ЎзА Ўзбек

21.02.2017 18:12 Чоп этиш версияси

Бугунги кунда Ўзбекистонда 400 дан ортиқ гид фаолият юритмоқда

Гид – хорижлик сайёҳларда мамлакат, халқ ҳақида таассурот уйғотувчи, маълумот берувчи мутахассис. Шу боис бу касб эгалари ватанпарвар, юксак маънавиятли, билим ва малакали бўлиши зарур.

21 февраль – Бутунжаҳон гидлар ва экскурсоводлар кунига бағишлаб илк бор ташкил этилган Республика гидлар форумида ана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Туризм соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш республика маркази томонидан ўтказилган тадбирда мамлакатимиз сайёҳлик фирма ва компаниялари вакиллари, гидлар, халқаро экспертлар иштирок этди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Шаропов, Туризм соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш республика маркази директори Е.Голишева ва бошқалар Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг аҳамияти, мазкур ҳужжатнинг ижроси доирасидаги долзарб вазифалар ҳақида сўз юритди.

Маълумки, ҳар бир сайёҳ бошқа мамлакат ёки шаҳарга борганида гид ёрдамига эҳтиёж сезади. Гид туристга ҳамроҳ бўлиб, уни меҳмонхонага жойлаштириш, саёҳатларга олиб бориш, турли қизиқарли маълумотлар тақдим этиш ва бошқа катта-кичик ишларни бажаради. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълумотига кўра, бугунги кунда мамлакатимизда 400 дан ортиқ гид фаолият юритмоқда. 2000 йилдан буён Туризм соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш республика маркази соҳа ходимларининг малакасини ошириб келмоқда. Марказ Самарқанд ва Хоразм вилоятларида филиалларига эга, жорий йилда Бухоро, Сурхондарё, Фарғона ва Қашқадарёда ҳам бўлинмалар очилиши режалаштирилган.

– Мазкур соҳада фаолият юритаётганимга ўттиз беш йилдан ошди, – дейди олий тоифали гид Наталья Андреева. – Гиддан талаб этиладиган энг асосий жиҳат – хушмуомалалилик, ташкилотчилик ҳамда ватанпарварлик. Кўплаб шогирдлар етиштирдим. Уларга Ўзбекистонимиз тарихи ва маданияти, меъморий обидалари, диққатга сазовор жойлари тўғрисида тўлиқ ва аниқ маълумотга эга бўлишни, сайёҳларга ўзбек халқининг бағрикенглиги, мамлакатимизнинг бой тарихи ва бугунги тараққиёти ҳақида сўзлаб беришни уқтираман.

– Ўзбекистонда анъанавий маданий-тарихий туризм билан бирга сайёҳликнинг экотуризм, геотуризм, гастрономик, этнографик, экстремал, даволаш-соғломлаштириш, альпинизм каби турлари ҳам ривожланмоқда, – деди Корея Республикаси халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) эксперти Кванг Нам Ким. – 2016 йили мамлакатингизнинг Туризм соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш маркази Туристик гидлар уюшмалари жаҳон федерациясига аъзо бўлгани соҳа ривожига ижобий таъсир кўрсатади. Бугунги форум ҳам Ўзбекистонда гид-йўлбошчи касбининг нуфузини кўтариш ҳамда миллий сайёҳлик маҳсулотларини диверсификация қилиш, рақобатбардошликни оширишга муносиб ҳисса қўшади.

Форумда туризм соҳасини ривожлантиришда гид ва экскурсоводларнинг ўрни, гидлар тайёрлаш ва малакасини оширишнинг инновацион методлари, музей ва туристик гидлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди, гидларга қўйиладиган халқаро талаблар ўрганилди. Хорижлик мутахассислар иштирокида маҳорат сабоқлари ўтказилди.

Севара Алижонова, ЎзА
10 965