ЎзА Ўзбек

29.09.2017 18:27 Чоп этиш версияси

“Ипак йўлида туризм”: бу йил кўргазмада 32 давлат вакилларининг иштироки кутилмоқда

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ижобий натижаларини бермоқда.

Жорий йил 3-5 октябрь кунлари “Ипак йўлида туризм” деб номланган Тошкент халқаро туризм кўргазмасига бағишланган матбуот анжуманида бу ҳақда сўз юритилди.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Абдуҳакимов, “Миллий туризм маҳсулотларини тарғибот қилиш маркази” давлат унитар корхонаси директори Б.Ражабов ва бошқалар соҳани ривожлантириш, Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари ва обидаларини, маданияти ва санъатини жаҳонга намойиш этиш орқали чет эллик сайёҳлар сафини кенгайтириш ва уларга жаҳон талаблари даражасида хизмат кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлар амалий самаралар бераётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Миллий туризм маҳсулотларини тарғибот қилиш маркази” давлат унитар корхонаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этиладиган мазкур анъанавий кўргазма нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун ҳам катта аҳамиятга эгадир. Ушбу халқаро кўргазма 1995 йилдан буён БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) ҳамкорлигида ўтказиб келинмоқда. Бу йил кўргазмада 32 давлат вакилларининг иштироки кутилмоқда.

– Сўнгги беш йилда мамлакатимизга хорижий туристлар келишининг ўртача йиллик ўсиш суръати 16,8 фоизни ташкил қилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Анвар Темирхўжаев. – Хусусий секторни қўллаб-қувватлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида туристик ташкилотлар сони 1,5 бараварга кўпайди. Бундай натижаларга эришишда Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадимий шаҳарлар, уларнинг туризм соҳасидаги чексиз салоҳияти муҳим аҳамият касб этмоқда.

Кўргазма доирасида “Ипак йўли таъми” номли миллий таомлар фестивали, очиқ майдонда ўндан ортиқ тематик мавзуларда турли таомлар намойиши ва мамлакатимизнинг таниқли ва моҳир ошпазлари томонидан маҳорат дарслари ўтказилиши режалаштирилган.

Шунингдек, “Hosted Buyers” дастури иштирокчиларининг B2B шаклидаги учрашувлари, Хива шаҳрида Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) кўмагида “Халқаро туризмнинг тарихий ривожланишида Ипак йўли” мавзуида халқаро конференция ташкил этилади.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
8 988