ЎзА Ўзбек

06.03.2020 Чоп этиш версияси

Меҳмонхоналар сони яна биттага кўпайди

Меҳмонхоналар сони яна биттага кўпайди

2019 йилда Бухоро вилоятига ташриф буюрган сайёҳлар сони 3,6 миллион кишини ташкил этган. Шундан 600 мингдан зиёди хорижий туристлардир.

Айни пайтгача вилоятда катта-кичик ҳажмдаги 346 та меҳмонхона негизида 8 мингдан зиёд кишини қабул қилиш қуввати яратилди. Бунинг натижасида маҳаллий аҳоли ва хорижлик меҳмонларга хизмат кўрсатиш сифати янада яхшиланмоқда. Қувонарлиси, меҳмонхоналарнинг қуриб фойдаланишга топширилишида тадбиркорлар фаол иштирок этаётир.

Қадимий “Арк” қўрғонининг рўпарасида миллий меъморчилик анъаналари асосида қад ростлаган мазкур меҳмонхона 44 та шинам ва замонавий хоналардан иборат бўлиб, 100 га яқин сайёҳларга бир вақтнинг ўзида хизмат кўрсата олади.

Жаҳон андозалари асосида жиҳозланган икки қаватли мазкур меҳмонхона Бухоронинг қадимий шаҳар қисмига яқинлиги боис мижозларни ўзига жалб этмоқда.

Шунингдек, меҳмонхонада ресторан, автотураргоҳ, конференция зали каби қўшимча объектлар борлиги меҳмонларга сифатли хизмат кўрсатишга замин яратади.

Меҳмонхонанинг очилишида сўзга чиққан вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида юртимизда, айниқса, воҳада туризмни жадал ривожлантириш, келаётган сайёҳлар сонини ошириш, сайёҳлик инфратузилмасини жадал ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар борасида фикр юритди. Бу борада маҳаллий тадбиркорлар томонидан билдириладиган ҳар бир таклиф, ташаббус қўллаб-қувватланишини алоҳида эътироф этди.

Мазкур меҳмонхонада 20 дан ортиқ бухоролик йигит-қизларимиз муқим иш билан таъминланиши айтиб ўтилди.

6 375
Зариф Комилов, ЎзА