ЎзА Ўзбек

30.10.2014 18:10 Чоп этиш версияси

Мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини акс эттирган видеороликлар

Тошкентда «Янги нигоҳ» видеороликлар танловига бағишланган видеоконференция бўлиб ўтди.

Тадбир Президентимиз Ислом Каримовнинг шу йил 6 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди. Танловдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда ёшлар туризмини ривожлантириш, туман ва шаҳарларнинг сайёҳлик салоҳияти, тарихий обидалар, зиёратгоҳлар, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни тарғиб этиш, медиа маҳсулотларнинг кенг тарқалган тури – видеороликлар ёрдамида мамлакатимизнинг сайёҳлик соҳасидаги имкониятлари ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишдан иборат.

«Янги нигоҳ» танлови “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбектуризм” миллий компанияси, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Фанлар академияси, “Олтин мерос” хайрия жамғармаси, Республика Маънавият тарғибот маркази, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ф.Муҳаммаджонова, “Олтин мерос” хайрия жамғармаси раиси ўринбосари М.Давлатов ва бошқалар ушбу танлов Ўзбекистоннинг бой сайёҳлик салоҳиятини намоён этиш имкониятларини янада кенгайтириб, айни пайтда юртимиз ёшларига туризм соҳасини ривожлантириш истиқболларини ўз нигоҳи орқали акс эттириш имконини берганини таъкидлади.

“Янги нигоҳ” танловида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар иштирок этмоқда. Иштирокчилар “Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини намоён этган энг яхши видеоролик”, “Ўзбекистоннинг экотуризм салоҳиятини намоён этган энг яхши видеоролик”, “Миллий қадрият ва анъаналарни тарғиб этишга қаратилган энг яхши видеоролик”, “Видеоролик сценарийси учун энг яхши ғоя” ва “Ўзбекистоннинг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлари тўғрисидаги энг яхши видеоролик” номинациялари бўйича уч юздан ортиқ видеоролик тақдим этди.

Танлов доирасида «Бунёдкор» ёшлар телеклуби томонидан видеороликлар яратиш бўйича маҳорат сабоқлари ўтказилди. Унда мамлакатимизнинг иқтидорли ёшлари иштирок этди. 

Энг яхши ижодий ишлар www.videotanlov.uz веб-сайтига жойлаштирилди. Бу кенг жамоатчиликка танлов ғолибларини онлайн режимида аниқлаш имконини беради. Барча хоҳловчилар жорий йилнинг 5 ноябрига қадар ўзларига маъқул бўлган видеоролик учун овоз бериши мумкин.

«Янги нигоҳ» танлови ғолибларини тақдирлаш маросими 8-10 ноябрь кунлари Хива шаҳрида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 150 нафар иқтидорли ёшлар иштирокида ўтказилади. Ғолибларга махсус диплом ва совғалар топширилади. 

Бобур Обидов, ЎзА
10 598