ЎзА Ўзбек

05.11.2012 17:51 Чоп этиш версияси

Лондонда Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти намойиш этилмоқда

Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида “World Travel Market – 2012” халқаро сайёҳлик кўргазмаси ўз ишини бошлади. Мазкур кўргазмада Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти ҳам кенг намойиш этилмоқда.

Ўзбекистон сайёҳлик кўлами ва тарихий қадамжолари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи ўн мамлакат қаторидан жой олган. Мамлакатимизда тўрт мингдан зиёд тарихий ва маданий ёдгорлик бор. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси дурдоналари рўйхатига киритилган. Мамлакатимизда сайёҳларнинг қизиқиш ва талабларига жавоб берадиган шарт-шароит мавжуд, соҳа йўналишлари тобора кенгаймоқда. Жумладан, сайёҳликнинг тарихий-меъморий, сафар, спорт, рафтинг, экотуризм, археологик, фольклор-этнографик, агротуризм, соғломлаштириш, маданий ва маърифий каби турлари изчил ривожланмоқда. Мамлакатимиздаги мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳити, дунёга машҳур ўзбекона меҳмондўстлик юртимизга келаётган сайёҳлар оқимини янада кўпайтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Мамлакатимизда сайёҳлик соҳасининг ҳуқуқий асосларини изчил мустаҳкамлаб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори туризм ва туристик инфратузилмани ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш, миллий туристик хизматларни халқаро сайёҳлик бозорларига фаол интеграциялашга хизмат қилади.

Ўзбекистон дунёнинг кўплаб мамлакатларида сайёҳлик соҳасида ўтказиладиган нуфузли халқаро кўргазма, ярмарка ва фестивалларнинг фаол иштирокчисидир. “Ўзбектуризм” миллий компанияси мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини жаҳонга танитишда дунёнинг кўплаб давлатларидаги компаниялар билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўзида Испания, Германия, Россия, Франция, Япония, Италия, Туркия, Латвия каби мамлакатларда ўтказилган сайёҳлик ярмарка ва кўргазмаларида мамлакатимизнинг туристик имкониятлари кенг намойиш этилди. Буюк Британияда ўтказилаётган сайёҳлик кўргазмаси ҳам Ўзбекистоннинг сайёҳлик соҳасидаги салоҳиятини тўла намойиш этиш учун яна бир қулай имкониятдир.

“World Travel Market – 2012” дунёдаги нуфузли халқаро кўргазмалардан бири ҳисобланади. Ушбу кўргазмада икки юзга яқин мамлакатдан беш ярим мингга яқин сайёҳлик фирма ва компаниялар, йигирма уч мингдан зиёд соҳа вакиллари, эксперт ва олимлар иштирок этмоқда. Мазкур тадбир сайёҳлик саноатининг барча замонавий йўналишларини ўзида мужассам этган. Унда бизнес, экзотика, экологик, спорт, круиз, меҳмонхона ва ресторан сервиси, инновациялар ва замонавий технологиялар, соғломлаштириш, онлайн саёҳат, авиаташув каби йўналишларга оид ўнлаб турдаги бўлимлар ишлаб турибди.

Лондонда ўтказилаётган туризм форумида Ўзбекистон миллий стенди ўзининг бетакрор дизайни билан кўргазма иштирокчилари ва меҳмонлари эътиборини жалб қилмоқда. Унда ёрқин миллий матолар, мамлакатимизнинг гўзал масканлари тасвирлари, тарихий обидалар ёрдамида юртимизга хос муҳит яратилган. Ўзбекистоннинг қадимий ва навқирон шаҳарлари, диққатга сазовор жойлари ҳақидаги маълумотлар ва суратларни ўз ичига олган альбомлар, турли буклет ва нашрлар сайёҳлик ярмаркаси иштирокчилари эътиборига ҳавола этилмоқда.

“World Travel Market – 2012” халқаро сайёҳлик кўргазмасида мамлакатимизнинг “Ўзбектуризм”, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, “Ўзбекистон темир йўллари”, “Afsona Travel”, “Orient Voyage”, “Megatour”, “Asiatour” ва бошқа компания ҳамда фирмалари иштирок этаётир.

“Ўзбектуризм” компаниясидан маълум қилишларича, ушбу халқаро кўргазма жаҳон жамоатчилигини мамлакатимиз сайёҳлик саноати имкониятлари билан кенг таништириш, хорижнинг сайёҳлик компаниялари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, икки ва кўп томонлама манфаатли шартномалар тузиш, туристик бизнес ривожининг замонавий тенденцияларини аниқлаш, жаҳон сайёҳлик бозоридаги янгиликлар ва ўзгаришлар билан яқиндан танишиш, бу борада ўзаро фикр ва тажриба алмашиш имконини бермоқда.


ЎзА, Нодира Манзурова
8 187