ЎзА Ўзбек

09.10.2019 Чоп этиш версияси

Меннонит авлодлари вакиллари ташаккур изҳор қилишди

Меннонит авлодлари вакиллари ташаккур изҳор қилишди

Жорий йил баҳорида Хивадаги “Ичан Қалъа” музей қўриқхонасида XIX аср охири - ХХ аср бошларида тақдир тақозоси туфайли Хоразмга келиб қолган ва деярли эллик йилга яқин шу ерда яшаган меннонит немислари ҳаётига бағишлаб янги экспозиция ташкил этилган эди. Бу янгилик хорижий сайёҳлар, айниқса, меннонит немислари авлодлари вакиллари ва тарихчи олимларни қизиқтирмоқда.

Яқинда АҚШ ва Канададан келган бир гуруҳ олимлар, сайёҳлар ва Хивада яшаган меннонит немислари авлодлари вакилларининг ташрифи муносабати билан яна экспозиция ташкил этилди.

Меҳмонлар Оқ-мачитлик немислар экспозициясини томоша қилар эканлар ҳаяжони ва қувончини яширишмади.

- Аждодларимиз хотирасига ҳурмат кўрсатиб, уларнинг турмуш тарзини, қилган хизматларини эъзозлаб келаётган ўзбек халқидан миннатдормиз, - дейди канадалик олим Жемс Жунке.



Гуруҳ ташкилотчиси Жон Шарп эса келгусида музейни янги, нодир экспонатлар билан бойитиш борасида ҳамкорлик қилишини, кўргазмалар яратишда кўмаклашишини таъкидлади. Тез кунларда Канзасдаги музей билан ҳамкорлик меморандуми имзолашга келишилди.

Меҳмонлар ўзбек халқига бағрикенглиги ва меҳмондўстлиги учун ўз ташаккурларини изҳор қилишди. Куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар немислар яшаган Оқ-мачит қишлоғида ҳам бўлишди.



8 997
Шоназар ҚОРИЕВ (сурат), ЎзА