турли ўзига хос йўналишлар оммалаштирилмоқда. Вилоят ҳудудида муқаддас қадамжолар, қадимий обидалар ва экотуризмни ривожлантириш учун қулай манзиллар кўп. Шу боис сайёҳларга намунали хизмат кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, маълум бир ҳудудга келган сайёҳ маҳорат дарслари орқали шу ернинг ўзига хос миллий таомларини тайёрлаш сирларини ўрганиш имкониятига эга бўлаётир.

Вилоятда туристик маҳсулотларни жаҳон бозорига олиб чиқиш, табиий ва тарихий-маданий манзиллар бўйича янги сайёҳлик йўналишларини ишлаб чиқиш, туристик хизматлар сифатини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Нурота туманида экотуризмни ривожлантириш мақсадида хорижий сайёҳлар учун хизмат кўрсатадиган “Ruslan eko service” оилавий корхонаси фаолият бошлади. Бу ерда чет эллик сайёҳлар учун миллий таомларни маҳорат дарслари асосида тайёрлаш ҳамда қадимий Нурота каштачилигининг яратилиш тарихини намойиш қилувчи махсус раста ташкил этилган.

Туманнинг Сентоб қишлоғида 2 та 30 ўринли уй-меҳмонхона ва 25 ўринга мўлжалланган замонавий меҳмонхона қурилиб, фойдаланишга топширилгани вилоятга сайёҳлар оқимини янада кўпайтиришга хизмат қилаётир.

– Сентоб қишлоғида сайёҳлар учун замонавий шароит яратилган, – дейди “Сентоб шахи Мустафо” хусусий корхонаси раҳбари Шодибой Бобоев. – 30 ўринли уй- меҳмонхонамиз сайёҳларга намунали хизмат кўрсатмоқда. Қоя тошларга ишланган V-VI асрларга оид петроглифлар, тоғ тепасидаги кўҳна қўрғон қолдиқлари, XI-XVIII асрларга оид тошга ўйилган ёзувлар, Фозилмон кўли манзаралари сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Хорижлик сайёҳларга малакали таржимон-экскурсовод кўмагида намунали хизмат кўрсатилаётир. Қишлоқ табиатининг ўзи бир ажойиб манзара бўлса, тоғнинг юқори қисмидаги қадимий тош битиклар ноёб тарихдир. Ҳудуд ҳавосининг мусаффолиги, хушманзара табиати ҳар қандай одамга унутилмас лаҳзалар бахш этади. Айниқса, қишлоқ ўртасидаги "Акко" булоғининг шифобахш суви сайёҳлар эътиборини тортади.

Сармишсой ва Айдаркўл атрофида янги туристик инфратузилмани ривожлантириш мақсадида туризмнинг янги турлари ва йўналишларини ташкил этиш чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, “Буюк Ипак йўли – Конимех – Айдаркўл” ва “Навоий – Айдаркўл экотуризм”, “Навоий – Нурота – Руслан эко сервис” ҳамда “Навоий – Тўдакўл” каби янги туристик йўналишлар очилиши режалаштирилган.

Нурота туманидаги Чашма зиёратгоҳи ёнида музей биноси, “Ҳунармандлик маркази” мажмуаси, 50 ўринга мўлжалланган меҳмонхона қуриш лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда. Қизилтепа тумани ҳудудидаги Тўдакўл кўли қирғоқларида меҳмонхона, чўмилиш ҳавзаси, ресторан ва томоша майдони барпо этиш мўлжалланган. Айниқса, сув ҳавзасида қайиқда, чўл бўйлаб туяда саёҳат, балиқ ови, маҳорат дарслари асосида миллий таомлар тайёрлашнинг йўлга қўйилиши сайёҳларга ўзгача завқ улашади.

Вилоятда фаолият кўрсатаётган 20 дан ортиқ меҳмонхона “Е-mehmonxona” электрон ҳисобга олувчи махсус автоматлаштирилган дастурни амалиётга жорий этган. Бу ҳудудда туризмни ривожлантириш, меҳмонхона ва туристик фирмаларда сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш ва аниқ статистик маълумотларни жамлашга хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда вилоятда 421 маданий мерос объекти мавжуд бўлиб, бу масканлар қадимий тарихимиз ва бой маданиятимизни ўрганишга иштиёқманд сайёҳлар учун қизиқарли мавзудир. Айниқса, Қосим Шайх, Мавлоно Ориф Деггароний ва Работи Малик карвонсаройи каби маданий мерос объектлари сайёҳлар билан доимо гавжум.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2016 йилнинг биринчи ярмида вилоятга 1030 нафар хорижлик сайёҳ келган бўлса, 2017 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 4000 дан ошиб кетди. Вилоятга баҳор ва куз мавсумида сайёҳлар оқими кўпайиб, улар айниқса, Айдаркўл атрофидаги “Қизилқум сафари” ва “Спутник Навоий” дам олиш ўтовларида мазмунли ҳордиқ чиқармоқда.

Вилоятда туризм соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, деярли барча меҳмонхоналарда интернет, телефон, факс алоқаси, WI-FI тизими йўлга қўйилган. 10 дан ортиқ фирма ва меҳмонхоналарнинг ўз сайти мавжуд.

Буларнинг барчаси сайёҳлар сонининг ортиши, энг муҳими, аҳоли бандлигини таъминлаш ва келажакда вилоятни сайёҳлар, тарихчи олимлар ва зиёратчилар кўп келадиган ҳудудга айлантиришга хизмат қилмоқда.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
12 535