ЎзА Ўзбек

08.10.2019 Чоп этиш версияси

Хавфсиз туризм бошқармаси хизматидан сайёҳлар мамнун

Хавфсиз туризм бошқармаси хизматидан сайёҳлар мамнун

Сурхондарё вилоятида қулай туристик муҳит яратилаётгани, халқаро миқёсдаги фестиваль, анжуман ва спорт мусобақалари ташкил этилаётгани ҳудудга хорижлик сайёҳлар оқимини кўпайтирмоқда. Жорий йилда вилоятда ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ташкил этилгани сайёҳлар хавфсизлиги ва жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини янада оширди.

– Бунинг учун инспекторларимизга қулай шароитлар яратилмоқда, – дейди вилоят ИИБ хавфсиз туризмни таьминлаш бошқармаси бошлиғи, подполковник Ф.Тоиров. – Жумладан, қисқа вақтда Термиз туманидаги ал-Ҳаким ат-Термизий, Шеробод туманидаги Исо ат-Термизий мажмуалари, Термиз шаҳридаги Археология музейи ҳамда “Санъат саройи” мажмуасига 4 та “TOURIST POLICE” кўчма маълумотлар маркази жойлаштирилиб, масъул ходимлар бириктирилди. Бошқа сайёҳлик обьекларида ҳам бу шароитларни босқичма-босқич йўлга қўйиш белгилаб олинган.

Маьлумотларга кўра, вилоят ИИБ хавфсиз туризмни таьминлаш бошқармаси ташкил этилганидан буён 31 минг 864 маҳаллий ва 29 минг 614 хорижлик сайёҳларга хизмат кўрсатди. Эҳтиётсизлиги сабабли йўқолган буюм, ҳужжат ва бошқа моддий бойликларини тезкорлик билан топиб бериб, уларнинг ишончини қозонди. Жорий йилнинг 5-6 октябрь кунлари Термиз шаҳридаги “Алпомиш“ стадионида кураш бўйича Президентимиз соврини учун ал-Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган XIV халқаро турнир бўлиб ўтди. Унда дунёнинг 48 давлатидан 170 дан ортиқ полвон, мураббий, ҳакам ва бошқа меҳмонлар иштирок этди. Уларнинг хавфсизлигини таъминлашга жалб этилган вилоят ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси масъул ходимлари ўз вазифаларини сифатли уддалади. Масалан, 5 октябрь куни Афғонистон Ислом Республикаси фуқароси Мубариз Соҳраб уяли телефонини йўқотиб қўйганини маьлум қилиб, масьул инспекторларга мурожаат қилган. Тезкор ҳаракатлар натижасида меҳмоннинг уяли телефон аппарати зудлик билан топиб берилди.

Халқаро турнирга Бразилиядан келган меҳмон сумкаси ва унинг ичида бўлган фуқаролик паспорти, 2 минг 500 доллар ҳамда 300 ЕВРО пулини, афғонистонлик ҳакам ҳакамлик сертификатини эҳтиётсизлик оқибатида йўқотиб қўйганини маьлум қилади. Вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси масъул ходимлари йўқолган буюм ва ҳужжат жойларини тезкорлик билан аниқлаб, уларни ўз эгаларига топширди.

Вилоятдаги туризм намойиши объектларида сайёҳлар хавфсизлиги ва жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича кўрсатилаётган бундай тезкор, ишончли хизматлар меҳмонларни мамнун этмоқда.

11 350
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА