ЎзА Ўзбек

21.12.2012 14:42 Чоп этиш версияси

Ички туризм истиқболлари

Туризм - иқтисодиётнинг юқори даромад келтирадиган ва жадал ривожланаётган йирик тармоқларидан. Айни пайтда, мазкур тармоқ дунё мамлакатлари ва халқларининг маданият соҳасидаги амалий мулоқотида ўзига хос робита вазифасини ўтамоқда. Жаҳон сайёҳлик саноатида туризмдан тушаётган даромад автомобиль ишлаб чиқариш, нефть ва газ саноатидан кейин учинчи ўринда туради. Дунёда туризм соҳасида 195 миллион киши – иш билан банд аҳолининг саккиз фоизи меҳнат қилмоқда. Жаҳон сайёҳлик ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйича сайёҳлар оқими йилига 4-5 фоиз ўсмоқда. 2012 йилда сайёрамизда саёҳат қилувчилар сони бир миллиарддан ошди.

Ўзбекистон – замонавий сайёҳлик инфратузилмасига эга мамлакат. “Ўзбектуризм” миллий компаниясидан маълум қилишларича, 2011 йилда мамлакатимизда бир миллиондан зиёд сайёҳга хизмат кўрсатилган. Бу 2010 йилга нисбатан 5,4 фоиз кўпдир. 2011 йилда сайёҳларга хизмат кўрсатиш ҳажми 8,3 фоиз ошган. Соҳада иш юритаётган хўжалик субъектлари сони ҳам мунтазам ортиб бормоқда. 2011 йилда 124 сайёҳлик корхонаси, жумладан, 55 меҳмонхона ишга туширилган. Бугунги кунда мамлакатимизда ушбу соҳада 865 сайёҳлик ташкилоти – 506 сайёҳлик оператори ва 359 меҳмонхона фаолият юритмоқда.

Мамлакатнинг туристик соҳадаги имкониятларини рўёбга чиқаришда ички туризмни ривожлантириш муҳим ўрин тутади. Зеро, ҳар қандай янги туристик маҳсулотга, аввало, маҳаллий сайёҳларда қизиқиш уйғотиб, сўнгра уни хорижий сайёҳларга тақдим этиш самарали йўл эканлиги халқаро тажрибада тасдиғини топган. Масалан, жаҳон сайёҳлик саноатида етакчи ўринни эгаллаган Испанияда аҳолининг 90 фоизи мамлакат бўйлаб саёҳат қилади. Ушбу давлатга келувчи хорижий сайёҳлар сони эса 2012 йил якуни бўйича 58 миллионга етиши кутилмоқда. Умуман олганда, бирор мамлакат миқёсида туризм интенсивлиги 50 фоиздан ошса, яъни мамлакат умумий аҳолисининг 14 ёшдан катта қисмининг ярмидан кўпи бир йилда ҳеч бўлмаганда бир маротаба саёҳат қилса, бу ўша мамлакатда туризм оммавий тус олганидан далолатдир.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда сайёҳлик соҳасини тараққий эттириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар жараёнида ички туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда ва бу борада қатор ҳудудий дастурлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Сайёҳлик хизматлари кўрсатиш соҳасига маданият, телекоммуникация, савдо, овқатланиш, саноат соҳаси ташкилотлари ҳамда муассасалари, оммавий ахборот воситалари фаол жалб этилмоқда. Мамлакатимизда ички туризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш, ҳудудлардаги сайёҳлик базалари, дам олиш зоналари, пансионатлар, санаторий ва курортлар, рекреацион ва экотуристик ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилаётир.

Бу жараёнда сайёҳлик соҳасининг ҳуқуқий асосини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори туризм ва туристик инфратузилмани ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, миллий туристик хизматларни халқаро сайёҳлик бозорларига фаол киритишга хизмат қилиши шубҳасиз.

