ЎзА Ўзбек

21.02.2019 21:17 Чоп этиш версияси

I Халқаро зиёрат туризми форумини ўтказиш учун нега айнан Бухоро танланганига ойдинлик киритилди

I Халқаро зиёрат туризми форумини ўтказиш учун нега айнан Бухоро танланганига ойдинлик киритилди

Айни вақтда форумнинг VIP иштирокчилари жалб этилган ҳолда маҳаллий ва хорижий ОАВ учун матбуот анжумани ўтказилмоқда.

Унда сўзга чиққан тадбир ташкилотчилари хориждан келган меҳмонлар сонига аниқлик киритишди. Маълум бўлишича, форумда иштирок этиш учун 34та давлатдан 120 нафарга яқин вакил келишибди.

Бухоро вилояти ҳокимининг туризм масалалари бўйича ўринбосари Б.Шаҳриёров ўтган йил давомида юртимизга туристлар қайси мавсумда кўпроқ келишгани, уларни кўпроқ нималар қизиқтиргани бўйича таҳлил ва кузатувлар олиб борилгани ҳақида маълумот берди. Унга кўра ўтган йили Бухорога келган сайёҳлар қарийб 2,5 миллион нафарни ташкил этган.

Форумни ўтказиш учун нега айнан Бухоро танланди, Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари ҳам бунга талабгор бўлиши мумкин эди-ку, қабилидаги саволларга Туризмни ривожлантириш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари в.б. У.Қосимхўжаев жавоб қайтарар экан, бунга Ислом ташкилоти (ISESCO) томонидан 2020 йилда Бухоро Ислом маданияти пойтахти бўлиши ҳақидаги эътирофи сабаб бўлганини қайд этди. Келгусида мазкур форум Самарқанд ва Хоразм вилоятларида ҳам ўтказилиши мўлжалланмоқда.

Шу ўринда қайд этиш жоиз, юртимизда сайёҳлар учун максимал қулай шароитларни яратишга эътибор қаратилмоқда. Хусусан, дунёнинг 45та мамлакати вакиллари Ўзбекистонга визасиз, 76та давлат вакиллари эса енгиллаштирилган электрон виза билан келишларига рухсат берилди.

Кўрилган бу каби чоралар туфайли 2018 йилда келаётган сайёҳлар оқими 2017 йилга нисбатан 199 фоизга ошди. Тур дастурларида Бухоро, Самарқанд, Хива ва Тошкентдаги тарихий масканларга ташриф буюриш, маданий-маърифий масканлар, мадраса, мақбара ва музейларга бориш билан бир қаторда табиат масканларига саёҳатлар ҳам тобора оммалашиб бормоқда.

Сайёра Шоева, ЎзА
9 140