ЎзА Ўзбек

16.09.2019 Чоп этиш версияси

Индонезияда ўзбек тили ва маданияти ўқув курси очилди

Индонезияда ўзбек тили ва маданияти ўқув курси очилди

Мутахассисларнинг таъкидлашича, рус шоири А.С.Пушкин ўз ижодида 25 минг, инглиз адиби В.Шекспир 22 минг, испан ёзувчиси Сервантес эса 18 минг сўзга мурожаат қилган бўлса, мумтоз адабиётимизнинг буюк вакили Алишер Навоий ўз асарларида 28 мингдан ортиқ сўз ишлатган экан. Қувонарлиси, бугун ана шундай бой тилимизни ўрганишга бел боғлаган хорижликлар сафи ошиб бормоқда.

Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида фаолият кўрсатувчи “Polyglot Indonesia” ўқув клубида Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчихонаси ташаббуси билан ўзбек тили ва маданияти машғулотлари йўлга қўйилди. Биринчи дарс 15 сентябрда ташкил этилиб, унда талабалар, тадқиқотчи олимлар, бизнес доира ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Машғулот давомида тингловчиларга юртимиз тарихи, маданияти, адабиёти, зиёрат туризми салоҳияти ҳақида маълумот берилган. Шунингдек, тингловчилар ўзбек миллий ошхонаси билан яқиндан танишди.

– 1997-1998 йилларда илмий мақсадда Ўзбекистонда бўлганман, – дейди америкалик тадқиқотчи Скотт Хартманн. – Ўшандан буён 20 йил ўтди. Бугунги дарсда юртингиз ҳақидаги видео ва фото материаллар билан танишиб, яқин кунларда бу диёрга яна боришга қарор қилдим. Ўзбек маданияти, миллий таомларини жуда соғинганман.

Биринчи машғулот якунида ўзбекча ибораларни ёд олган тингловчиларга эсдалик совғалари топширилди.

Мамлакатимизнинг Индонезиядаги элчихонаси маълумотларига кўра, “Polyglot Indonesia” клубида йўлга қўйилган ўзбек тили ўқув курси биринчи машғулотданоқ 70 нафардан зиёд тингловчини қамраб олган. 

14 374
ЎзА