Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.11.2012 15:59 Чоп этиш версияси

Қизиқарли тақдимотлар, самарали музокаралар ва фойдали келишувлар

Пойтахтимизда “Ипак йўлидаги туризм” ўн саккизинчи Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси якунланди. Анжуманда Ўзбекистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Индонезия, Испания, Россия, Таиланд, Франция, Хитой, Чехия, Словения, Швейцария, Вьетнам, Туркия, Туркманистон, Ҳиндистон каби ўнлаб мамлакатлардан етти юздан ортиқ фирма ва компания вакиллари иштирок этди.

Бу галги халқаро форум иштирокчилар сони ва намойиш этилган лойиҳаларнинг кўплиги, сайёҳлик соҳасининг янги йўналишлари намойиши жиҳатидан алоҳида ажралиб турди.

“Ўзбекистон миллий павильони”да мамлакатимиз барча ҳудудининг сайёҳлик салоҳияти, сайёҳлик фирма ва компанияларининг стендлари кенг намойиш этилди.

– Сирдарё вилоятида экотуризмни ривожлантириш бўйича жуда қулай имкониятлар мавжуд, – дейди “Сирдарётуризм” масъулияти чекланган жамияти бош директори Хайрулла Жўраев. – Ташқи ва ички туризмни тараққий эттириш мақсадида дарё бўйларида дам олиш масканларини ташкил этиш йўлга қўйилган. Бу ерда сайёҳлар балиқ овлаш, сув устида саёҳат, овчилик каби қизиқарли машғулотлар билан шуғулланишлари мумкин. Вилоятимизга Хитой, Малайзия, Япония каби давлатлардан сайёҳлар ташриф буюрмоқда. Ҳудудга сайёҳларни янада кенгроқ жалб қилиш мақсадида тарихий обидалар, музейлар, қадимий тепаликлар қайта тикланмоқда. Тадбир давомида қирқдан зиёд хорижий сайёҳлик компаниялари ва мамлакатимизнинг юзга яқин сайёҳлик агентликлари билан шартномалар имзоладик.

– Ярмарка ғоят самарали бўлди, – дейди “Ўзбектуризм” миллий компаниясининг Наманган вилояти сайёҳлик ва экскурсия бюроси директори Ҳошимжон Ғайбуллаев. – Йигирма бешта хорижий сайёҳлик компаниялари ва қирққа яқин маҳаллий туроператорлар билан шартномалар имзолашга муваффақ бўлдик. Вилоятимизда “Гулшан”, “Чортоқ”, “Косонсой” каби кўплаб соғломлаштириш марказлари мавжуд. Бу тиббиёт туризмини изчил ривожлантириш имконини бермоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудидан бу ерга даволаниш истагида келаётганлар сони кўпаймоқда. Сайёҳликни тараққий эттириш табиий ва маданий меросни асраш, янги иш ўринларини ташкил этиш, аҳоли даромадлари ва фаровонлигини оширишга хизмат қилаётир.

Халқаро ярмарка доирасида минтақавий туризмнинг бугунги аҳволи ва уни ривожлантириш истиқболларига бағишланган форум бўлиб ўтди.
– Ўзбекистонда сайёҳлик тез суръатларда ривожланиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз, – дейди Индонезия сайёҳлик вазирлиги вакили Виллиам Калуа. – Буюк ипак йўли марказида жойлашган мамлакатингизда сайёҳликни тараққий эттириш борасида жуда катта имкониятлар мавжуд. Тарихий обидалар, зиёратгоҳлар, бой маданиятингиз билан танишишга қизиқувчи индонезияликлар кўп. Шу боис Ўзбекистон билан Индонезия ўртасида сайёҳлар алмашинувини янада фаоллаштириш икки мамлакат учун ҳам фойдалидир. Ярмаркада Самарқанд ва Тошкентдаги сайёҳлик фирма ва компаниялари билан икки томон учун ҳам фойдали қатор шартномалар имзоладик.

“Миллий таомлар фестивали”, “Шарқ бозори” экспозицияларида иштирокчилар ўзбек миллий таомлари ва пазандалигимиз ҳақида кенг маълумотга эга бўлдилар. “Ҳунармандлар шаҳри” бўлимида моҳир усталар томонидан яратилган миллий ҳунармандлик буюмлари билан танишдилар.

Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси доирасида энг яхши сайёҳлик йўналиши, энг яхши компания ва меҳмонхона, энг яхши стенд сингари йўналишлар бўйича ғолиблар аниқланди.


ЎзА, Мадина Умарова, Аъло Абдуллаев (сурат)
14 446