ЎзА Ўзбек

07.06.2013 19:33 Чоп этиш версияси

Хоразмда сайёҳлик ривожланмоқда

Хива шаҳрида 7 июнь куни “Uzbekistan Travel Workshop – 2013” минтақавий сайёҳлик форуми бўлиб ўтди.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 20 март куни қабул қилинган “Хоразм вилоятида 2013-2015 йилларда сайёҳлик соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилган мазкур тадбир “Ўзбектуризм” миллий компанияси, Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ва Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

Анжуманнинг очилишида “Ўзбектуризм” миллий компанияси раиси Ф.Ризаев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда туризм инфратузилмасини изчил ривожлантириш ва ички туризмни тараққий эттириш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини алоҳида таъкидлади. Туризм соҳасида улкан салоҳият ва кенг имкониятларга эга мамлакатимизга келаётган чет эллик сайёҳлар сафи йилдан-йилга кенгаймоқда. Сайёҳликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар жараёнида ҳудудларнинг бу йўналишдаги мавжуд имкониятларини янада кенгроқ ишга солишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг Хоразм вилоятида 2013-2015 йилларда сайёҳлик соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисидаги қарори вилоятнинг сайёҳлик салоҳиятидан фойдаланишни янада ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш, хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг ҳудуддаги ноёб тарихий-маданий ва меъморий ёдгорликлар билан кенг қамровда танишиши учун янада қулай шароит яратишга хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжатда Хоразм вилоятида туристик хизматлар ҳажмини, экспортини, келаётган сайёҳлар сони меҳмонхоналардаги ўринларни сезиларли даражада ошириш белгиланган. Дастур доирасида вилоятда икки юзга яқин лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Биринчи ма рта ташкил этилган “Workshop – 2013” минтақавий сайёҳлик форуми жорий сайёҳлик мавсумидаги энг муҳим анжуманлардан бири бўлиб, ички туризмни ривожлантириш масалалари муҳокамасига бағишланди. Тадбирда мамлакатимизнинг сайёҳлик соҳасида фаолият юритаётган кўплаб етакчи фирма ва компаниялари, меҳмонхоналари, дам олиш масканлари вакиллари, мутахассислар ва экспертлар иштирок этди.

“Workshop – 2013” сайёҳлик форумида мамлакатимиз туризм индустриясининг етакчи мутахассислари минтақавий туризмни ривожлантириш истиқболлари ҳамда соҳадаги долзарб вазифалар юзасидан ўзаро фикр алмашиш имкониятига эга бўлди. Сайёҳлик соҳасида минтақавий брендинг, хорижий сайёҳлар гуруҳларини жалб этиш механизмларини такомиллаштириш, туризмнинг анъанавий ва муқобил турларини ривожлантириш, туристик хизматлар сифатини янада яхшилаш, сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Сайёҳлик форумида иштирокчилар ва туроператорлар ички туризмни ривожлантиришга йўналтирилган янги лойиҳа ва дастурлар, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этилган янги туристик йўналишлар, миллий услубда барпо этилган меҳмонхоналар ҳамда бошқа сайёҳлик иншоотлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди.

– Хоразмнинг кўплаб тарихий масканларида бўлганман, улар ичида Улли ҳовли мажмуаси менда катта таассурот қолдирди, – дейди италиялик сайёҳ Паризе Германа. – Ушбу мажмуа халқингиз бағрикенглигининг яна бир ифодасидир. Мажмуа ходимларининг айниқса, хушмуомала ва меҳмондўстлиги бизга жуда манзур бўлди. Бу ерда миллий халқ ўйинларини томоша қилиб, мумтоз ашулаларни тинглаб, халқингиз ўзининг бетакрор қадриятларини нақадар асраб-авайлашига, юртингиз маданияти боқий ва бардавом эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.


ЎзА, Аҳмаджон Шокиров, Мақсад Хабибуллаев (сурат)
10 661