ЎзА Ўзбек

09.08.2019 Чоп этиш версияси

MICE туризмдан олган даромадидан тўланган солиқнинг 50 фоизи тадбиркорга қайтариб берилади

MICE туризмдан олган даромадидан тўланган солиқнинг 50 фоизи тадбиркорга қайтариб берилади

Кейинги кунларда ОАВ ва халқ орасида MICE туризми ибораси тез-тез айтилмоқда. Бизнес туризми деб ҳам аталувчи бу йўналишда маҳаллий ва халқаро даражадаги конференция, форум, конгресс, кўргазма, семинар ва бошқа тадбирлар (MICE) ўтказилиши учун зарурий инфратузилмани ривожлантириш, мамлакатимизда туризм мавсумининг давомийлигини таъминлаш, кўрсатилаётган хизматлар турларини кенгайтириш ҳамда сифатини яхшилаш кўзда тутилган.

Бунда Ўзбекистоннинг MICE туризми салоҳиятини жаҳон мамлакатлари орасида намоён этиш ҳамда мамлакат қиёфасини ижобий тарзда тарғибот қилиш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис бугун бошланган “Гастро Базар-2019” I - Халқаро гастрономик фестивали доирасида MICE йўналишида маҳорат дарси ўтказиш ҳам режалаштирилган.

– Юртимизда турли семинар ва учрашувлар ўтказишга ихтисослашган давлат ташкилотлари, бизнес марказлар бор, – дейди “Ипак йўли офиси” директори Миртолиб Мирзоҳидов. – Уларда халқаро тадбирлар – маданий, илмий конференция ёки спорт мусобақаси бўлсин ўтказишни ташкил этиш керак?. Бунда нималарага эътибор қилиш зарур?. Мисол учун, дунё миқёсида ўтказиладиган, йирик конгрессни юртимизда ўтказишга жалб этиш учун нима қилиш керак? Бунда хатоларга йўл қўймаслик учун нималарга эътибор қилиш керак? Биз ана шу саволларга жавоб олиш учун эртага бутунжаҳон экспертлари, халқаро конгресс ва комиссиялар уюшмасининг Европа бўйича раҳбарларидан маҳорат дарслари оламиз. Қайд этиш жоизки, бундай маҳорат дарсининг биринчиси Тошкентда ўтказилмоқда.

Айни вақтда юртимиздаги қайси меҳмонхонада 365 кун тадбир ўтказилади. Йўқ, бундай ҳолат кузатилмайди. Агарда бу йўлга қўйилса, меҳмонхоналар фойдаси беш баробар ошиши шубҳасиз. Ёки бирор бир бизнес маркази халқаро миқёсдаги 150 профессор иштирок этадиган конференцияни ютуб олса, беш кунга 300-350 минг доллар маблағ ишлаб олиш мумкин. Агарда Олимпиадалар ўтказилса, қанча кўп даромад келишини тасаввур қилиб кўринг. Тўғри, бу қийин жараён, бироқ йўлга қўйса, катта даромад келтирадиган соҳа ҳисобланади. Агарда Италия, Испания, Дубай ёки Сингапур каби йирик тадбирларни тендерда ютиш даражасига эришсак, юртимиз имижини ошириш, маҳаллий ва халқаро даражадаги конгресс ва кўргазмаларни ташкиллаштириш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларининг даромадини ошириш имконига эга бўламиз. 

Албатта, бу борада фаолият юритувчи тадбиркорларга қатор қулайликлар ҳам яратилган. Мисол учун, 2022 йилнинг 1 январига қадар маҳаллий ва халқаро даражадаги конгресс ва кўргазмалар ташкиллаштириш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари реестрига киритилган тадбиркорлик субъектлари MICE туризми тадбирларини ташкил этишда фойдаланиш учун олиб келинадиган асбоб-ускуналарга белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатларга мувофиқ божхона тўловларидан (божхона йиғимлардан ташқари) озод этилган. Шунингдек, MICE туризми тадбирларини ташкил қилишдан олинган фойдадан тўланган даромад солиғининг 50 фоизи тадбиркорларга йил якунида қайтариб берилади. Ушбу маблағнинг тадбиркорга қайтариб берилиши ишлаб чиқилган қарор лойиҳасида таклиф этилмоқда.

Эртага Тошкентда ўтказиладиган MICE туризмини ривожлантиришга доир маҳорат дарсларида Қозоғистон, Россия, Украинадан ҳам вакиллари келиши кутилмоқда.

18 607
Сайёра ШОЕВА, ЎзА