ЎзА Ўзбек

26.12.2016 14:55 Чоп этиш версияси

“Туризм тўғрисида”ги қонуннинг Самарқанд вилоятидаги ижроси таҳлил қилинди

Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг “Туризм тўғрисида”ги қонуннинг вилоятдаги ижроси юзасидан ўтказилган назорат-таҳлил фаолиятига бағишланган сайёр йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги вакиллари, вилоятдаги сайёҳлик фирмалари, меҳмонхоналар раҳбарлари, туристик объектлар масъул ходимлари иштирок этди.

Парламент қуйи палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси А.Жалилов ва бошқалар юртимизда туризмни янада ривожлантириш, мамлакатимизни жаҳонда туризм марказларидан бирига айлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади. Ўзбекистон Республикасининг “Туризм тўғрисида”ги қонуни ва соҳага оид кўплаб ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилингани мамлакатимиз сайёҳлик имкониятларидан самарали фойдаланиш, туризм индустриясини такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

– Самарқанд вилоятида 1 минг 105 археологик ва 670 меъморий обида, 37 диққатга сазовор жойлар, 18 монументал, 21 мемориал, жами 1 минг 851 моддий-маданий мерос объекти мавжуд – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қ.Жўраев. – Вилоятда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича 2016-2017 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурига асосан, мазкур объектларда таъмирлаш, реставрация, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилган. Сайёҳлар мобиль қурилма асосида мустақил ҳаракатланиши учун ўзбек, рус ва инглиз тилларида “SAM TOUR” дастури яратилган. Сайёҳлар келадиган объектларга олиб борувчи йўллар босқичма-босқич таъмирланмоқда. Сайёҳлик фирмалари кейинги тўрт йилда хориждан 80 дан ортиқ замонавий автобус харид қилган.

Йиғилишда қонун ижроси юзасидан ўтказилган ўрганиш жараёнида кузатилган камчиликлар, амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга алоҳида эътибор қаратилиб, зарур таклиф ва тавсиялар билдирилди. Вилоятнинг бой туристик имкониятларидан самарали фойдаланиш, сайёҳларга замонавий хизматлар кўрсатиш ишларини такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
10 178