– Ҳар бир ҳудуд учун 2011-2012 йилларга мўлжалланган манзилли чора-тадбирлар дастурларида вилоятлар, туманлар, шаҳар ва қишлоқларда ички туризмни ривожлантириш юзасидан амалга оширилиши зарур бўлган аниқ тадбирлар белгилаб берилган, – дейди “Ўзбектуризм” миллий компанияси раисининг ўринбосари Анвар Темирхўжаев. – Ушбу тадбирлар ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос жиҳатлари ва ички имкониятларидан келиб чиққан ҳолда белгиланган. Масалан, тарихий ва меъморий обидалар нисбатан камроқ ҳудудларда фаол турдаги туристик хизматларни йўлга қўйиш, шунингдек, тоғли зоналар, қишлоқ жойларга мўлжалланган алоҳида турдаги туристик хизматларни ташкил қилиш каби вазифалар назарда тутилган. “Ўзбектуризм” миллий компанияси томонидан тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда мазкур тадбирларни амалга ошириш юзасидан муайян ишлар олиб борилмоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар самарасида Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Жиззах ва Хоразм вилоятларида бир қанча ўтов оромгоҳлари, кемпинглар, дам олиш ва соғломлаштириш масканлари барпо этилиб, сайёҳлар учун турли туристик хизматлардан фойдаланиш имкониятлари яратилди.

Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива, Шаҳрисабз, Марғилон сингари шаҳарларимизда халқимизнинг бой тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи қадимий обидалар авайлаб сақланаётганлиги ҳамда миллий ҳунармандлик марказлари фаолият кўрсатаётгани мазкур ҳудудларда нафақат халқаро, балки ички туризмни ҳам жадал ривожлантиришда муҳим омил бўлаётир. Хусусан, Бухородаги маданий ва тарихий ёдгорликлар, жумладан, Масжиди Калон ва Чор Бакр мажмуалари, Баҳоуддин Нақшбанд, Абдухолиқ Ғиждувоний каби буюк аждодларимизнинг қадамжоларини зиёрат қилиш мақсадида минглаб ҳамюртларимиз мазкур вилоятга саёҳат қилмоқдалар. Тегишли ташкилот ва ўқув муассасалари билан ҳамкорликда ички йўналишлар бўйича сафарга чиқиш истагида бўлган юртдошларимиз учун автобусларда имтиёзли нархларда саёҳатлар уюштирилмоқда. Бу юртдошларимизнинг ўлкамиз бой маданий мероси ва қадимий тарихи, шунингдек, истиқлол йилларида шаҳар ва қишлоқларимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мамлакатимизнинг чекка ҳудудлари, хусусан, Оролбўйида ҳам ички туризмни ривожлантириш ишлари доирасида янги сайёҳлик йўналишлари ташкил этилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги қадимий қалъалар ҳамда диққатга сазовор жойлар бўйлаб уч йўналишда саёҳатлар таклиф этилмоқда. Хусусан, Қуйи Амударё давлат биосфера резервати, Устюрт кенгликларидаги сайғоқлар яйлови, Судоче кўлининг сақланиб қолган акваториясига саёҳатлар уюштирилмоқда. “Саҳролар ичра ўтмиш садолари”, “Оролга саёҳат”, “Тилаклар қудуғи”, “Ипак ипи мўъжизаси”, “Қорақалпоғистоннинг қадимий қалъалари” каби дастурлардан иборат йўналишлар сайёҳларга кўпроқ маъқул келмоқда. Ўлканинг бой тарихий ва маданий ёдгорликлари ҳақидаги маълумотларни ўзида мужассам этган Нукус шаҳридаги И.Савицкий номидаги санъат музейида тўқсон мингдан ортиқ экспонат сақланади. Қорақалпоқ элининг миллий безаклари, халқ амалий санъати намуналари, каштачилик буюмлари, миллий либослари сайёҳларнинг эътиборини тортмоқда.

