ЎзА Ўзбек

14.06.2019 19:46 Чоп этиш версияси

Франция ёшлар билан ишлаш соҳасида Ўзбeкистон тажрибасини ўрганмоқчи

Франция ёшлар билан ишлаш соҳасида Ўзбeкистон тажрибасини ўрганмоқчи

Франция Халқаро бирдамлик ва таълим ёшлар ассоциацияси француз ёшларининг хорижий мамлакатлар ёшлари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш, уларнинг касбий кўникма ва малакасини ошириш, ўзаро маданий ва таълим алмашинувларини ташкил қилишга йўналтирилган фаолият билан шуғулланади.

Ассоциация президенти Алан Пае Ўзбекистон – Франция ёшлари ўртасида ҳамкорликни ривожлаништириш, ёшлар билан ишлаш соҳасида Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш истагида. У ўзининг ушбу йўналишдаги режалари ҳақида оммавий ахборот воситалари билан суҳбатда қуйидагиларни билдирган.

– Бугунги кунда Ўзбекистонда ёшлар сиёсатига алоҳида эътибор берилмоқда. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлари навқирон авлод ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Ўзбекистон ёшлар билан ишлашдаги халқаро ҳамкорлик соҳасида ҳам бой тажрибага эга. Хорижда таҳсил олаётган ва меҳнат фаолиятини олиб бораётган йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни мамлакат ҳаётида кечаётган ислоҳотлар жараёнига жалб қилиш борасидаги ишлар шулар жумласидан. Чет давлатларда ташкил этилаётган Ўзбекистон ёшлар тузилма ва ташкилотлари мамлакат ёшларининг хорижлик ватандошлар билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Шу кабиларни инобатга олган ҳолда ассоциациямиз Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш мақсадида. Жорий йил октябрь ойида ташкилотимиз вакилларининг мамлакатингизга илк сафарини амалга ошириш ниятидамиз. Учрашувлар ва музокаралар чоғида ёшлар туризми соҳасида ўзаро тажриба алмашишларни йўлга қўйиш режалаштирилган. Шунингдек, 2020 йил апрель ойида француз ёшлари делегациясининг Ўзбекистонга навбатдаги сафарини ташкил этиб, Ёшлар иттифоқи билан биргаликда мамлакатнинг бой тарихи ва маданияти билан яқиндан танишиш, биргаликда турли мавзуларда анжуманлар ўтказиш кўзда тутилган.

Туризм соҳасига инновациялар жорий қилиш, сайёҳликни янги йўланишлар ҳисобига ривожлантириш бўйича ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ёшлар хостелларини (Youth Hostels) ташкил этиш ҳам томонлар учун қизиқарли бўлади, деган умиддамиз.

"Дунё" – ЎзА
Париж

ЎзА
4 930