ЎзА Ўзбек

15.05.2013 19:16 Чоп этиш версияси

Хоразмда сайёҳлик янада ривожланади

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда туризм инфратузилмасини изчил ривожлантириш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бермоқда. Сайёҳлик борасида улкан салоҳиятга эга Ўзбекистон ўзининг замонавий шаҳар-қишлоқлари, тарихий ёдгорликлари, қадимий обидалари, муқаддас зиёратгоҳлари, хушманзара табиати ва файзли гўшалари, бетакрор қадриятлари ва анъаналари билан жаҳон сайёҳларини ўзига тобора кенгроқ ром этмоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудида соҳани комплекс ривожлантириш, ички сайёҳликни тараққий эттириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20 март куни қабул қилинган “Хоразм вилоятида 2013-2015 йилларда сайёҳлик соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори Хоразм вилояти сайёҳлик салоҳиятидан фойдаланишни янада ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш, хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг ҳудуддаги ноёб тарихий-маданий ва меъморий ёдгорликлар билан кенг қамровда танишиши учун янада қулай шароит яратишга хизмат қилади. Ҳужжатда вилоятда сайёҳликни ривожлантириш орқали 2015 йилгача туристик хизматлар ҳажмини 4,9 баробар, экспортни 3,8 баробар, сайёҳлар сонини эса 1,7 баробар ва меҳмонхоналардаги ўринларни 1,7 баробар ошириш кўзда тутилган. Дастур доирасида вилоятда умумий қиймати 86,76 миллион АҚШ долларига тенг икки юзга яқин лойиҳа амалга оширилади. Лойиҳалар маҳаллий корхоналар ва ташкилотлар, тижорат банклари, чет эл сармояси ва грант маблағлари эвазига молиялаштирилади.

– Президентимиз Ислом Каримов томонидан қабул қилинган ушбу қарор вилоятимиз сайёҳлик салоҳиятини янада кенг ишга солишда, мавжуд салоҳият ва имкониятлардан тўлиқ фойдаланишда, хорижий ва маҳаллий сайёҳларни янада кўпроқ жалб этишда муҳим омил бўлаётир, – дейди “Ўзбектуризм” миллий компанияси Хоразм вилояти минтақавий бўлими бошқарувчиси Одилбек Раҳимов. – Сайёҳлик соҳасини ривожлантириш дастури туризм инфратузилмасини ривожлантириш, сайёҳлик иншоотларини барпо этиш ва реконструкция қилиш, транспорт инфратузилмасини тараққий эттириш, ҳудуддаги туристик маршрутлар ва хизматларни такомиллаштириш, сайёҳликнинг янги йўналишларини, маҳсулотлари ва хизматларини ишлаб чиқишни қамраб олгани билан ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Дастур доирасида Хива шаҳрини ривожлантиришнинг бош режаси қабул қилинади. Шаҳардаги барча маданий ёдгорликлар ва сайёҳлик иншоотларида кўрсаткичлар ва ягона намунадаги ахборот стендлари ўрнатилади. Дастур асосида, шунингдек, сайёҳлар учун мўлжалланган транспорт воситаларини харид қилиш, улар учун парк ва техник хизмат кўрсатиш бўлими ташкил этиш режалаштирилган. Тошкент, Самарқанд ва Бухородан Урганчга қатнайдиган поездларнинг ҳаракатланиш даврийлигини ҳафтасига уч маротабагача ошириш кўзда тутилмоқда. Хусусан, яқинда “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси томонидан Тошкент-Самарқанд-Қарши-Бухоро-Урганч йўналиши бўйича ҳаракатланадиган янги “Афсона” махсус саёҳат поезди қатнови йўлга қўйилди. Маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг Хоразм воҳасига саёҳати учун мўлжалланган мазкур поезд қатнови вилоят сайёҳлик салоҳиятини янада юксалтиришга катта ҳисса қўшиши шубҳасиз.