Оролбўйига сайёҳларни янада кўпроқ жалб этиш мақсадида минтақанинг табиий иқлим шароитидан оқилона фойдаланилиб, янги лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Мисол учун, табиий сув ҳавзаларида балиқ, ўрдак овлаш бўйича янги сайёҳлик йўналишлари ташкил этилган. Шунингдек, “Миздақхон қалъа”, “Тупроққалъа”, “Аёзқалъа”, “Чилпиқ” каби қадимий ёдгорликлар, Амударё соҳили бўйлаб экологик турлар ташкил этилмоқда.

– Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда ички туризм изчил ривожланмоқда, – дейди “Аёзқалъа-тур” сайёҳлик компанияси директори Дилбар Каримбердиева. – 1998 йилдан буён фаолият юритаётган компаниямиз Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида жойлашган. Қорақалпоқ халқининг миллий урф-одатлари, анъана ва қадриятларини намоён этган ўзига хос сайёҳлик турлари ташкил этиш орқали хорижий мамлакатлардан кўплаб сайёҳларни жалб этаяпмиз. Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидан Қорақалпоғистонга саёҳатга келувчилар кўпаймоқда, ўз навбатида ҳудудимиз аҳолисининг Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива, Термиз каби шаҳарларимизга саёҳати уюштирилмоқда. Мамлакатимизда сайёҳликнинг, жумладан, ички туризмнинг ривожланиши янги иш ўринлари очилиши, иқтисодиётимизнинг ва халқимиз фаровонлигининг янада юксалишига хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда амалга оширилаётган "Маҳаллий бошқарув тизимини қўллаб-қувватлаш: фуқаролик иштироки ва ҳамкорлик" лойиҳаси олти йўналишдан иборат бўлиб, улардан бири ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилган. Бу борада иккита бошланғич ҳудуд: Жиззах вилоятининг Зомин ҳамда Наманган вилоятининг Чортоқ туманлари танлаб олинган. Мазкур туманлар ички туризмни ривожлантириш учун қулай ҳудуд ҳисобланади. Хусусан, Зоминда рекреацион – дам олиш ва соғлиқни тиклаш мақсадларига хизмат қилувчи кўплаб ресурслар мавжуд. Ҳудуднинг тоғ экотизими, археологик ёдкорликлари у ерда экологик, спелеологик (ғорларга саёҳат қилиш), тарихий, қишлоқ ва спорт туризми – чанғида учиш, пиёда саёҳат, тоғ велосипедини ривожлантириш имконини беради. Лойиҳа ижроси доирасида Зоминда маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун қизиқарли икки туристик йўналиш ишлаб чиқилди. Сайёҳларга юқори даражада хизмат кўрсата оладиган транспорт компаниялари, овқатланиш шохобчалари билан алоқалар йўлга қўйилди. Археологик ёдкорликларга элтувчи автомобиль йўлларида ўзбек, рус ва инглиз тилларида йўл кўрсаткичлар ўрнатилди. 2012 йилнинг ўзида туманда ўн иккита аҳоли уйларида меҳмонларни кутиб олиш учун шароитлар яратилди. Уларда хизмат қилувчи ишчи ва ходимларнинг малакасини ошириш мақсадида семинар-тренинглар ўтказилди. Сайёҳлар табиат қўйнида дам олиш билан бирга, турли маданий дастурлар, масалан, келин салом, бешик тўйи каби миллий маросимлар, шунингдек, маҳаллий таомларни тайёрлаш бўйича маҳорат сабоқларида ва уй юмушларини бажаришда ҳам қатнашиши мумкин. Лойиҳада белгиланган вазифаларга мувофиқ, Зомин туманида ташкил этилган туристик хизматлар мажмуи, туман ҳақида атрофлича маълумот берувчи ахборотномалар, видеоролик, оригинал логотип юртимиздаги маҳаллий сайёҳлик компанияларига тақдим этилди.

Мамлакатимизда ички туризм инфратузилмасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар сайёҳларга қулай шароит яратиш ва уларнинг ўз саёҳатларини мазмунли ўтказишига хизмат қилиши билан бир қаторда Ўзбекистонимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ҳам муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.


ЎзА, Ирода Умарова
17 305