ЎзА Ўзбек

26.10.2019 Чоп этиш версияси

Моддий маданий мерос объектларини сақлашга хусусий сармоядорлар фаол жалб этилади

Моддий маданий мерос объектларини сақлашга хусусий сармоядорлар фаол жалб этилади

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси расмий сайтида берилган маълумотга қараганда, бугунги кунда Ўзбекистонда 8 208 та маданий мерос объекти мавжуд. Маданий мерос объектларини асрашга доир катта ишлар қилинганлигига қарамай, уларнинг маълум бир қисми ҳануз қониқарсиз аҳволда.

Моддий маданий мерос объектларининг барчасини бюджет ҳисобидан сақлаш имкони йўқлиги сабаб ушбу муаммо ечимини топишга хусусий сармоядорларни жалб қилиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу сабабли Ўзбекистоннинг миллий бойликларини қониқарли ҳолатга келтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 мартдаги қарори билан тасдиқланган Моддий маданий мерос объектларини ва уларга туташ ҳудудларни уларни ободонлаштириш ва зарур ҳолатда сақлаш бўйича инвестиция мажбуриятлари олган ҳолда ижарага бериш тартиби тўғрисида Низомга қўшилган янги (291) бандга кўра, ҳудудида туризм инфратузилма объектлари, шу жумладан, жойлаштириш воситалари бўлган ёки яратиладиган моддий маданий мерос объектлари ўттиз йилгача муддатга, бироқ камида ўн йилга ижарага берилади.

Бунда ижарачилар беш йиллик ижара ҳақига тенг бўлган маблағни ҳудудида ўзлари жойлашган моддий маданий мерос объектларини реставрация ва консервация қилишга йўналтиришса, шунингдек, моддий маданий мерос объектларини сақлаш нормаларига риоя қилишса дастлабки беш йилда ижарага ҳақ тўлашдан озод қилинадилар. Ижара шартномасининг амал қилиш муддатини узайтириш танлов комиссиясининг қарори асосида амалга оширилади.

Асосий мақсад – ижара муддатини узайтириш орқали моддий маданий мерос объектларини қайта тиклашга қўшимча маблағларни жалб қилишдан иборат. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги “Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида, шунингдек Ҳукуматнинг соҳани ривожлантиришга йўналтирилган чора-тадбирларида белгиланган вазифаларда санитар-гигиеник шохобчаларни қуриш, уларни замонавий санитария талабларига мувофиқ эксплуатацияга беришни таъминлаш вазифаси қўйилган.

Тадбиркорларни Ўзбекистоннинг шаҳар ва туманларини санитар-гигиеник шохобчаларни қуришга қизиқтириш мақсадида уларга манфаатли имтиёзлар тақдим этилган. Мамлакат аҳолиси ҳамда юртимиз меҳмонларининг саёҳат қилишларига қулай шароит яратиш ва санитария-гигиена шохобчалар ҳолатини яхшилаш учун бошқа қатор чоралар ҳам кўрилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июндаги қарори билан тасдиқланган тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон аукцион орқали доимий фойдаланишга бериш тартиби тўғрисидаги низомга тегишли ўзгартиришлар киритилди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг илтимосномасига кўра, тадбиркорларга электрон аукционда иштирок этмаган ҳолда, 80 – 100 метр квадрат ўлчамдаги ер участкалари тақдим этилади.

5 301
ЎзА