Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.11.2017 14:39 Чоп этиш версияси

Фаёзтeпа – асрлар қаърига саёҳат

Фаёзтeпа – асрлар қаърига саёҳат Фаёзтепа — милодий 1-3 асрларга оид будда монастир-ибодатхона мажмуаси (вихара). Термиз шаҳри яқинидаги эски Термиз шаҳар харобаларининг шимолий ғарбида Қоратепадан бир километр шимолий-шарқда жойлашган.

Фаёзтепанинг очилиши 1968 йил баҳорида чўпон Абсад Бекнаев томонидан мергелий оҳак тошидан ишланган будда санамини кўчма қум устидан топиб, Термиз ўлкашунослик музейига топширишидан бошланди. Ёдгорлик 1968-1976 йилларда археолог Л.И.Албаум томонидан ўрганилди. Фаёзтепа майдони кўчма қумлар уюмидан тозалангач, унинг меъморий тарҳи очилиб, у уч қисмдан иборат монументал иншоот, яъни марказий қисмида – ибодатхона, унинг шимолий ғарбида монастир, жанубий шарқида эса хўжалик қурилиш иншоотларидан иборатлиги аниқланган. Мажмуанинг умумий майдони 1,5 минг квадрат метрга яқин.
Ибодатхона таркибининг асосий қисмларидан бири – ступа бўлиб, у бошқа ибодатхоналардан фарқли ўлароқ, ибодатхона ҳовлисининг марказида эмас, балки унинг ташқарисида, муқаддас саждагоҳ билан бир параллел чизиқда жойлашган. Улар ўзаро ҳовли майдонини кесиб ўтган ғишт ва мергелий тоши тўшалган йўлакча билан боғланган. Ибодатхонанинг муқаддас саждагоҳида Будда ҳайкали жойлашган, саждагоҳ деворлари ранг-баранг деворий суратлар билан безатилган. Деворлар ости бўйлаб ўз вақтида будда ҳайкаллари (баландлиги 4 метр) қўйилган. Кўпчилик ҳайкаллар қизил ранг билан бўялган, сўнг устидан олтин суви юргизилган. Саждагоҳ жанубий деворида қизил кийимда Будда тасвири сақланган. Унинг икки томонидан елкаларига елкапўш ташлаган узун кийимдаги икки нафар одам расми туширилган. Фаёзтепа ҳайкаллари орасида ганчдан ишланган Будданинг бош қисми диққатни ўзига тортади. Унинг тутамланган қопқора сочлари, ҳуснкор чехраси унга гўзаллик бағишлайди. Буддани бундай ишланиши Кушонлар даври ёдгорлигида биринчи бор учраши эди. Ушбу муқаддас саждагоҳ эшиги қаршисида яхлит мергелий тошидан ясалган ноёб санъат асари - триада топилган. Триада марказида ипак мантияга ўралган Будда арка ва муқаддас бодха дарахти шохлари остида ўтирибди, 2 ёнида тик турган роҳиблар эса унга илтижо қилиб турган ҳолатда тасвирланган. Саждагоҳдан иккита Канишка ва битта Васудева тангалари топилган.

Ибодатхона ҳовлиси тўғри тўртбурчак шаклида, майдони 33х20 метр, унинг тўрт томони бўйлаб будда роҳибларининг эшиклари ҳовлига қаратилган хоналари жойлашган. Ибодатхона ҳовлиси ушбу хоналарнинг ҳовли томон деворлари бўйлаб яхлит узун айвон билан ўраб олинган. Айвон деворлари ранг-баранг деворий расмлар билан безатилган. Рангли деворий безаклар айвон деворининг пастки қисмидагина сақланган. Айвон ости бўйлаб супа жойлашган.

