ЎзА Ўзбек

03.12.2014 11:48 Чоп этиш версияси

“Хива қоракўл” сайёҳлар хизматида

Хоразм вилоятида сайёҳлик соҳаси, жумладан, ички туризмни изчил ривожлантириш, сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 20 мартда қабул қилинган “2013-2015 йилларда Хоразм вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Хоразм ўзининг қадимий обидалари, муқаддас зиёратгоҳлари, хушманзара табиати, бетакрор қадрият ва анъаналари билан жаҳон сайёҳларини ўзига ром этиб келмоқда. 2005 йилда вилоятга 14 000 маҳаллий ва хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 73 мингга етган. Унинг 53 мингдан зиёди хорижий сайёҳлардир.

Вилоятда тарихий-маданий мерос объектларини қайта тиклаш, меҳмонхоналар, ресторанлар ва бошқа туризм инфратузилмаси объектларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ишлари изчил давом этмоқда.

– Президентимиз раҳнамолигида сайёҳлик инфратузилмасининг барча тармоқларини изчил ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди “Ўзбектуризм” миллий компаниясининг Хоразм вилояти минтақавий бўлими бошқарувчиси Одилбек Раҳимов. – Хусусан, сервис хизмати тубдан яхшиланаётир, янги сайёҳлик йўналишлари очилмоқда.

Хоразмнинг тарихий обидалари, муқаддас қадамжолари ва гўзал табиатидан баҳраманд бўлиш истагида келаётган меҳмонларга қирқ тўққизта сайёҳлик ташкилоти хизмат кўрсатмоқда. “Хива қоракўл” фермер хўжалиги қошида ташкил этилган янги сайёҳлик маркази шулардан бири.

Мазкур марказга тегишли биноларда Хиванинг “Ичанқалъа” ва “Дишанқалъа”сидаги тарихий обидалар кўринишини акс эттиришга ҳаракат қилинган. Баландлиги ўттиз олти метр бўлган минора, миллий услубда безатилган ва барча қулайликларга эга ўтовлар хорижлик меҳмонлар қизиқишини оширмоқда.

“Хива қоракўл” фермер хўжалиги раҳбари Дилмурод Оллобергановнинг айтишича, бу ерда сайёҳларга туя ва отда Қизилқум чўли бўйлаб сайр қилиш, марказ ёнидаги кўл узра қайиқларда сузиш, балиқ овлаш, миллий таомлар, қўчқор ва хўроз уриштириш томошаси ва бошқа хизматлар таклиф этилаётир.

Вилоятда туризмнинг ривожланиб бораётгани кўплаб янги иш ўринлари яратиш имконини бермоқда. Мазкур марказда туризм соҳасининг турли мутахассисликлари бўйича маълумотга эга ўнлаб ёшларнинг иш билан таъминлангани бунга яққол мисолдир.

А.Шокиров, ЎзА
13 752