ЎзА Ўзбек

26.06.2019 12:27 Чоп этиш версияси

Иссиқкўл сайёҳлик тизими...

Иссиқкўл сайёҳлик тизими...

Кеч тушиб, алламаҳал бўлганида иш тугади. Одамлардан холи йўлакдан оҳиста одимларканман бехосдан телефон жиринглади. Унга жавоб бердим.

– Алло, сенмисан... – нотаниш овоз дағаллик билан. Ўзи шусиз ҳам хунобим ортиб, кетаётганим учунми кимнингдир “сенлаши” малол келди. Нима бешигимни тебратганмисан дедим ичимда. Одамларга нима бўлган ўзи, ҳе йўқ, бе йўқ, сенсирашига бало борми? Ким экан ўзи, деган ўй билан банд эдим...

– Синфдошинг Адиз бўламан, – деди ҳамон қўрслик билан. Бир синфда бирга ўқиб, улғайган қадрдонимнинг овозини эшитмаганимга ҳам кўп йиллар бўлувди. Унинг беҳаловат, бетакаллуфлигидан сергак тортдим. Адизнинг феъл-атвори хос эмас эди-да. Балки, ҳаёт йўлларидаги қоқилиб-суринишлар шу кўйга солгандир-да деган ўй миямга келди. У эса давом этди: – Тинчмисан? – деди гўёки кунора ҳол сўраб тургандек.

– Ёмонмас, – дедим хушламайгина: унинг тун ярмидан оққанда қўнғироқ қилишида бир сир борлигини англаб, тезроқ мақсадга кўчиш илинжида сўзимни мақсад сари бурдим. – Нима гап? – дедим дарров томдан тушган тарашадай. У ҳам дардини айта кетди. Чўл туризми бўйича бошлаган ишида бир-икки маслаҳат сўрагандай бўлди. Адиз бир неча муддат қўшни давлатлар ва Россияда бўлиб туризм бўйича малакасини орттириб қайтган экан. Энди у қўшни давлатлардаги журналистларни ўзи ташкил этаётган туризмни кўрсатиш учун ҳамкорликка чорлаётганини айтиб қолди. Эшитиб хурсанд бўлдим. Прес-тур ташкил қиламан, дейди. Нима эмиш, журналист тарғиботи унинг чўл туризми бизнесида қўл келар эмиш.

Бўлса бордир: бу соҳада унча ҳам уқувли эмасман. Аммо синфдошимнинг туризмга бераётган эътибори мени лол қолдирди. Юртимизда олиб борилаётган туб ислоҳотлар одамлар онгида ўзгариш ясаётганига яна бир карра амин бўлдим. Ҳа, айнан шундай онгий инқилоб мамлакатимиз иқтисодининг жадал ўсиши хизмат қилиши тайин. Айниқса, бу борадаги халқаро ҳамкорлик юксак аҳамият касб этади, албатта.

Иссиқкўлга ўзбек журналистларининг ҳам таклиф этилишидан худди шундай оқилона мақсад кўзланган. Пресс-тур иштирокчиларининг бу борадаги фикрлари билан қизиқдик:

Очилов Абдувоҳид, “Ўзбекистон 24” телерадиоканали ходими:

– Қирғизистон сайёҳлик йўналишида катта ютуқларга эришмоқда. Ўтган йили мамлакатга 7 миллион хорижий турист келган. Бу ушбу давлат аҳолиси сони билан деярли тенг. Тоғлар ва кўлларнинг кўплиги хорижий сайёҳлар эътиборини тортмоқда. Биз Иссиқкўлга автобус билан етиб келишимиз жараёнида хорижий сайёҳларга яратилаётган шароитларга бевосита гувоҳи бўлдик. Хусусан, замонавий автобуслар хизмати, қатнов йўлларининг халқаро меъёрларга мослиги, телефон алоқасида узилишлар бўлмаслиги ва интернет хизматининг арзонлиги сайёҳлар эътиборига сазовордир. Шунингдек, автомобиллар йўллари бўйида меҳмонхоналар бунёд этилгани, овқатланиш масканларининг кўплиги сайёҳларга муносиб хизмат кўрсатишга омил бўлаяпти.

Дилором Раҳимова, Фарғона вилояти телерадиокомпанияси Бош муҳаррири:

– Биз ўзбек журналистлари Иссиқкўл сафарига отландик. Бу Ўзбекистон ва Қирғизистон республикалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг тез суратларда ривожланиб бораётганини англатади. Бугунги кунда туризм бўйича олиб борилаётган янги келишувлар ҳам фикримизнинг яққол тасдиғидир. Жаҳондаги туризм салоҳияти бўйича юқори ўринда турувчи Иссиқкўл дам олиш маскани журналистларнинг таклиф этилгани бежиз эмас. Бу ҳудуд мавжуд имкониятни оммага кенгроқ етказишда асосий мезон саналади. Қирғизистондан нафақат экотуризм, балки, зиёрат туризми ҳам ривожланган. Келгусида юртимизга қўшни давлатлар журналистларини Ўзбекистон сайёҳлик тизимини яқиндан таништириш учун шу каби пресс-турлар ташкил этилса, фойдадан холи бўлмайди, деган умиддамиз.

Ўткир Эшев, Ўзбекистон миллий телерадио компанияси “Спорт” телеканали трансляция ва спорт янгиликлари бош муҳарририяти Бош муҳаррири ўринбосари:

– Узоқ йўл кишини толиқтираётгандек гўё. Лекин Иссиқкўл табиатининг тафти ҳориган дилга ҳузур бахш этади. Бир зумда йўл чарчоғини йўққа чиқаради. Ушбу дам олиш масканига журналистларнинг таклиф этилиши беҳуда эмас экан. Бундай ёрқин табиат ижод аҳлига жўшқин кайфият улашади. Уларнинг бундан-да шиддат билан фаолият олиб бори
шлари учун замин ҳозирлайди, десам сира муболаға бўлмайди.

Ғайрат Ширинов, Ҳотамжон Мамадалиев (сурат) Иссиқкўл, Қирғизистон, ЎзА
1 919