Ибодатхона ҳовлисининг шимолий ғарбий қисмида мергелий тош парчаларидан трапеция шаклида қурилган ҳовузча бўлиб, унинг пастки қисмида сув оқизишга мўлжалланиб тешикча ясалган. Тешикча жағлари кенг очилган шер боши қиёфасида ишланган. Бундай ҳовузларда тоза сув сақланган. Шер Кушонлар даври санъатида Будданинг куч ва қудрат тимсоли сифатида ўз аксини топган. Диний мажмуанинг иккинчи қисми монастир бўлиб, у ибодатхона билан ҳовли карби деворидан очилган эшик орқали боғланган. Монастир майдонида жойлашган хоналарда роҳиблар ва монастир талабалари истиқомат қилишган, монастирда ўқув хоналари ва заллари, зиёратчилар тўхтаб ўтадиган ётоқхоналар жойлашган. Хоналар деворларида пилта чироқ ёритқичлари учун токчалар ишланган. Айрим хоналарнинг девори остида Будда ҳайкаллари ва уларни ўрнатиш учун супатагкурсилар қурилган. Демак, роҳиб ва талабалар ҳамда зиёратчи сайёхлар марказий ибодатхонада диний маросимлар тўхтаган вақтда ўз ибодатларини монастир саждагохларида амалга оширганлар.

Ибодатхонанинг жанубий шарқида унинг хўжалик қисми жойлашган. Унинг майдони квадрат шаклида, ҳажми 34,5х33,5 метр. У ибодатхона билан уч эшик орқали боғланган. Ибодатхонанинг хўжалик қисмида 15 та хона очилган, уларнинг кўпчилигида ўчоқ қолдиқлари топилган. Мажмуа деворлари пахса билан тикланган, хоналардаги сўрисупалар ва деворларнинг таъмири ғишт билан ўралган. Ҳамма хоналар сомон сувоқ қилинган, фақат иккита хона деворлари ганч билан сувалган. Бу икки хона ибодатхона хўжалик қисмининг саждагоҳлари бўлган деб фараз қилинади. Иккита хонадан тандир қолдиклари ва қалин кул уюми топилган. Тандирли хоналарни қазиш вақтида кўплаб ҳайвон суяклари, хум, коса, нимкоса, сопол қадаҳ парчалари чиққан. Хумлардан бошқа барча идишлар кулолчилик чархида ясалган ва очқизил рангли ангоб билан қопланган. Сопол сирти арча баргли, дисксимон нақшлар билан безагилган.

Сополлар ичида пилта чироқлар ва сопол қозонлар кўплаб учрайди. Бир хонадан сопол қувур топилган. Фаёзтепага Амударёдан сув келтирилганлигига ишора қилувчи канал изи ўрганилган. Ушбу каналга Амударёдан чиғир орқали сув чиқарилган деб фараз қилинади. Ибодатхона хўжалик қисмининг катта ҳовлиси айланаси бўйлаб кенглиги 0,7 метрли супа қурилган. Уни қазиш вақтида кўплаб турли ҳайвон суяклари топилган, талай сопол коса ва қадах, парчалари учратилган. Ушбу ҳовли Будда ва унинг роҳибларига атаб қурбонлик қиладиган жой сифатида талқин қилинади.

Фаёзтепа мажмуасининг деворлари, асосан, пахса ва ғиштдан қурилган, айниқса, монастир ва ибодатхона деворларининг баландлиги 3 метргача сақланган. Ибодатхона хўжалик қисмининг жанубий-шарқий деворлари яхши сақланмаган. Барча деворлар сомонли лой билан сувалган бўлиб, кўп ҳолларда сувоқ устига оқ рангда жило берилиб, унинг усти рангли расмлар билан безатилган.

Фаёзтепа Эрон сосонийларининг босқинчилик ҳужумлари оқибатида харобага айланган. 5-аср – 6-асрнинг биринчи ярмида ибодатхона вайроналаридан эфталийлар дахма сифатида фойдаланганлар. Араблар истилоси даврида Фаёзтепа бутунлай вайрон қилинган, кейинчалик у кўчма қумлар остида қолиб кетган.


11 533