ЎзА Ўзбек

06.03.2019 15:24 Чоп этиш версияси

Ҳиндистонлик сайёҳ Санкет Манжарекар Ўзбекистон автолари, бозорлар ва хорижлик инвесторлар ҳақида гапирди

Ҳиндистонлик сайёҳ Санкет Манжарекар Ўзбекистон автолари, бозорлар ва хорижлик инвесторлар ҳақида гапирди

– Ўзбекистонга саёҳатимиз якунига етай деб қолди. Ўзимизни шунчалик эркин ҳис қилдикки, вақт қандай ўтганини сезмай қолдик.

photo5474623250198800956.jpgИлк таассуротларим билан ўртоқлашай. Биз ички ишлар идораларида сарсон бўлмадик. Рўйхатга олиш тизими электрон шаклда бўлиб, ортиқча вақт йўқотмадик. Бир ҳафта давомида мамлакатингизнинг турли гўзал жойларида бўлдик.

Тошкент вилоятида жойлашган тоғ ёнбағирларига бордик. Бу ернинг ўзгача иқлими, табиати кўнглимиз қулфини очиб юборди. Ўзбекистон ҳақида, бу ерда яшаб ўтган буюк алломалар ҳақида эшитганмиз. Саёҳатимиз давомида Самарқандда ҳам бўлдик. Бу заминдаги тарихий обидаларни зиёрат қилдик. 

Бизга ҳамроҳлик қилган гид мамлакатингиз тарихини шунчалик ёритиб бердики, гўё қадим тарих кўз ўнгимизда қайта жонлангандек бўлди. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мангу қўним топган масканда ҳам бўлдик...

Самарқандга “Афросиёб” электропоездида бориб келдик. Йўл азоби сезилмади. Поездда йўловчилар учун яратилган имкониятлар бизга маъқул бўлди.

Маълумки, ҳинд халқи аччиқ таомларни кўп истеъмол қилади. Ўзбекистонда ҳам ҳинд таомларидан татиб кўрдик. Жуда мазали. Турли миллатга хос миллий таомлар пиширилиши эътиборимизни тортди. Ўзбек миллий таомларидан, айниқса, нориннинг мазаси оғзимизда қолди.

Мен Ҳиндистонда автомобиль савдоси билан шуғулланаман. Шу боис, Тошкентдаги машина бозорига бордим. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автоуловларни Ҳиндистонда ҳам яхши билишади, сифатини юқори баҳолашади.

Мен эса бу ҳақиқатни яна ҳам яқиндан кўрдим, ҳис этдим. Ўзбек автолари ҳар томонлама қулай ва сифатли эканига яна бир бор амин бўлдим.

Бозорларда бўлиб, харид қилдик. “Чорсу”, “Абу-Сахий” бозорлари менда яхши таассурот қолдирди. Самарқанд вилоятида жойлашган бозорлардан осори атиқалар, қадимий буюмлар сотиб олдик.

Мамлакатингизда жуда кўп ислоҳотлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдик. Айниқса, Ўзбекистон улкан қурилиш майдонига айланганини кўрдик. Бундан хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистон иқтисодиёти жадал ривожланмоқда. Яна бир муҳим жиҳат борки, бу хорижлик тадбиркорларнинг Ўзбекистондаги фаолиятига доир. Мамлакатингиз хорижлик инвесторлар учун ҳам катта имкониятлар ҳудудига айланган.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА​​
2 653