Дастурда Бухоро-Урганч, Париж-Урганч, Милан-Урганч ва Франкфурт-Урганч йўналишида авиақатновларни йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси томонидан сайёҳлик мавсумида Урганчдан Фарғона, Термиз, Қарши, Самарқанд каби шаҳарларга парвозларни йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда. Компания, шунингдек, 2014 йилда Урганч орқали Жанубий-Шарқий Осиё, Европа Иттифоқи, Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари ва Россия шаҳарларига қатнайдиган халқаро авиарейсларни ташкил этади.

Хоразм вилоятида янги меҳмонхоналар барпо этиш ва мавжудларини реконструкция қилиш борасида ҳам катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилади, 2013-2015 йиллар давомида вилоятдаги тарихий-маданий ёдгорликларни таъмирлаш ва атрофини янада ободонлаштириш ишлари бажарилади. Ҳозир янги сайёҳлик йўналишларини ташкил этиш борасида изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Тарихчилар ва археолог олимлар ҳамкорлигида янги – "Антик Хоразм" сайёҳлик йўналиши ишлаб чиқилди. "Хоразмнинг олтин халқаси" деб номланган мазкур йўналиш Ҳазорасп қалъаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли ва Элликқалъа туманларидаги ўнлаб кўҳна қалъа ёдгорликларини ўз ичига олади.

Урганч туманининг Ғойбу қишлоғида “Улли ҳовли туризм” сайёҳлик маркази очилди. Келгусида кўп йиллик тарихга эга бўлган "Кат қалъа", "Калъажиқ" каби қадимий қалъаларни сайёҳлик йўналишларига киритиш, шунингдек, Амударё бўйларида экотуризмни ривожлантириш борасида истиқболли режаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Вилоятда, шунингдек, сайёҳлик бўйича реклама марказини ташкил қилиш, Хоразмнинг туризм имкониятлари тўғрисида маълумот берувчи веб-сайт яратиш, буклетлар нашр этиш, миллий урф-одатлар, қадрият ва анъаналар, фольклор ва этнография, ҳунармандчилик ҳамда ноёб тарихий ва меъморий обидалар тўғрисида хорижий тилларда фильмлар яратиш назарда тутилган.

Давлатимиз раҳбарининг номи юқорида қайд этилган қарори ижросини таъминлаш, воҳа сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида турли кўргазмалар, семинар ва анжуманлар ташкил этилади. Хусусан, жорий йилнинг июнь ойида Хива шаҳрида “Workshop – 2013” минтақавий сайёҳлик форуми ташкил этилади. Илк минтақавий форум ҳисобланган “Workshop – 2013” сайёҳлик мавсумидаги энг муҳим анжуманлардан бирига айланадиган ушбу тадбирда мамлакатимизнинг сайёҳлик соҳасида фаолият юритаётган кўплаб етакчи фирма ва компаниялар, меҳмонхоналар, дам олиш масканлари вакиллари, мутахассислар ва экспертлар иштирок этади ва минтақавий сайёҳликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилади. Жумладан, хорижий сайёҳларни жалб этиш усулларини такомиллаштириш, ички туризмни ривожлантириш, сайёҳлик хизматлари сифатини янада ошириш каби масалалар кўриб чиқилади. “Workshop – 2013” доирасида қатор семинарлар, тақдимотлар ва давра суҳбатлари ўтказиш режалаштирилган.

Қадимий ва ҳамиша навқирон Хоразм воҳаси азалдан ўз кўрки, салобати ва бетакрорлиги билан барчани ҳайратлантириб келган. Бу заминнинг дурдона обидалари, осори-атиқалари, тарихий қадамжолари ва ўзига хос гўзал анъаналари, жаҳондаги қадимий цивилизация ўчоқлари билан тенгма-тенг беллаша оладиган кўҳна маданияти сайёҳликни ривожлантириш учун улкан имкониятлар яратиши шубҳасиз.


ЎзА, Ирода Умарова
10 885